Ассалому алайкум азиз тингловчи. Бугун биз сиз билан қовоқнинг фойдаси ҳақида сўз юритамиз. Тан олиш керак, кўпчилигимиз қовоққа беписандлик билан қараймиз. Унинг саломатлик учун қанчалар фойдали эканини билганимизда эди, асло бундай қилмаган бўлардик, албатта.
Қадимги мисрликлар ва ацтеклар ҳам, ҳиндлар ва хитойлар ҳам қовоқ етиштиришган. Уни АҚШнинг жануби-ғарбидаги қадимги ғорлардан, Перу ва Покистон даҳмаларидаги қолдиқлар орасидан ҳам топишган. Плиний ва Абу Али ибн Сино ўз рисолаларида қовоққа алоҳида бўлим ажратишган.
Шимолий Америкадан Европага Колумбнинг кемасида етиб келган қовоқ тез орада кўплаб мамлакатларга тарқалиб кетади. Одамлар унинг шифобахш хусусиятлари ва тўйимлилигини дарров пайқашган. Осиёда эса қовоқ қадимдан етиштирилган. Ҳозирги кунга келиб, Антарктидадан бошқа дунёнинг ҳамма жойида қовоқ етиштирилади.
Қовоқ таркибидаги оқсиллар, витаминлар, ферментлар, тузлар, ёғлар уйғун бирлашгани туфайли у осон ҳазм бўлади ва организмга тез сингади. Шу туфайли ҳам болалар ва касаллар учун энг мақбул парҳез таом ҳисобланади.
Ушбу полиз маҳсулоти буткул фойдали – эти ҳам, шарбатию уруғлари ҳам. Бу сабзавотдан таом тайёрлашнинг минглаб усуллари бор. Масалан, Францияда қовоқ палаги ҳам овқат ҳисобланади. Кўм-кўк палак учини кесиб олиб, тозалашади ва тузли сувда пиширишади, қарабсизки, лаззатли таом тайёр.
Қовоқда айниқса калий тузлари, пектин жуда кўп. Пектин моддалари организмга тушувчи заҳарларни ютиб олиш хусусиятига эга. Қовоқ таркибидаги темир моддаси бўйича сабзавотларнинг чемпионидир. Унда В, С, Е, РР витаминлари, каротин моддалар, шунингдек, кам учровчи ва организмда алмашинув жараёнларини тезлаштирувчи Т витамини бор.
Қовоқ мевасининг эти ва шарбати юрак ва жигар хасталикларида пешоб ҳайдовчи восита сифатида, модда алмашинуви бузилганда истеъмол қилинади. Эти ичак фаолиятини яхшилайди, қабзиятда самара беради, организмдаги тузларнинг чиқиб кетишини кучайтиради. Юрак-томир, жигар касалликлари, семизликда қовоқ шарбати яхши самара беради. Қадимда уйқусизликка йўлиққанларга уйқу олдидан қовоқ шарбатини ёки асал билан аралаштирилган дамламасини ичишни тавсия қилишган. Азизлар, кейинги сафар биз албатта соғлиғимизга фойдаси катта бўлган ва ҳалқимизда кенг тарқалган яна бир сабзавот ҳақида сўз юритамиз. Сизлар билан мен Зафарбек эфирда эдим. Хозир эса хайир, саломат бўлманг.