3:17

Қишда қандай овқатланмоқ керак?

MP3

Ассалому алайкум хурматли радио тўлқинларимиз мехмонлари. Эфирда хардойимгидек камина Зафарбек, сизлар билан бугун Қишда қандай овқатланмоқ керак деган мавзуда сўз юритамиз. Ўлкамизда қиш. Бу фасл қанчалик чиройли ва фусункор бўлмасин, ўзига яраша ташвишли томонлари ҳам бор. Яъни, одамларда тез-тез шамоллаш, уйқуга тўймаслик, тушкунлик кайфияти каби салбий ҳолатлар намоён бўла бошлайди. Бунга сабаб нима?

Шифокорлар бу каби ҳолатларни овқатланиш тартибини ўзгартирмаганимиз, яъни ҳамон ёздагидай овқатланишни давом эттираётганлигимиз билан изоҳлайдилар. Ҳақиқатан ҳам шундай. Қиш фасли билан боғлиқ кўпгина муаммоларни овқатланиш тартибига жиддий эътибор берган ҳолда ҳал этиш мумкин, аслида. Яъни, бир одамнинг қиш кунлари таомлардан оладиган ўртача қуввати 2000 килокалориядан кам бўлмаслиги керак. Унинг бу миқдордан кам бўлиши эса танамизнинг чидамлилик даражасини камайтиради. Шунинг учун қиш фаслида кучли парҳездан узоқлашган маъқулроқ. Чунки, бу фаслда танамизга оқсиллар ҳам, углеводлар ҳам кўп миқдорда керак бўлади. Хўш, бу каби зарур моддаларни қаердан оламиз?

Қишда энг кўп хуруж қиладиган зарарли микробларга қирон келтирадиган модда цистеин аминокислотасидир. Биз балиқ, бошоқли неъматлар ва кўкатлар, соя маҳсулотлари, парранда гўшти, пишлоқ ва творог каби маҳсулотлардан керакли миқдордаги цистеинни олишимиз мумкин.

Мутахассислар шамоллашнинг олдини олиш ва даво мақсадида тез-тез товуқ шўрва ичиб туришни маслаҳат берадилар.

Шуни унутмангки, қишда иммунитет тизимини мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада сариқ рангли мева ҳамда сабзавотлар – апелсин, мандарин, лимон, сабзи, ошқовоқ каби неъматлар муҳим ўрин тутади. Бу маҳсулотларда вирусларни қирувчи А, Е, С дармондорилари ҳамда уларнинг сингишига ёрдам берувчи биофлавоноитлар мавжуд. Шунингдек, қиш кунлари тез-тез қатиқ ичиб туриш тавсия этилади. Чунки, қатиқ таркибидаги фойдали бактериялар ичаклардаги шиллиқ парданинг вирусларга бардошлилигини оширади. Дастурхонимиздан тузланган карам, наъматак дамламаси ҳамда лимонли чойни узмаслигимиз лозим. Бу маҳсулотларда организмни қувватлантирувчи С витамини мавжуд ва бу витамин соғлом юришимиз учун жуда зарурдир.

Қишда қуёшли кунлар кам бўлганлиги сабабли инсон танасидаги мавжуд серотонин моддаси камайиб кетади. Бу моддага бўлган эҳтиёжимизни биз ёғли балиқ ёки писта ва зайтун ёғларидан, шунингдек, банан ва шоколад истемол қилиб олишимиз мумкин.

Ҳар кимнинг саломатлиги ўз қўлида эканлигини унутмайлик. Агар биз танамизни турли машқлар билан чиниқтириб борсак ва овқатланиш тартибига риоя этиб, унинг керакли дармондори ҳамда микроэлементларга бой бўлишига эришсак, ҳар қандай касаллик биздан йироқ бўлади. Мана азизлар, буган сизлар билан қишда қандай овқатланиш керак, деган мавзуда сўз юритдик. Кейинги сафар биз албатта соғлиғимизга оид яна бир мавзуда тўҳталиб ўтамиз. Хозир эса хайир, саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top