Азиз биродарлар сизлар билан жуда кўп мавзулар хақида гаплашганмиз. Биз сухбатлашган мавзуларнинг хаммаси бир-биридан ажойиб эди. Сухбат бўлиши учун албатта иккита одамнинг аралашуви бўлиши кераклигини биласиз. Тасаввур қилинг, агар бир дугона бошқа бирига тинмасдан гапираверса, гапираверса, аммо нариги дугона унинг гапларига хеч қандай муносабат билдирмаса, жавоб қайтармаса, гапираётган одам ўзини қандай хис қилади. Буни албатта биласиз. Сиз хам ўзингизни шундай хис қилган бўлардингиз. Лекин бошқа томондан бир одам фақат тинмай гапираверса, иккинчисини тингламаса, унинг хам гапиришига йўл қўймаса, бу қандай сухбат бўлади. Албатта буни сухбат деб бўлмайди. Бу яхши муносабат хам эмас. Яхши муносабат ва мароқли сухбат бўлиши учун хар икки одам қатнашиши керак. Сухбатлар муносабатлар бизнинг кундалик турмушимизда жуда кўп учрайди. Бу хақида хар биримизнинг ўз фикрларимиз бор. Аммо Худо билан муносабатимиз қандай? У билан муносабатимиз қандай бўлиши керак? У билан ибодатда ўзимизни қандай тутамиз?
Мен аминманки жуда кўпчилигимиз ибодатда юрагимизни Худовандга тўкиб солишни хохлаймиз. Буж уда яхши хислат. Биз Худодан хеч нарса яширмаслигимиз керак. Унга дилимиздаги борини, ростини хеч бир нарсани олиб қолмасдан, бўямасдан айтишимиз керак. Чунки барибир У юрагимиздагини билади. Худога самимий муносабатда бўлишимиз керак Унга юрагимизни тўкиб солганимиз албатта яхши. Забурда хазрати Довуд: «Зеро Худовандга ёқадиган қурбонлик бузилган кўнгилдир. Бузилган кўнгилни Сен хорламассан”, деб айтган эди. Биз қийналганимизда, Ундан миннатдор бўлганимизда дилимиздагини Унга тўкиб сочишимиз Унга ёқади. Аммо шу ўринда яна бир нарсага эътиборингизни қаратинг. Агар яхшилаб диққат қилсангиз фақат ўзингиз гапираётганингизни билиб оласиз. Юқорида айтганимиздай фақат ўзингизнинг гапиришингиз яхши эмас. Тасаввур қилинг, сиз тинмай гапираяпсиз, юрагингиздаги борини, қандай хис қилаётганингизни айтаяпсиз, шунда Худо сизга нима деётган экан?
У сизга: «Бўлди, қизим/ўғлим сенинг юрагингдагини биламан, Мени эшит. Шшшш Менга қулоқ сол, Мени эшит, Сенга бир нарса айтмоқчиман!” демаётганмикан. Биз Унга ибодат қилиб, Унинг каломини ўқиймиз.Худо турли йўллар билан бизга гапиради. Биродарларимиз орқали, Каломи орқали. Баъзида У шахсан ўзимизга гапиришни хохлайди. Каломи орқали гапирганда хам, биродарларимиз орқали гапирганда хам Унинг сўзига қулоқ солишимиз, Уни тинглашимиз керак. Унинг сўзларига диққат қилишимиз керак. Биз одатда ибодат қиламизда, Унинг каломини ўқишга тутинамиз. Унинг каломини ўқир эканмиз доим хам Уни тинглайвермаймиз. Базан бу ишни шунчаки одат бўлиб қолганидан қиламиз, баъзан эса шундай қилишимиз керак бўлганлиги учун қиламиз. Бундай шароитда эса албатта Худони тинглай олмаймиз. Ибодат қилиб бўлганингиздан сўнг, Ундан сўранг, У сизга нима демоқчи. Айтинг: «Худойим бугун менга нима демоқчисан, ёки мен шундай холатимда нима қилай, менга айт!”
Шундан кейин Уни кутинг. Кутиш осон бўлмайди.Худовандимизни тинглашни ўрганиш учун узоқ машқ қилишимиз керак бўлади. Чунки тинч ўтириб Уни тингламоқчи бўлганингизда, телефон, эшик жиринглайди, кимдир безовта қилади, турли хил хаёллар келади. Қилинмаган ишларингиз кўз олдингиздан ўтади. Хуллас Худовандни тинглашингизга турли хил тўсиқлар бўлади. Аммо хар сафар уларнинг барини қувиб, яна ва яна Уни тинглашни машқ қилсангиз албатта яхши натижага эришасиз. Кичик Шомуил қандай бўлгани эсингиздами? У Худонинг овозини эшитди. У хар сафар, мени Элай чақираяпти деб ўйлади. Аммо бу Худованд эди. Худованд уни учинчи марта чақирганида, «Лаббай Худовандим, сўзла тинглайман”, — деди. Худди шунга ўхшаб, биз хам диққаттимизни Унга қаратсак, Унинг овозини эшитишни ўрганамиз. Уни тинглашга албатта харакат қилиб кўринг. Унинг сизга айтадиган гаплари бор.