MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар! Сиз азизлар билан яна радио қаршисида дийдор учрашиб турганимиздан хурсандмиз. Худовандга шон-шарафлар бўлсин! Бугунги эшиттиришимиз давомида мен Ғолиббек сиз азизлар билан бир неча дақиқа давомида бирга бўламан.

Азизлар, қачонлардир кўпчилигимиз бошқа инсонларнинг айби туфайли ота-онамиз ёки ишхонадаги бошлиқларимиз олдида қийин аҳволга тушиб қолган бўлсак керак. Шундай пайтларда кўпчилик инсонлар сизни айбсиз эканлигингизга ишонмайдилар. Нима қилган бўлардингиз? Албатта, турли гаплар билан ўзимизни оқлашга ва айбсиз эканлигимизни исботлашга ҳаракат қиламиз.

Келинг азиз дўстлар, Юсуф билан Пўтифарнинг аёли орасида бўлиб ўтган воқеани кўриб чиқсак. Аслида Юсуф айбсиз эди. Демак ҳеч кимдан қўрқмаса ҳам бўлади. Шундай эмасми? Мана шу дақиқаларда бечора йигит нималарни ҳис қилди экан? Уни ёмон ҳис- туйғулар чулғаб олди. Уни ҳозир Пўтифар чақиришини билиб турганди, шундай бўлди ҳам.

Кўп ўтмай мисрлик қудратли амалдор билан унинг бечора қули юзма-юз турардилар. Хўжайин, хизматкори унинг ишончини шармандаларча оқламаганига амин бўлганди, хизматкор эса ўзини оқлаш учун сўз тополмаётган эди. Юсуф қандай қилиб бегуноҳ эканлигини исботлай оларди, агарда унга айбдор эканлигини кўрсатиб турувчи, инкор қилиб бўлмайдиган далил сифатида ёпинчиғини кўрсатишган бўлса?

Ким ҳам унга ишонарди? Ахир, барча хизматкорлар бекасининг гапларини тасдиқлашди-ку. Агарда Юсуф Пўтифарнинг юрагида севимли хотинига нисбатан заҳарли ишончсизлик уруғини экишни истамаган бўлса, у ҳолда жим туриб азоб чекишдан бошқа иложи йўқ эди. Ғазаби қайнаган хўжайин бошқа қуллар айбли иш қилиб қўйганда улар билан нима қилган бўлса, Юсуф билан ҳам шундай қилди.

Ичиқора хизматкорлар Пўтифарнинг арзандасини олиб кетиб, устидаги кийимини ечиб олишди-да, аямасдан саваладилар. Бироқ унга қамчининг қаттиқ зарбаларидан кўра, хўжайини Юсуфни виждонсиз ёлғончи ва аёлларни йўлдан урувчи киши деб ҳисоблаши, қаттиқ алам қилди. Хўжайинининг олдида ўзини оқлашнинг эса ҳеч ҳам иложи йўқ эди. Юсуф шунча азоблардан кейин зиндонга зиндонбанд қилинди.

У шунчалик ишонган ва содиқ хизмат қилган Худованд қани? Унинг бузилмас, мустаҳкам ишончи қандай тақдирланди? Юсуф отасидан, акаларидан, ватанидан ҳамда озодликдан маҳрум бўлгани етмагандек, энди ор-номусини ва пок номини ҳам йўқотди. Уни шарманда қилдилар, оёқ-қўлини боғладилар, сўнг калтакланган ва касал ҳолича зиндонга ташладилар. Лекин Юсуфга ҳаммаси тугагандек бўлиб кўринган бўлсада у Худованддан умидини узмади. Барча бўлиб ўтган ноҳақликларга Худованднинг кўзи билан қарай бошлади. Аста-секин у барчасини эсидан чиқарди. Азиз радио тингловчи, агар бирон ноҳақликда сизни айбласа, шуни билингки, Худованд доимо сиз билан биргадир. Яна радио орқали учрашгунча хайр.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top