3:23

Кўз ҳақида тўғри ва нотўғри маълумотлар

MP3

Ассалому алайкум соғлиги қадрига етадиган тингловчилар. Агар эътибор қилаётган бўлсангиз биз бир неча сафардан буён кўз ҳақида маълумотлар бериб боряпмиз. Бугун эса кўриш қобилияти ҳақидаги тўғри ва нотўғри маълумотларни эътиборингизга ҳавола қиламиз. Ўзингизда кўзни эҳтиётлаш одатини тарбияласангиз, узоқ вақт давомида кўриш қобилиятингиздан шикоят қилмайсиз. Аммо кўриш қобилиятини сақлаш борасидаги «халқ усуллари” одамлар орасида кенг тарқалган. Нотўғри маслаҳатга амал қилиб, аксинча кўзларга жабр қилиб қўйишингиз мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўринг. Ҳар бир тавсияни шифокор билан маслаҳатлашинг.

Кўзлар учун мўлжалланган машқлар кўзойнакдан халос бўлишга ёрдам беради. Бу нотўғри. Кўз машқлари унинг мушакларини мустаҳкамлайди, аммо улар кўриш қобилиятини яхшиламайди ва сақлаб ҳам қолмайди.

2. Хира чироқда ўқиш кўриш қобилиятини пасайтиради. Буткул тўғри деб бўлмайди. Тўғри, хира чироқда ўқиш кўзларни тез чарчатади, лекин кўриш қобилиятига таъсир этмайди. Ўқиётганда ёруғлик китобнинг устига тушиши керак.

Кун бўйи кўзойнак тақиш керак эмас. Кўзойнакларни ечсангиз, кўзлар дам олади. Бу нотўғри. Агар сиз узоқни ёки яқинни кўриш учун кўзойнакдан фойдалансангиз, доим тақиб юришингиз мумкин. Агар сиз кўзойнаксиз ўқишга ҳаракат қилсангиз, кўзларингизга янада оғирроқ бўлади. Кўзойнаклар ёки линзаларни кун бўйи тақиб юриш кўриш қобилиятини ёмонлаштирмайди.

Сабзи кўриш қобилиятига ижобий таъсир этади. Бу гапда жон бор. Сабзи кўз учун зарур бўлган А витаминига бой. Шунингдек, кўриш қобилияти учун зарур бўлган лютеин ва зеаксантин моддалари янги сабзида мўл бўлади.

Компьютерда узоқ вақт давомида ишлаш кўз учун зарарли. Тўғри. Компьютерда ишлаш кўриш қобилияти учун зиён бўлмаса-да, унинг экрани олдида узоқ вақт ўтириш кўзларни толиқтиради. Компьютерда ишлаганда чироқнинг акси экранга тушмаслиги керак. Шунингдек, ҳар соатда қисқа танаффус қилиб туриш зарур. Бу ўқиш ва тикиш пайтида ҳам ўта муҳим.

Агар сизни ҳеч нарса безовта қилмаса, шифокор кўригидан ўтиш шарт эмас. Нотўғри. Кўриш қобилиятини доимий равишда текширтириб туриш касалликлар олдини олишнинг энг самарали усулидир. Профилактика учун 40-64 ёшлилар ҳар 2-4 йилда, 65 ёшдан ошганлар эса ҳар 1-2 йилда кўзларни текширтириб туришлари зарур.

Шунингдек, агар ўзингизда кўзларнинг бўртиб чиқиши, кўзнинг устки пардаси рангининг ўзгаришини, кўз ғилайлигини кузатсангиз, кўриш майдонида қора доғлар пайдо бўлса, кўз кўп ёшланса, тасвир хиралашса, кўз олдида иккиланишлар бўлса, кўз қуришса, ачишса, оғриқ, нуқтачалар ва ёрқин шакллар пайдо бўлса, нарсалар туманли ёки тўлқинсимон кўринса, кўз қизарса, кўриш қобилияти бирдан йўқолиб қолса, қоронғиликда мўлжал олишга қийналсангиз, ёруғликка кўзнинг таъсирчанлиги ошса, кўз шифокорига мурожаат этишингиз керак. Ҳар бир киши соғлиги ҳақида астойдил қайғуриши керак. Бизнинг суҳбатларимиздан инсон танасининг энг қадрли аъзоси бўлган кўз ҳақида етарлича маълумотга эга бўлдингиз деб ўйлаймиз. Ҳеч қачон соғлигингизга беэтибор бўлманг. Соғлиқнинг қадрига етинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top