Ассалому алейкум азиз радиомуҳлисларимиз. Эфирда яна мен Ғолиббек. Бугунги эшиттиришда мен етакчилар ҳақида сўз юритмоқчиман. Етакчи ўзи ким? Етакчи – бу йўлни биладиган, шу йўлдан борадиган ва шу йўлни бошқаларга кўрсатиб орқасидан эргаштира оладиган инсондир. Етакчилик – бу Худодан бериладиган инъомдир, чунки ҳамма ҳам етакчи бўлолмайди. Нима деб ўйлайсизлар, дунёвий билан масиҳий етакчининг орасида қандайдир фарқ борми? Албатта, чунки дунё биринчи ўрнига ўзингни қўй деб айтади, Муқаддас китоб эса ким ўз жонини бошқалар учун бағишласа, бундан ортиқ севги йўқ, деб айтади. Етакчи катта ҳокимиятга ва кучга эга бўлади. Агар у улардан нотўғри фойдаланса, албатта диктаторга айланади. Бундай етакчи мағрур бўлиб фақат ўзи хоҳлаганидек иш қилади. Келинглар буюк етакчимизга Исо Масиҳга қарайлик!
Раббимиз Исо Масиҳ хизмат жараёнида етакчининг янги моделини яратади.
У нафақат яратади, балки Ўзи уни намоён қилади. Матто хушхабарининг йигирманчи бобининг йигирма олтинчи оятда Исо “аммо сизнинг орангизда бундай бўлмасин” деб айтиб, етакчи ҳақида мавжуд бўлган барча тушунчаларни инкор этиб, етакчининг янги турини киритади. Бу куч ва ҳокимиятдан тўғри фойдалана оладиган хизматкор етакчининг модели. Тасаввур қилинг, агар бундай етакчилар ҳар бир ташкилот ва корхоналарни бошқарганда, қандай жамиятни тиклаган бўлардик. Исонинг иккита шогирди Ёқуб билан Юҳанно Осмон Шоҳлигида энг яхши ва баланд ўринларни эгалламоқчи эдилар. Адвокатлари ўрнига улар ўз онасини чақирдилар. Бу ҳақида биз Матто Хушхабарининг йигирманчи бобида ўқиймиз. “Бошқа ўн шогирд буни эшитгач, икки ака-укага аччиқлана кетишди. Исо эса уларни ёнига чақириб, деди: Биласизларки, дунё халқлари устидан салтанатли подшоҳлар бор, эл устидан отабеклар ҳокимлик қилади. Аммо сизнинг орангизда бундай бўлмасин. Орангизда ким катта бўлишни истаса, сизга хизматкор бўлсин. Зеро Инсон Ўғли ҳам Ўзига хизмат қилдириш учун эмас, балки Ўзи хизмат қилиш ва Ўз жонини фидо қилиб, кўпларни қутқариш учун келган”. Кўплари тушунмайди қандай қилиб иккита ролни бирлаштириб бўлади. Ахир етакчи етаклаши, хизматкор хизмат қилиши керак-ку! Агар етакчи хизматкор бўлса, хизматкорлар нима қиладилар ва ким етаклаш билан машғул бўлади?
Дунёда етакчининг икки тури бор. Биринчидан, табиатан кучли етакчилар мавжуд. Улар ҳар қандай вазиятда ҳамма нарсани ўз қўлларига олишга ҳаракат қиладилар, ўзлари қарор қиладилар ва буйруқ берадилар. Улар асосан ҳукмрон қилиш билан ҳаракатга келтириладилар. Етакчининг иккинчи тури ҳам табиатан кучли, лекин улар бошқаларга хизмат қилиш учун ўзларига етакчи ролини оладилар. Исо шогирдларининг оёқларини ювиб бўлгач шундай деди: “Мен сизларга нима қилганимни англадингларми? Сизлар Мени Устозим ва Раббимиз деб айтасизлар ва тўғри қиласизлар, чунки Мен худди шундайман. Шундай қилиб, агар Мен Раббингиз ва Устозингиз бўла туриб оёқларингизни ювган бўлсам, сизлар ҳам бир-бирингизнинг оёқларингизни ювишингиз қарздир. Мен сизларга нима қилган бўлсам, сизлар ҳам ўшани қилишингиз керак. Мен сизларга ўрнак кўрсатдим”.
Шу билан бугунги эшиттиришимизни якунлаб, сизлар билан хайрлашамиз. Худонинг инояти сизларга ёр бўлсин!