3:19

Худога ва дунёга бўлган муҳаббат

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродар. Яна сиз азизлар билан радио тўлқинлари орқали учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Бугун микрофон олдида мен Ғолиббек. Севги ҳақида гапирганимизда ҳар хил одам ҳар хил фикр билдириши мумкин. Лекин асосан бу дунёда, доимо бир-бирини ортда қолдиришга интиладиган севгининг икки тури мавжуддир.

Биринчиси, дунёга бўлган севги, иккинчиси эса Худовандга бўлган севгидир. Бу икки севги доимо инсон юрагида ўзига яраша бир-бири билан жанг олиб боради. Қизиқ, ушбу жангда қайси бири ғолиб чиқиши мумкин? Жавобимиз, албатта, сиз азиз радио тингловчиларга олдиндан маълум бўлса керак. Албатта, қайси бирига кўпроқ эътибор қилса, айнан шуниси ғолиб келиши мумкин.

Албатта, биз инсонлар ўзимиздаги бор куч билан Худованд томонга интиламиз. Бъази пайтларда эса айрим васвасалар олдида ўзимиздаги кучни йўқотиб қўямиз ва маррага яқин қолганида дунёга нисбатан бўлган севги ғолиб бўлиши мумкин. Чунки бутун одамзот шу ерда туғилиб ўз ҳаётини давом эттирар экан, шуни яхши билишимиз керакки, ҳар хил йўллар ва сўқмоқлар орқали ўз кучимиз билан Худовандга сира яқинлаша олмаймиз.

Чунки инсон шу дунёга ипсиз боғлаб қўйилгандек. Лекин бизга биринчи ва тез ёрдам сингари Ўз ёрдамини кўрсатувчи бор. Бу Раббимиз Исо Масиҳдир. Исо Масиҳ ҳар бир ёрдамга муҳтож бўлган инсоннинг олдига кела олади. Фақатгина ўша инсон Уни Муқаддас Исмини чақирса бас. У келганида Ўша биз юқорида айтиб ўтганимиздек ипсиз бу дунёга боғланганларни озод қилади ва ўзининг керакли ёрдамини бера олади.

Шу билан бирга Осмон Шоҳлигига бўлган ва Худога бўлган севгини ҳар бир инсонда ривожлантира олади. Худованднинг олдига келувчи ҳар бир шахс Унга муносиб бўлмоғи керак. Яъни бутун гуноҳларидан воз кечган ва фақатгина Худовандга булган севгига юраги тўлиб тошган инсон бўлмоғи лозим. Лекин бу анча мушкул. Сабаби, биз гуноҳга тўлиб тошган дунёда яшаяпмиз.

Шу ҳаётимиз даврида озми кўпми, баъзи курашларни қабул қилишимизга тўғри келади. Биринчиси, танамиз билан бўлган кураш, яна бири нафс кураши, энг хавфлиси эса иблис билан бўладиган доимий олишувдир. Майли азиз радио тингловчи, кўнглингизни чўктирманг. Бизнинг ёрдамчимиз Худованд ҳеч қачон бизни ёлғизлатиб қўймайди.

Ҳатто енгилиб қолган тақтиримизда ҳам бизни ташлаб кетмайди. Худованд шуни истайдики, мағлуб бўлган инсон яна ўз ўрнидан туриб Худованд томонга боришини ва Ундан ўзига керакли кучни олишини. Азиз дўстлар, шуни билган ҳолда доимо ҳаётимиз даврида бўладиган курашда ғолиб бўлишга интилайлик. Агар енгилиб қолишимизни билсак, дарҳол Худовандни ёрдамга чақиришга одатланайлик. Бугунги суҳбатимизни шу ерда якунлар эканман, ҳар бирингизга доимо ғолиб келиш насиб айласин. Хайр саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top