«Бу дунёда ҳамма нарсанинг ўз тайинланган пайти бор, ҳар бир ишнинг ўз вақти бор» Воиз китоби 3:1.
Бир одам менга: «Мен нимаики қилсам Раббимнинг охирги амрига кўра қиламан». Бу гапи мени ўйлантирган эди. Қандай қилиб бир вақтнинг ўзида ҳам шогирд орттириш ҳам имонга киритиш ҳам таълим бериш мумкин. Бироқ унинг гапи тўғрилигига гувоҳ бўлдим. Танишим имонга келмаган, аммо хотини имонли. Ўша одам билан учрашиб, танишим ҳақида айтдим. Биз биргаликда учрашиб гаплашадиган бўлдик. Ўша одам, танишим, хотини мен ва хотиним учрашдик. Унинг таълимотидан кўп нарса ўргандим, ўтирганлар ҳаммамиз дадилландик. Танишим эса имонга келди. Шундагина унинг: «Нимаики қилсам Раббимнинг амрига кўра қиламан», деган гапига тушундим. У бир вақтнинг ўзида ҳам хушхабар айтди, ҳам таълим берди.
Вақтимизни режалаштириш ҳар доим ҳам муаммоли бўлган. Баъзан режалаштирилган ишларга улгуролмай қоламиз. Бу бир-биридан ўзар дунёда истакларимизни амалга ошириш учун вақтимиз етмайди. Ҳамма жавобгарликларимизни амалга ошириш учун ортиқча вақтни қаердан топамиз? Ҳаммамиз учун вақт бир хил. Бироқ вақт бир хил берилган бўлса ҳам нега улгуриш борасида натижалар хар хил. Муаммо усулларда эмас, вақтни ишлата билишда. Биз вақтимизни тўғри ишлата олишимиз учун Худонинг ҳаётимиз учун мақсадларини яхши билишимиз лозим. Муқаддас Калом ўргатганларига кўра яшаш ва шунга кўра режалар тузиш. Шундагина Худонинг иродаси ҳаётимизда кўринади. Кўпинча бирор нарса қарор қилишдан олдин Худо билан маслаҳатлашмаймиз. Худодан олдин ўзимиз қарор чиқариб оламиз.
Вақтни режалаштириш ва уни ишлатишдан олдин ҳаётда яшашдан мақсадимизни аниқлаштириб олиш, вақтимизни унумли сарфлашнинг гарови бўлади. Икки киши суҳбатлашишяпти: «биринчиси — Қаердамиз? Иккинчиси: — Қаерга кетаяпмиз ўзи? – Билмайман. Унда фарқи йўқ.» Агар қаерга кетаётганимизни билмасак, қаерда эканлигимизнинг ҳам аҳамияти қолмайди. Мақсадимизни аниқ билсаккина, қаерга кетаётганимизни биламиз ва вақтимизни тўғри ишлата оламиз. Мақсадимиздан ҳаётимиздаги энг аҳамиятли нарсалар маълум бўлади. Энг аҳамиятли нарсалар маълум бўлгач эса режаларимиз ва вазифаларимиз аниқ бўлади. Худованд Ўз режаларини амалга ошириш учун ҳар доим етарли вақт билан таъминлайди.
Биз эса фақат ўша вақтни самаралироқ ўтказишимиз керак ҳолос. Ҳар сафар нотўғри йўлдан эҳтиёт бўлишимиз керак. Баъзан вақт жуда тез ўтгандай туюлади, баъзан эса жуда секин. Ниманидир кутаётганимизда вақт секин ўтаётгандай бўлади. Аслида эса ундай эмас. Вақт шиддат билан, тўхтамай ўтиб кетмоқа. Поездга кеч қолдингизми, поездингиз кетиб қолади. Уни ортга қайтаришнинг иложиси бўлмайди. Ҳаётимиз ҳам шундай, уни ортга қайтариб, хатоларимизни тўғрилашнинг ҳам иложи йўқ. Сарфланган вақтни ортга қайтариб бўлмас экан, уни қандай унумли бошқариш мумкин? Вақтни ортга қайтариб бўлмайди, бу рост, лекин унга таъсир ўтказиш бизнинг қўлимизда. Худо биздан вақтимизни Унинг иродасига кўра сарфлашимизни истайди.