Ассалому алайкум оталар. Биз бу сафарги оилавий ҳаёт рукни остидаги радио эшиттиришимизни оталарга бағишладик. Отанинг оталик вазифалари, унинг хонадон руҳонийси сифатидаги вазифалари ҳақида гаплашдик. Бугун эса эркак кишининг оила химоячиси сифатидаги вазифаси ҳақида суҳбатлашамиз. Тарихнинг қадим манзараларига назар ташлаган антропологлар эркак кишининг ҳар доим оиласининг химоячиси бўлганини таъкидлашади. Бу нарса бугунги кунда сиз билан бизга ҳам сир эмас. Бир фильмда Африкадаги қабилалар бири истиқомат қиладиган кичкина қишлоқни кўрсатишганди.
Бу қишлоқда атиги 5 тагина уй бор эди. Бу уйларнинг ҳар бири қамишдан ва атрофдан топиш мумкин бўлган ашёлардан қурилган эди. Ичкарида бир неча хоналар бор эди. Фильм қаҳрамони ичкарига Кириши билан эшик олдида оиланинг боши эркакни кўради. У худди оиласини қўриқлашга тайёрдек ўтирарди. Дунёнинг ҳар қандай бурчагида ҳам эркак кишининг оила ҳимоячиси сифатидаги вазифаси бир эканини шундан ҳам кўриш мумкин. Эркаклар ирқи, дунёқараши, маданий ривожланган ёки ривожланмаганидан қатъий назар оила ҳимоячиси сифатида иш тутади. Эр ўз аёлини психологик томондан ҳимоя қилиши керак. Ўз – ўзини қабул қилиш ва ҳурмат қилиш ҳар бир инсон зотига аҳамиятли бўлган ҳолат.
Ўзингиз ҳақингизда яхши фикрга эга бўлиш, бошқаларнинг сиз ҳақингиздаги фикридан муҳимдир. Аёл киши учун эса эрининг у ҳақидаги фикрлари муҳим. Агар эр уни қадрласа, унинг учун бошқаларнинг фикри аҳамиятсиз бўлади. Бироқ аксинча, эри уни қадрламаса, ҳурмат қилмаса, ўзига ишончсизлиги ортади ва бошқаларнинг у ҳақидаги фикрига таянади. Ҳар қандай ақлли эркак эса хотинини қадрлайди. Муқаддас Каломда эрларга махсус буйруқ берилган: «Шунга ўхшаб, сиз, эрлар ҳам хотинларингиз заиф жинсдан эканлигини ҳисобга олиб, улар билан оқилона муносабатда бўлинглар. Улар ҳам абадий ҳаёт иноятидан баҳраманд бўлгани учун, уларни ҳурматга сазовор ҳисобланг…” Баъзи эркаклар аёлларидан ва улар қилаётган ишлардан фақат камчилик топишга ўрганганлар.
Улар кечки пайт ишдан келганидан бошлаб, то уйқуга кетгунларига қадар, аёлларининг камчилигини айтадилар. “Ошхона тоза эмас”, “Болалар хонаси тўзиб ётибди”, “Овқатинг бугун шўр бўлибди” ва ҳокозо. Аммо улар хотинларини руҳан қўллаб қувватлаш учун улардаги ижобий ҳолатларга назар ҳам ташлаб қўймайдилар. Агар яхшилаб ўйлаб кўрсалар, хотинлари, яхши уй бекаси, болаларига ва эрига ғамхўр, доимо овқат тайёр. Бу сифатларини кўриб аёлни мақтаб қўйиш ҳам керак. Эркак киши болаларини ҳам психологик томондан ҳимоя қилиши лозим. Ота фарзандлари учун буюк шахс. Болаларнинг шахс сифатида шаклланиши учун отанинг фарзандлари ҳақидаги фикри катта аҳамиятга эга. Ота фарзандларининг характерига қараб, уларнинг бирига далда берса, иккинчисини рағбатлантириши лозим. Фарзандлар ҳам оталарининг рағбати ва мақтовига муҳтождирлар.