Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Яна сизлар билан радио тўлқинлари орқали учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Микрофон олдида мен Ғолиббек. Ҳар бир киши, ким бўлишидан қатъиназар, яхшилик қилиш ва бошқаларга ёрдамлашишга мажбур.
Шу жумладан бизнинг мажбуриятларимиз кўпроқдир. Агар кимгадир яхшилик қилмоқни нимагадир ўхшатмоқчи бўлсак, худди ён атрофга нур сочиб турган қуёш нурларига ўхшатишимиз мумкин. Тасаввур қилинг, қоронғуликда адашиб қолган киши узоқда ёруғликни кўрса, қанчалик қувониб кетишини.
Унинг биринчи қиладиган иши ёрўғлик тушиб турган тарафга қараб боришидир. Шундан кейин ёруғлик таратиб турган кишини ахтариб топишга у билан гаплашишга ҳаракат қилади. Қорронғуликда адашиб юрган инсонлар ҳам худди шу сингари. Шайтонга алданиб қолган инсонлар ҳам қоронғуликда нажот излаб юрибди. Ҳурматли радио тингловчи биродар! Шундай инсонлар ҳар биримизнинг ишларимизни кўриб Худовандга яқинлашадилар.
Чунки Худованд Нур, Унда ҳеч қандай қоронғулик йўқдир. Ҳар бир Исо Масиҳга тегишли бўлган инсон бу дунёда Раббимиз Исо Масиҳ яшагандай яшаши керак. Мақсадимиз, бошқаларга Худонинг севгиси ва кечиримини кўрсатишдир. Шуни доимо ёдда тутмоғимиз керакки, одамлар бизнинг хайрли ишларимизни кўриб, Худованднинг қандай яхшилигини билиб оладилар.
Азизлар, биз амалий равишда бошқаларни қандай севишимиз керак? Биринчидан, Муқаддас Китоб айтганидек, ёмонлик эвазига ёмонлик ила жавоб қайтармаслигимиз зарур. Қўлимиздан келганича бошқа муҳтож инсонларга ёрдам беришимиз керак. Шунда улар бизнинг имонимиз қандайлигини аста билиб оладилар. Айниқса дунёвий дўстларимиз ҳар биримизнинг ҳар бир ташлаётган қадамларимизни кузатиб боришади.
Шунинг учун, айниқса ўз уйимизда доимо болаларимизга ва аёлимизга нисбатан эътиборлироқ бўлишимиз зарур. Майли, у оддий идиш товоқ ювиш бўлсин ёки болаларни ўйнатиб уларга бироз вақт ажратиш бўлсин, хаммаси болаларнинг кўз ўнгида бўлади. Биз ўзбекларда энг оддий яхшилик, қийналган инсонларга бироз эътиборли бўлиш.
Майли, уларнинг уйини тозалаш ёки бир коса овқат билан сийлаш бўлсин, барчаси сиз қилаётган яхшиликларга киради. Яна бир муҳим нарса, бошқа одамлар ҳақидаги ғийбатлардан доимо ўзини четга олиш, бошқаларга яхши ўрнак бўлади. Ҳурматли радио тингловчи биродар! Доимо бошқа инсонлар учун тинимсиз ибодатда бўлинг.
Айниқса улар ҳам нажотга эга бўлишлари учун Худованддан сўранг. Вақти келиб ҳосилини кўрасиз. Азизлар, ўз фикр ва мулоҳазаларингизни бизга мактуб орқали йўллашингиз мумкин. Бизнинг манзил: www.najot.com Шунинг билан бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди, хайр саломат бўлинглар.