Ассалому алайкум. Оталар фарзандлар тарбия қилиш фақатгина аёлларимизнинг эмас, бизнинг ҳам бурчимиз эканини яхши биламиз. Яхши билган ҳолда бу нарсага бефарқ қараймиз. Орамизда: «Ана, аёлим бор-ку, куни билан уйда ўтиради ўша тарбияласин”, — дейдиганлар 90 фоизни ташкил қилади. Фарзандимиз мактабда бирон бир ножўя иш қилса, «Мана сени берган тарбиянгнинг оқибати, болага тарбия беришни ҳам билмайсан”, дея аёлини жеркийдиганлар ҳам кўп. Аммо ўғил яхши иш қилса: «Ота ўғил, биззи ўғил-да бу”, деймиз гердайиб. Бундай дейишимизга сабаб, фарзанднинг тарбиясига оталар биринчи ўринда масъул бўлишини билдиришдир.
Фарзандни дунёга келтиришда бевосита иштирок этдингизми? Оиланинг бошлиғи сизми? Ва қолаверса Худованд фарзандларни сизга омонат қилиб бердими, демак уларнинг тарбияси учун ҳам энг катта маъсулият сизга тушади. Фарзандлар қандай ҳолатда жиноятчи ва безори бўлиб қолишларини билишни истасангиз қуйидаги қоидаларни эшитинг.
Гўдаклигидан у хоҳлаган ҳамма нарсани муҳайё қилинг. Шу тариқа бола: “Атрофимдагилар менинг яшашим учун ҳамма нарсани муҳайё қилишлари шарт”, деган фикр билан улғаяди.
Болангиз ёмон сўзлар ишлатса, кулинг. Шунда у айтаётган сўзларим қизиқ экан, деб ўйлайди. Бу эса унинг яна ҳам ёмонроқ сўзларни ишлатишига сабаб бўлади. Кейинроқ эса бу сўзларни сизга ҳам ёғдиради.
Ҳеч қачон болага руҳий тарбия берманг. 21 ёш бўлгунча кутинг, кейин эса ҳамма нарсаларни ўзи қарор қиладиган бўлсин.
Оилада фарзандингизга «бу ишинг нотўғри”, “бундай қилиш ёмон”, деган сўзларни ишлатманг.
У сочиб ташлаган ҳамма нарсани йиғиштириб юринг. Унинг ўрнига ҳамма ишни ўзингиз бажаринг. Шунда ўзидаги жавобгарликни бошқаларга юклашни ўрганади.
Тўғри келса-келмаса ҳамма нарсани ўқишига ва кўришига рухсат беринг. Шунда унинг мияси ахлат челагига ўхшаб қолади.
Фарзандингиз олдида эр-хотин жанжаллашиб туринглар.
Болага истаганича пул беринг. Ҳеч қачон ўзи ишлаб топишига ўргатманг.
Унинг ҳар қандай истагини қондиринг, ширинликлар сотиб олиб беринг, турли хил ичимликлар олиб беринг. Шу нарсалар билан уни тинчлантиринг. Ҳеч қачон унинг истакларини рад этманг.
Қўшни болалар, мактабдошлари билан уришганида унинг тарафини олинг.
Қандайдир ёмон иш қилганида унинг учун сиз жон куйдиринг. Агар юқоридаги ишларни қилсангиз, ҳеч шубҳасиз фарзандингиз ғирт безори бўлиб улғаяди. Сиз шуни истайсизми? Истамасангиз фарзандингиз тарбияси билан жиддий шуғулланинг.