Азиз биродарлар бугун сизлар билан ўтган сафарги сухбатимизни давом эттирамиз. Биз ўтган сафар сизлар билан бирга Павлус ва унинг хамрохларининг Муқаддас Рух бошқарувига бўйсунганини ўқидик. ЭНди эса бўйсуниш оқибатида қандай холатларга дуч келганини ва Худованднинг мўъжизакор ишларининг гувохи бўламиз. Павлус ва унинг хамрохлари Филлипи шахрига келганларида дарё бўйида ибодат қилаётган бир тўда одамларни учратишди. Улар ўша ерда Худо хушхабарини айтаётганларида Худованд тинглаб турганларнинг орасидан Лидия деган аёлнинг қалбини очди. Муқаддас Рух уларни бекорга бу шахарга етакламаган эди. Лидия ва унинг оила аъзолари хам имон келтиришди. Ўшанда дарё бўйида ибодат қилаётганларнинг сони қанча бўлган деб ўйлайсиз? Балки 100 тадир ёки бўлмаса 50 та. Аммо уларнинг орасидан фақат Лидия деган аёлгина Худованднинг хушхабарига ишонди.
Энди ўзингизнинг хаётингизга қаранг. Сиз неча марта ёки нечта одамларга Худованд хақида айтгансиз? Аммо уларнинг хаммаси хам Худога мухтож эмас. Лидия ўшанда Худони қидираётгани учун Худованд Ўзини топдирди. Каломда ёзилганидек Топиш мумкин бўлганда Худовандни изланг, У яқинингизда экан Унга мурожаат қилинг.
Павлус ва унинг хамрохлари ибодатхонага боришди. У ерда эса ичида фолбинлик рухи бўлган бир қиз уларга халақит беравергач, унинг ичидаги ёмон рухни Исо Масих номи билан хайдаб чиқарди. Ўша қиздан фойда кўраётган хўжайини эса, бундан аччиқланиб, уларни марказий майдонга, шахар махкамасига судраб олиб борди. Уларга ёлғон айбловлар қўйиб шахар маъмурларидан жазо талаб қилди. Шахар маъмурлари эса Павлус билан Силани уст бошларини йиртиб олиб, калтаклашга буюрдилар. Сўнг, хар иккаласини зиндонга ташладилар. Уларнинг бошидан кечирганларини тасаввур қилаяпсизми? Худованд уларни шу ерга бошқарган эди. Ўз фарзандлари бу шахарда қийноқларга солинишини билса хам, уларни шу ерга бошқарди. Нима учун?
Бу сизга адолатсизликдай туюлмаяптими? Хаётимизнинг мақсади нима эканлигини билмаган одам учун бу адолатсизликдай туюлиши мумкин, аммо Худованд нима қилаётганини билади. У фарзандларини нима учун яратган эди. Ишаё пайғамбар китобида: «Мен уларни Ўз номим учун яратганман, Менга улуғлик келтиришлари учун яратганман”, — деб ёзилган. Демак бизлар Худовандимизнинг улуғворлиги учун яратилганмиз. Павлус билан Сила қаттиқ калтакланиб кейин худди ашаддий жиноятчилардай, махсус назорат остида зиндонга ташланган бўлсалар хам, ахволларидан ўкинмадилар. Қалбларидаги Муқаддас Рух орқали Худованднинг шу ишларда хам махсус режаси борлигини англашган бўлса керак. Тасаввур қилинг, уларни зах, қоронғу камерага, оёқ қўлларини кундалаб қўйишган. Зиндонлар хеч бир замонда яхши ахволда бўлмагани аниқ. Елкаларидаги, балки бутун таналаридаги оғриқ билан хам улар Худовандга қўшиқ куйлашган.
Хаворийлар китоби 16 бобининг 25 оятда шундай ёзилган: « Тун яримлаб қолганда, Павлус билан Сила ибодат қилиб Худони куйлашар эди. Махбуслар эса уларни тинглаб туришарди.” Кейин-чи кейин нима бўлди. Хаммаёқ жим-жит, Павлус билан Сила қўшиқ куйлашаяпти, бошқа махбуслар уларни тинглашяпти. Тўсатдан қаттиқ зилзила бўлиб қамоқхонанинг пойдеворини силкитиб ташлади. Ўша захоти қамоқхонадаги хамма хоналарнинг эшиклари очилиб, хамманинг кишанлари бўшаб қолди. Зиндонбон бу воқеаларни кўриб, ўзини ўлдирмоқчи бўлди. Аммо Павлус билан Сила уни бундай қилишидан сақлаб қолишди. Шу воқеа сабаб бўлиб зиндонбон хам Худовандга имон келтирди. Қийин холатларга тушиб қолганимизда, ундан кейин нима бўлишини билмаймиз, аммо Худованд хаётимиздаги қийинчиликни хам Ўзининг улуғворлигига ишлатади. Биз буни тўлиқ тушуниб етмаймиз, аммо шундай қийинчиликларни қаноат ва шукроналик билан қабул қилсак, Унинг қудратли ва ажойиб ишларининг гувохи бўламиз.