Ассалому алайкум қадрли тингловчилар. Ўтган сухбатимизда бош кийимларининг қачонлардан фойдаланила бошлангани хақида сухбатлашдик. Хозир кийиб юрган бош кийимларимиз аввалда анча бошқача кўринишда бўлиб, ўзига яраша маъноларни англатган. Бугун эса тўғноғичлардаги рамзлар ва уларнинг қандай мақсад билан туширилгани хақида гаплашамиз. Рангли металлардан ясалган соч тўғноғичларининг аксариятида шар шаклидаги шоилалар мавжуд бўлан. Бу жихатдан Кампиртепадан топилган соч тўғноғичи алохида эътиборни тортади. Мазкур соч тўғноғичнинг сирти зархалланган. Бу фақатгина безак учун эмас, зархаллаш орқали унинг илохий кучини кўпайтиришни мақсад қилишган. Биз кумушдан кўра олтинни кўпроқ яхши кўрамиз. Олтинни ёқтирмайдиган инсон топилмаса керак. Олтин фақат бойлик бўлиб қолмасдан унинг соғлик учун ахамияти катта экани хеч кимга сир эмас. Бу хақиқатни биздан минг йилллар олдин хам ота-боболаримиз яхши билишган экан.
Ўтмишда кишилар олтин умрни узайтиради, ёшларнинг хам, қарияларнинг хам соғлигини мустахкамлайди, деб ишонишган. Қадимда барча Шарқ мамлакатларида бўлгани каби Ўрта Осиёда хам қуёш шар ва доира шаклида тасаввур қилинган хамда шар ва доира юлдузлар ва бошқа осмон жисмлари тасвири билан ёнма-ён акс эттирилган. Айлана ва шар шакли кўпинча ромб ёки тўпбарггулл шакллари билан бир жойда кўрсатилган. Жанубий Бақтриядан топилган ноёб тўғноғичда хам тўпбарггул тасвири туширилган. Мазкур тўғноғичда кумуш таёқча сиртига олтиндан 12 баргли тўпбарггул тасвири туширилган. Ўрта Осиёдан бронза даврига хам оид кўплаб тўғноғичлар топилган. Қадимда Ўзбекистон худудида бронза давридан бошлаб, суякдан ясалган тўғноғичларнинг шокилаларига анор меваси тасвири туширилган. Анор меваси хақида турли хил гап-сўзлар хозир хам бор. Кимдир уни жаннат меваси деб хисоблаб эъзоз қилса, кимдир барака рамзи деб хисоблайди. Хўш қадимда нима учун тўғноғичларга анор тасвири туширилган экан?
Қадимда Ўзбекистон худудидаги анор меваси тасвири кейинчалик бошқа худудларга хам ёйилган. Илмий тадқиқотларда анор рамзи дехқончилик маданияти ва у билан боғлиқ удум, маросимлар билан боғлиқ. Анор хосилдорлик рамзи саналган. Хосилдорлик илохаси Анахита қўлида анор шохчасини ушлаб турган холда тасвирланган. Мутахассисларнинг фикрига кўра “тақинчоқ безак ашёларда ифодаланган бош тасвири, ғунча, донга ўхшаш бўлгани боис уни хаётнинг бошланиши, табиатнинг гуллаб яшнаши рамзи деб хам хисоблаш мумкин. Тақинчоқлардаги қуёш, юлдуз сингари самовий жисмлар тасвири эса кишиларга мева инъом қиладиган табиат кучлари рамзи саналади”. Хитойликлар хам анорга алохида ахамият беришган. Анор тасвири эркак авлодининг рамзларидан бири хисобланган. Кўп дон – кўп фарзанд, кўп ўғил деб тушунилган. Шунинг учун никох тўйида келиннинг сепида анор тасвири туширилган соч тўғноғичи бўлиши албатта шарт саналган. РАмзлар маъносидаги бу ўхшашлик қадим замонларда ушбу худуддан Буюк Ипак йўли ўтганли хамда мустахкам маданий ва этник алоқалар бўлганлиги билан боғлиқдир.
Анор дарахти Хитойда ўрта асрларда пайдо бўлгани назарда тутилса, анорга боғлиқ удумлар Ўрта Осиёдан Хитойга ўтганлиги аён бўлади. Заргарлик санъатидаги яна бир қизиқ тасвир — бу қўл тасвиридир. Қадимда хам одамлар қўлни инсоннинг ишлаш қобилияти асоси деб билишган. Қўл шаклидаги тумор насронийларда “Марямнинг қўллари”, мусулмонларда “Биби Фотиманинг қўллари”, бобилликларда “Иштарнинг қўллари”, қадимги мисрликларда “Исиданинг қўллари” деб аталган. Бош кийимларни безатиш, сочга тўғноғичлар тақишдан асосий мақсад бало-қазолардан, кўз тегиши, суқдан сақланиш бўлган. Бош кийими, турли тўғноғичлар офатларни кишига яқинлаштирмайди деб қаралган. Ўриб орқага ташланган соч, кокил аёлни кўз тегишидан асрайди ва серфарзанд бўлишини таъминлайди, деб ишонишган. Эрга теккан аёллар сочига безакли боғич, — жамалак тақиб юришган. Жамалак шиша, тош, метал мунчоқлар, туморлар, тангалар, қўнғироқчалар билан безатилган. Юрганда улар бир-бирига урилиб жаранглаган ёқимли товуш чиқарган. Бундан ёвуз рухлар чўчийди ва аёлга яқинлашмайди деб қаралган.