Худо менга ваҳий кўрсатганидан сўнг мен қўлимни ёнимда ётган биродар Лининг устига қўйдим. Мен унга шивирлаб: “Эртага мени яна бир синов кутяпти ва мен Исо учун яна азоб чекаман. Илтимос мен учун ибодат қилинг.”, — дедим. Эрталаб соат 9 ларда: “Йунни олиб чиқинглар!”, — деган овозни эшитдим. Камерамизнинг темир эшиги шарақлаб очилди.
Биродар Ли мени сўроқ қилинадиган хонага кўтариб олиб кетди, чунки мен жуда зифлашиб қолган эдим. Мени сўроқ қилишларидан олдин Забурда ёзилганидай, Худованд менинг ёнимда, менинг шодлигим ва қудратим бўлиб турганини ҳис қилдим. “Худовандни доим кўз олдимда кўраман, У ўнг томонимда бўлгунча тебранмасман. Шул боис менинг дилим қувонур, тилимдан шод-ҳуррамлик тўкилур. Таним ҳам умидвору бехатар бўлур.” Забур 15:8-9.
Мен Худонинг Каломи ҳақида фикр юритганим сайин, имонимга имон қўшиларди. Ўша куни мени сўроқ қилиш учун иккита янги офицер келган экан. Мен кўзимни юмиб, индамай ётавердим. Офицерлардан бири мени тепиб: “Йун, бугун гапирасан!”, — деб бақирди. Офицер менинг қовоқларимни мажбурлаб очдида: “Атрофингга қара, Йун! Сенга ўхшаган одамларни гапиртирадиган усулларимиз бор. Агар ўзинг ўз хоҳишинг билан гапирмасанг, биз сени гапиртирамиз!”, — деди. Бу сафар улар қамчи ва занжирлардан ташқари ҳар хил қийнайдиган нарсалар олиб келишган экан. Бошқа бир офицер эса қўлида токли таёқ билан менга яқинлашди. У таёқни энг юқори кучланишга қўйиб, юзимга, бошимга ва бошқа жойларимга урди. Ўша заҳоти худди юрагимга минглаб найза санчилгандай, бутун вужудимда чидаб бўлмас даражада оғриқ пайдо бўлди.
Муқаддас Руҳ Муқаддас Китобдаги оятлар билан менга далда бериб турди: “Уни қийнаб азоб беришган, аммо оғзини очмади. У қўй каби бўғизлашга етакланди. Қўзи жун қирқувчиси олдида қандай индамай турса, У ҳам Ўз оғзини очмади.” Ишая 53:7.“Худо сизларни анна шу мақсадда даъват этган. Масиҳ ҳам: “Менинг изимдан юринглар”, деб сизлар учун азоб чекиб намуна бўлди.” 1 Петр 2:21.
“Синовга сабр-тоқат қилган одам бахтиёрдир. Чунки у синовдан ўтгач, Раббимизни севувчиларга насиб бўладиган ҳаёт тожига сазовор бўлади.” Ёқуб 1:12.Раббим менинг оғриқларимни камайтирди. Офицерлар қўлларим ва оёқларим устида туриб, менга ток билан азоб беришда давом этарди. Улар менинг қовоқларимдан, лабларимдан, қулоқларимдан ва танамнинг бошқа жойларидан тортиб, мени хўрлашарди.
Уларнинг бу ҳаракати иш бермаётганини англаб, бир офицер бирданига ипакдай мулойим бўлиб: “Тўхтанглар! Бир пас тўхтатиб туринглар! Йун сенга яна бошқа имконият бераман. Агар сен бугун ҳукуматга қарши қилган жиноятларингни тан олсанг сени озод қиламиз.” деди. Мен жавоб беришга оғзимни очишимдан олдин, Худо менга кечаси кўрган ваҳийда фоҳиша мени ўзининг ёнига, хавфсиз жойга чақириб васвасага солганини эслатди. Тўсаттан руҳим танамни тарк этиб, ўша ваҳийни яна кўрдим. Илонлар, чаёнлар, заҳарли арилар, ва қирқоёқларнинг чақишидан деяли ўлик ҳолда ерда ётардим. Худо менга нима учун кеча шундай ваҳий берганини тушундим. Офицерлар мени шафқатсизларча азоблаш ва айёрлик йўли билан енгишга ҳаракат қилдилар, аммо уларнинг ҳаракатларига қарши туришимга Худо ёрдам берди.Уларнинг ҳамма ҳаракатлари иш бермагач, биродар Лига мени қамоқхона касалхонасига олиб боришни буюришди.