3:36

Шахмат ҳақида 2

MP3

Ҳурматли тингловчилар ўтган сафар сизлар билан шахмат ва у ҳақида олимларнинг қарашлари ҳақида суҳбатлашган эдик. Энди шахмат ҳақидаги суҳбатимизни давом эттирамиз.

Афросиёбдан топилган шахмат доналари умуман шахмат тарихини ойдилаштиришда улкан аҳамият касб этади. Юз йиллардан мўлроқ вақтдан буён олимлар бу ақл-идрок, ҳарб-зарб ўйинининг келиб чиқиш сирларини аниқлашга ҳаракат қилиб келишмоқда. Хўш шахмат қандай ва қаерда пайдо бўлган? Шахматнинг вужудга келиши осмон жисмлари ҳаракати билан боғлиқ фол очиш ёки Шарқнинг ҳарбий санъатига оид эканлиги ҳақида ҳам мунозаралар давом этмоқда. Шахматга жуда яқин бўлган шатранж ўйини Ҳиндистонда қадимдан ўйналган. Унда ҳозирги ўйиндаги барча доналар мавжуд бўлган. Тахта ҳам 64 катакка бўлинган. Улардан ҳар бири шоҳ, руҳ, фил, от ва тўрт пиёдадан иборат бўлган.

Ўйинда тўрт киши қатнашган. Ҳар бир дона алоҳида вазифага эга бўлган. Шу сабабли ўйин ҳамма доналарнинг тугатилишигача давом этган. Лекин муҳими шундаки, юриш бетараф томошабин ташлаган суяклар асосида амалга оширилган, ўйинчи тушган рақамга дона сурган. Энди Афросиёбдан топилган осори-атиқага қайтсак, унда ҳозирги шахматдан фарқли ўлароқ шоҳ, от, фил ва пиёдадан ташқари икки ғилдиракли ҳарбий арава ва шер ҳам мавжуд. Бунда икки аскарли икки ғилдиракли ҳарбий арава кучли донани ифодалаши шубҳасиз. Буни англаш учун ўйин пайдо бўлган қадимги даврга назар ташлаш зарур. Аштапада, шатранж каби шахматга асос бўлган қадимги ўйинлар Ҳиндистонда пайдо бўлган. Шу боис шахматнинг пайдо бўлиши ҳақидаги айрим афсоналар ҳам Ҳиндистон билан боғлиқ, бироқ Аштапада ҳам шатранжда ҳам йиғилган очколар “Аллоҳнинг амри”га боғлиқ деб ҳисобланган.

Шахмат қарама қарши бўлган самовий кучлар кураши сифатида ҳам талқин этилади. Ўйин иштирокчиси ғалаба илинжида ҳаёлан самовий кучлардан мадад сўраб курашга киришади. Аслида бундай қараш зардуштийлик дини билан боғлиқ. Унинг удумлари таъсирида ўйинда янги қоидалар кашф этилган. Бу шахмат ўйини Эрон ва Ўрта Осиёнинг зардуштийлик мавжуд бўлган ҳудудларида вужудга келганлиги ҳақидаги фараз ҳақиқатга яқин эканлигини билдиради. Самарқанд, Термизм, Сирдарё ҳавзаси, Буюк Ипак йўли йўналишларидаги Ханбук, Талғар каби масканлардан топилган шахмат доналари ҳам юқоридаги фаразни тасдиқлайди. Лекин ҳануз шахматнинг келиб чиққан ватани ҳақида аниқ бир қатъий фикр йўқ. Ҳинд олими Пандуранга Юҳатта шахматнинг айнан Ҳиндистонда пайдо бўлгани ҳақидаги маълумотларни жамлади. Мюнхен университетининг ҳиндшунослик институтида сақланаётган

“Тафаккур қувончи” санскрит қўлёзмасини топган Ранта Саеднинг фикрига кўра, ушбу асарда ўрта асрларда яшаган муаллиф бобларнинг бирида шеърий шаклда шахмат ўйини қоидалари ҳақида ёзган. Гарчи, қўлёзма илгари ҳам маълум бўлсада, бироқ бу бобга шу вақтгача ҳеч ким эътибор бермаган. Хуллас бу ажойиб ўйиннинг келиб чиқиш ватани ҳақидаги мунозара ҳамон давом этмоқда. Ҳурматли тингловчилар бугунги суҳбатимиз сизга маъқул келди деган умиддамиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top