3:35

Меҳмон кутиш 2 қисм

MP3

Ассалому алайкум азиз биродарлар. Меҳмон кутиш ҳақида Муқаддас Каломда ёзилганларини жуда яхши биласизлар. Шунга қарамай биз бугун шу мавзу ҳақида яна ҳам кенгроқ ва бир оз қизиқроқ суҳбат олиб бормоқчимиз. Ўтган суҳбатимизда меҳмон кутиш орқали Худони улуғлаш ҳақида айтиб ўтган эдик. Бу ҳақиқатда шундай бўлиши керак. 1 Коринфликлар 10 боб 31 оятда: «Шундай қилиб ейсизларми, ичасизларми, нимаики қилсангизлар Худони улуғлаш учун қилинглар.” Демак ҳаётимиз давомида нимаики қилсак Худони улуғлаш учун қилишимиз керак экан. Бу бизнинг ҳаётдаги мақсадимиз. Демак Худони улуғлаш учун меҳмон кутиш айни муддао бўлади. меҳмон кутар эканмиз меҳмонларнинг хоҳишларига қараб, уларга хизмат қиламиз. Улар сиздан Худонинг каломларини тингламоқчи экан, уларнинг хоҳишларини бажаринг. Меҳмон кутган пайтда меҳмон билан чин дилдан суҳбатлашиш, муаммоларни ҳал қилишга ёрдам бериш, қувончли воқеага бирга хурсанд бўлиш, таом ва суҳбатдан сўнг турли хил ўйинлар ўйнаш ва китоб ўқиш мумкин. Келадиган меҳмон ҳам меҳмонга келаётганда Худони улуғлаш ҳақида ўйлаши керак. Ҳар иккала томон ҳам бир мақсад ҳақида ўйласа, Худо албатта улар орқали улуғланади. Римликларга 12 боб 13 оятда: «Меҳмондўст бўлишга жон куйдиринглар”, — деб ёзилган.

Имонлилар нозири бўлиш учун ҳам бир нечта шартлар бор. 1 Тимўтий 3 боб 2 оятда ёзилишича нозир қуйидаги сифатларга эга бўлиши шарт: “Фақат шарт шуки, нозир, беайб, бир хотинли, ўз меъёрини билувчи, вазмин, адабли, меҳмондўст, таълим беришга қобилиятли бўлсин.” Демак шунча шартлар ичида меҳмондўст бўлиш шарти ҳам бор экан. Худонинг жамоатини бошқарадиган одам албатта меҳмондўст бўлиши керак. Бу Муқаддас Каломда ёзилган шартлардан бири. Чунки Меҳмондўстлик билан Худо номи улуғланади. Уйимизга ким келишидан қатъий назар, яхши мезбон бўлсак, уларни яхши кутиб олиб яхши меҳмондўстлик қилсак, шу орқали ҳам уйимизга келганларга Худонинг нурини кўрсатиш имкониятига эга бўламиз. Титус 1 боб 6, 8 оятда ҳам шундай ёзилган: «Сен тайин қиладиган одам…меҳмондўст, ҳайрихоҳ, вазмин, одил, пок кўнгилли ва нафсини тиядиган одам бўлсин.” Бу парчалардан фақат жамоат нозирлари шундай сифатга эга бўлишлари шарт экан, деган хулосага борманг. Худонинг ҳар бир хизматкори меҳмондўст бўлиши керак. Бу сўз Муқаддас Китобда жуда кўп бор такрорланган. Ҳар бир жойда, “меҳмондўст бўлинглар, меҳмондўст бўлишга жон куйдиринглар, ўзаро зорланмай меҳмондўстлик қилинглар” каби жумлалар бор. Буларнинг бари биз учун ёзилган. Бу сўзларга эътиборсиз бўлмайлик. Халқимизнинг меҳмондўстлик удумига Худонинг кўзи билан қараб, бу удумни яна ҳам мазмунли қилайлик. Чунки бу ҳам хайрли ишга киради. Ҳайрли ишларимиз орқали эса Отамиз Худованднинг номи улуғланишини унутмайлик. Бугундан бошлаб меҳмондўстлик қилишга, шу орқали Отангизнинг номини улуғлашга астойдил киришасиз деган умиддамиз. биз эса сизларга бу йўлда ғайрат ва сабр-тоқат тилаб бугунги суҳбатимизни якунлаймиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top