Ассалому алайкум қадрли биродарлар, опа-сингиллар. Жамоат бу-бирлик ва мухаббат дегани. Агар бирлик ва мухаббат бўлмаса у жамоат эмас. Биз бугун бир қолипга тушиб қолган кўплаб жамоатларни биламиз. Аслида жамоат нима ўзи. Тўғри жамоат деганда кўз олдимизга биродарлар, жамоат чўпони, ундаги хизматчилар ва ваъз келади. Бу жамоат сўзига берилган тавсифнинг бир қисми холос. Биродарлари бир-бирига бефарқ, Бир – бирини кўролмайдиган, хасад қиладиган, бироқ буни сиртида кўрсатмайдиган, доимо бир хил зерикарли кўринишда ўтадиган йиғинлар бўлган жамоатни жамоат деб айта оласизми? Бу бир турдаги жамоат. Яна иккинчи турдаги жамоат бор. Биродарлари бор. Ха, саноқли бўлса хам бор. Аммо улар Худонинг буйруғини унутиб қўйганлар. Ибронийлар 10 боб 25 оятни унутганлар: «Баъзиларнинг одатидек йиғилишларимизни қолдирмайлик. Аксинча Раббимиз келадиган куни яқинлашиб қолганини билиб, бир-биримизга яна кўпроқ далда берайлик”.
Биродарлар бор аммо хар тарафга сочилиб кетган. Хар бири ўз иши ва ўз ташвиши билан овора. Бундай биродарларни жамоат дейиш мумкинми? Биродарлар кўришиб туриши, муносабатда бўлиши учун катта мухаббат керак. Биродарларни севиш учун эса катта куч ва харакат керак. Ўша куч ва харакат тагида ибодат ётади. Аслида биродар учун ибодат қилишга хам мухаббат керак. Агар кимнидир чин дилдан яхши кўрмасангиз, у учун ибодат қила оласизми? Йўқ, албатта. Демак оддийгина ибодат қилишимиз учун хам мухаббат керак экан. Биродарларимиз бирлашишлари учун, хаммамиз бир бўлиб, ажойиб, мустахкам жамоат бўлиш учун бизга Отамизнинг мухаббати керак. Мухаббат билан харакат қилиш — бизнинг қўлимиздан келмайди. Инсоний мухаббат билан муносабатда бўлиш кишини толиқтиради. Инсоний мухаббатнинг манбаи йўқ. У дилхираликлар, тушунмовчиликлар пайтида саробга айланади. Бундай синовларни инсоний мухаббат кўтара олмайди.
Хозиргина айтганимиздек, биродарларимизни ўйлашимиз, улар учун ибодат қилишимиз, уларнинг оғирларини енгил қилишимиз ва бошқа ишлар учун хам бизга Отамизнинг мухаббати керак. Унинг Ўзи бизнинг мухаббатимиз манбаи бўлади. Биз уни билмасдик, аммо у бизга Ўзини танитди. Ўзи билан яраштирди. Энг биринчи У бизни севди, биз эса Уни севишни ўрганяпмиз. Муқаддас Каломда биз учун буйруқ бор: «Бошда сизлар Масихан эшитган васият шу: бир биримизни севайлик!” Агар орамизда Худованднинг севгиси бўлмаса, унинг ўрнини нафрат, хасад, бахиллик ва яна бошга ёвуз хислатлар эгаллайди. Қобил билан Хобилнинг хикояси эсингиздами? Сизнингча ўша хикоя кимга тегишли? Агар менга эмас деб ўйласангиз адашасиз. Муқаддас Калом эса бундай дейди: «Ўз укасини қатл қилган иблис зоти Қобилга ўхшамайлик. Қобил укасини нима учун ўлдирди? Чунки унинг ишлари қабих, укасининг ишлари эса солих эди.” Унда хасад ба нафрат бор эди. Агар юрагимиз Худовандимизнинг мухаббати билан тўлмаса, унинг ўрнини нафрат, хасад, ва ёвузлик эгаллайди.
Агар юрагингизда шундай хислар исён қилаётганини сезсангиз, дархол Отамизга мурожат қилинг. Унинг мухаббатини сўранг. Яқинда бир қизиқ нарсани ўқиб қолдим. Биз хар куни Муқаддас Рухга тўлиб туришимиз керак экан. Агар хар куни 50-100 марталаб Худодан бизни Ўзининг Рухига тўлдиришини сўрасак, бу ибодатимиз худди нафас олишдек бизнинг одатимизга айланиб қолар экан. Қалбимизни Худонинг Рухи тўлдирса, ёмон фикрлар хам ўз ўзидан чекинади. Энг асосийси Муқаддас Рухнинг сизга айтаётганларига бефарқ бўлманг. У сизга сигнал бергандаёқ хушёр тортинг ва танангизнинг хохишларини эмас, Худованд буюрганидек қилинг. Бу қийин аммо ўша дақиқада ўзингизни тўхтатиб, Худо буюрганидек қилсангиз, тўғри иш қилиш ва Худога бўйсуниш сизнинг одатингизга айланиб қолади. Агар Муқаддас Рух сизга биродарингиз учун ибодат қилишингизни эслатса, ўзингиз хохламасангиз хам, ибодатда Худонинг олдига боринг ва энг аввало ўша биродар учун мухаббат сўранг, кейин эса унинг мухтожлиги учун ибодат қилинг.