Ассалому алайкум. Мана энди бугун маккажўхорининг фойдали хусусиятлари билан танишиб чиқамиз. Маккажўхорининг фойдали хусусиятлари жуда кўп, балки шунинг учун ҳам унинг умри узоқ асрларга тенгдир? Балки қачонлардир маккажўхори донининг хушхўрлиги кишилар диққатини ўзига тортгандир. Фан ва техниканинг ривожланиши эса шубҳасиз унинг имкониятлари ва фойдаланиш йўлларини янада кенгайтирган. Саноатимизда маккажўхоридан маккажўхори уни, маккажўхори крупаси, крахмал, маккажўхори япроқчалари, ошхона сиропи, микроорганизмларни ўстирувчи маккажўхори экстракти, қуритилган маккажўхоридан тайёрланган хушбўй ва чанқов босди ичимликлар.
Биз маккажўхоридан олинадиган маҳсулотлар рўйхатини тўлиқ айтмадик, лекин шуларнинг ўзиёқ «дала маликаси» бўлган бу ўсимликнинг нақадар кенг имкониятларга эга эканини кўрсатиб турибди. Маккажўхори бизга ажойиб лаззатли ва фойдали озиқ-овқат маҳсулотларини беради. Унинг дастлаб сут-думбулли пайтиданоқ замондошларимиз пазандачиликда фойдаланишади. Масалан савзи билан тайёрланадиган маккажўхори бўтқаси жуда мазали. Ёки бўлмаса маккажўхорини қовоқ билан бирга пишириш мумкин. Маккажўхори ва олмадан тайёрланган салат ҳам жуда хушхўр. Бунинг учун учта олма ва бир оз пиширилган маккажўхори керак. Маккажўхорини ёқтирмайдиганлар ундан тайёрланадиган маҳсулотлардан ҳам юз ўгиришлари табиий.
Аммо шуни айтиб ўтишимиз керак-ки, ўтмишда картошка ҳам унчалик оммалашмаган эди. Ҳозир эса ҳеч ким картошкасиз рўзғорини бус – бутун деб ҳисобламайди. Бир килограмм маккажўхори донидан 500 грамм ун ва 200 грамм манний типидаги крупа ёки 700 грамм юқори навли ун, 650-680 грамм крахмал, 25 грамм ёғ, 70 грамм фитин ва 12 грамм икозит олиш мумкин. Маккажўхори таркибида крахмал, оқсил, хом ёғ, фитин ва бошқа органик бирикмалар мавжуд. Қандли маккажўхори донидан асосан консервалар тайёрланади, бошқа навларидан эса крахмал олинади. Маккажўхоридан олинган крахмал пазандачиликда, нонвойликда ва колбаса тайёрлашда ишлатилади. Олий нав маккажўхори крахмалидан сунъий саго, яъни ёрма ишлаб чиқарилади. Қайнатилган сагони каша ва пирог масаллиғи сифатида қўллаш мумкин.
Пирог пиширишда ҳам сагодан фойдаланиш мумкин, бунда саго яхши бўртиши учун совуқ сувда ивитилади, суви тўкиб ташлангач, қайноқ сув солинади. Бироздан сўнг яна совуқ сув қуйилади. Суви тўкиб ташланган саго масаллиқ сифатида ишлатилади. Саго киши организмида яхши ҳазм бўлади, шунинг учун ундан пархез таомлар ҳам тайёрланади. Маккажўхори таркибидаги фосфорга бой фитин тиббиётда нерв касалликлари ва камқонликни даволашда қўлланилади. Ундан ташқари маккажўхори экстрактидан болалар учун ярим витаминлар тайёрланади. Бу препаратда В, С1 ва Д витаминлари бор. Бу таомбоп ўсимлик ҳақида анча-мунча маълумотларга эга бўлдингиз. Кейинги сафар унинг қайси ҳасталикларда даво бўлиши ва кимлар ундан кўпроқ истеъмол қилиш кераклиги ҳақида маълумот беришга ҳаракат қиламиз.