3:42

Худонинг ўзгармас муҳаббати

MP3

Ассалому алайкум қадрли биродарлар. Бугун хам сизлар билан ўтган сафарги мавзумизни чуқурроқ давом эттирамиз. Суҳбатимизни давом эттиришдан олдин Муқаддас Каломдаги мана бу оятни яна бир бор ёдга олсак: Мен аминманки, на ўлим ва на ҳаёт, на фаришталар ва на жин ажиналар, на ҳозирги ва на келгуси ҳодисалар, на баландликлар ва на чуқурликлар ҳамда на яратилган бошқа бирон мавжудот Раббимиз Исо Масиҳ шахсидаги Худо севгисидан бизни жудо қилишга қодир эмас. Ҳаётимизда турли хил ҳолатлар, шароитлар бўлади. Баъзан уларга чидашнинг иложи йўқдай. Бунга кучимиз етмайдигандай. Айнан шундай пайтларда Худонинг ёрдамига муҳтожлик сезамиз. Унинг бизда мана шу қийинчиликни олиб ташлашини кутамиз. Бироқ Худованд ҳар доим ҳам бизнинг елкамиздаги оғирликни олиб ташламайди.

Оғир пайтларда, қийналаётганимизда Худонинг муҳаббати ҳақида ўйлаш оғир бўлади. Худонинг бизга бўлган муҳаббати ўзгармаслигига шубҳа қила бошлаймиз. Унинг муҳаббати ўзгармас эканлигига ишониш қийин бўлиб қолади. Аммо сизга ишонч билан айтаман-ки, шундай қийин ҳолатларда ҳам Худонинг ҳақиқатига бўлган ишончини сақлаб қолганлар бахтиёр бўлган эдилар. Юсуф ёдингиздами? Қийин ҳолатлар унда жуда кўп бўлган. Акалари уни Мисрга сотишди. Мисрда Пўтифарнинг уйида ноҳақ айбланиб, қамоқхонага тушди. Худо унинг бир неча йиллар қамоқхонада ётишига йўл қўйиб берди. Унинг ҳолатида қандай қилиб Худонинг ўзгармас муҳаббатига ишониш мумкин? Бироқ Юсуф ишонди. Ишончи туфайли қийинчиликларни енгди. Қийналганингизда ҳам бошқа пайтларда ҳам Худонинг ўзгармас муҳаббати ҳақида ўйлаганингизда Забур 50 сано 8 оятни ёдга олинг:

«Сен кўнгиллардан ҳақиқатни қидирасан, Яширин қалбимга ҳикматни ўргатасан.” Кўнгиллар бу бизнинг юрагимиз ва онгимиздир. У бизнинг онгимиздан ҳақиқатни қидиради. Инсоннинг истаги нима? Инсоннинг истаги садоқатли севги. Маталлар 20 боб 6 оятда эса шундай ёзилган: « Кўпчилик ўзини содиқ деб айтади, ҳақиқатдан ҳам садоқатли бўлганни топиб кўр-чи!” Садоқатли деган сўз ўзгармас деган маънони англатади. Ҳаворий Павлус Агапе деган илоҳий муҳаббатни изоҳлаганда унинг фақат Худовандга ҳос муҳаббат эканини таъкидлаган эди. Муқаддас Каломда учрайдиган «Худо — севгидир”, деган иборани тўғридан тўғри тушуниш мумкин эмас. Бу ибора Худонинг севгучи шахс эканини билдиради. Худода бўлган севги эса бошқа ҳеч қандай севгига ўхшамайди. Бу ўша – Павлус айтган илоҳий севги. Биз эса Худовандга ўша севгисини жойлаштирадиган идишлар бўлишни сўраб илтижо қилишимиз керак.

Аввало Худонинг севгисини бошқаларга беришдан олдин, ўзимиз ўша севгига тўлиб олишимиз лозим. Худованд сиз-у бизни комил севги билан севади. Шу жойда 1 Юҳанно 4 боб 18 оятни ўқиймиз: «Севгида қўрқув йўқ, аксинча комил севги қўрқувни қувиб чиқаради. Қўрқоқ кишида севги камолотга етмаган, чунки қўрқув жазо тушунчаси билан боғлиқдир.” Сиз қачондир бўлса ҳам бирор киши сизни севмай қўйишидан қўрққанмисиз? Бундай қўрқувни бошидан кечирганлар унинг қандай бўлишини яхши билишади. Шундай ҳолатга тушганлар бор. Худованднинг Ўзи бунга йўл қўйган. Шундай қийин ҳолатлар орқали Худованднинг ўзгармас муҳаббати ҳақида кўпроқ ўрганамиз, ҳис қиламиз ва Унинг муҳаббати орқали ичимиздаги қўрқувни енга оламиз. Азизлар кейинги сафар сизлар билан ўзгармас муҳаббат берадиган эркинлик ҳақида суҳбатлашамиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top