Ҳар бир киши ҳаёти давомида жуда кўп хонадонларга ва турли хил ерларга меҳмондорчиликка боради. Баъзида меҳмондорчиликка борган еридан кўнгли тўлиб, қайтса, баъзида меҳмондорчилик татимагандек ҳориб қайтади. Бу борилган ернинг мезбонлари қандайлигидан дарак беради. Меҳмон бўлиш ҳам мезбон ҳам осон эмас бунинг учун катта санъат сабр-тоқат ва кенг феъл эгаси бўлиш лозим. Аммо бир одамда ҳар доим ҳам бу уччала сифатларни топиш қийин бўлади. Мабодо, бирор жойга меҳмонга бориб қолсангиз, у хонадоннинг бекаси сиз билан очилиб гаплашмади, бу билан сиз хонадон бекасини айблай олмайсиз. Атрофимизда ёки яшаш жойимизда одамлар қанча бўлса уларнинг ҳарактерлари ва дунёқараши ҳам турлича. Шунинг учун баъзи одамларни шундайлигича қабул қилиш ва танқид қилмаслик керак. Киши биринчи марта меҳмон бўлган жойида, мезбонинг қандайлигини дарҳол билолмайди. Бунинг учун бир неча марта учрашиш ва суҳбатлашиш лозим. Менинг бир дугонам бор. У менга аслида ҳам опа ва ҳам ўқитувчи кабидир. Чунки биз жуда яқин бўлиб кетишдан олдин, у менинг ўқитувчим бўлган. Кейинроқ эса опа-сингилдай ва дугоналардай муносабатда бўлдик. Дастлаб уни кўрганимда, бир оз мағрурроқ экан, деб ўйладим. Кейинчалик уйига борганимда эса, мулозаматни билмас экан, меҳмон келганда уй бекаси бир оз мулозамат қилиш керак-да, деб ўйладим. Аммо тез-тез уйларига борганимда билдимки, у мулозаматни билмаса ҳам жуда кенг феъл эгаси эди. У уйига келган ҳар бир меҳмонни ажратмасди, уйида борини ва ҳатто ортиғини ҳам қўйишга ҳаракат қиларди. У жуда очиқкўнгил, ва мард аёл. У доимо дилида борини гапиришга ўрганган. Вақт ўтган сари шуни билдимки, бирор жойга меҳмонга борсанг, у ердаги мезбоннинг сенга мулозамат қилмаётганидан ёки ўта хушмуомала бўлмаганидан хафа бўлмаслик керак. Мезбон қандай бўлса, уни шундайлигича қабул қилиш ва унинг меҳмодўстлигидан миннатдор бўлиш лозим экан. Чунки у қандай бўлмасин, мени меҳмон қиляпти-ку.
Ҳар бир халқнинг, юртнинг ўз одатлари, меҳмондўстлик ҳислатлари бор. Бир юртдаги меҳмондўстлик бошқа бир юртдаги меҳмондўстликка ўхшамайди. Узоққа бориб нима қиламиз, келинг турли хил меҳмондўстликка ўзимиздан мисол келтирсак. Масалан Ўзбекистонда 12та вилоят бўлса, ўн икки хил меҳмондўстлик одати бор. Уларнинг ҳар бири меҳмонни иложи борича мамнун қилиб жўнатишни истайди. Масалан водийдан Хоразм вилоятига борган киши, у ердан бир оз хафа бўлиб келиши аниқ. Чунки у водийдаги мулозаматга ўрганиб қолган. Хоразмда эса меҳмоннинг олдига «олинг” деган сўздан бошқа ҳамма нарсани қўяди. Уларнинг фикрлаши водийдаги кишиларнинг фикрлашидан мутлақо фарқ қилади. Улар меҳмоннинг олдига ҳамма керакли нарсаларни келтирдик. Мана шунинг ўзи “ол” деганимизда, дейишади. Водийда эса аксинча меҳмон баъзида ҳадеб қўл узатишдан уялиши мумкин, шунинг учун ҳам «олинг, олинг” деб туришимиз лозим, деб ўйлашади. Нима бўлганда ҳам меҳмонга борганда доимо мезбондан миннатдор бўлиб кетинг.