4:29

Руҳий ўсишимизга тўсиқлар 1 қисм

MP3

Азиз биродарлар биз бир икки сафардан бери шу маву ҳақида суҳбатлар олиб бораяпмиз. Бугун ҳам шу мавзунинг бошқа бир йўналиши ҳақида суҳбатлашмоқчимиз. Атрофимизда турли хил ирим-сиримлар орқали ғайри оддий дунёдан куч ва ёрдам оладиган кишилар бор. Гарчи улар турли хил номлар билан аталса ҳам бундайларни биз жодугарлар деб аташимиз мумкин. Жодугарлик ишларига аралашиш Худонинг йўлига тўғри келмайди. Исо Масиҳга асосланмаган ҳолда, руҳий дунёдан барака, фойда, қобилият ва қудрат олишга интилган ҳар қандай ҳаракатни жодугарлик ишлари дейиш мумкин. Жодугарлик ишларини Худованд қаттиқ таъқиқлаган – Нега? Чунки У душманимиз бизни алдаб тезроқ фойда кўришга таклиф қилишини билади. Аммо бу фойдалар учун кейинроқ албатта тўлов тўлаймиз (азобланиш ва Худодан айрилиш). Биз Исо Масиҳдан ўз фойдамизга бирор нарса сўрасак, ўша заҳоти жавоб олмаслигимиз мумкин аммо, Унга итоат қилганимиз учун қабул қиладиган “тўлов” бу “солиҳлик, тинчлик ва севинчдир” (Рим 14:17).

Қуллик ёки ёвуз руҳлар занжирига тушиб қолиш жуда оддий бўлган эшикнинг тепасига ҳимоя қилади дея осиб қўядиган нарса ва руҳий дунёдан мадад олиш мақсадида қилинадиган маросимлардан бошланади. Биз мунтазам равишда жодугарлик ишлари орқали ўз ҳаётимиздаги бирор нарсани ҳал қилиш ёки фойдаланиш учун турли хил имкониятларга дуч келамиз. Масалан: Дуо ёзилган қоғозни кийимга тикиб ёки соғлом юриш ва омад келтириши учун кийим орасига беркитиб юриш, соғлом бўлиш учун дуо ўқиб куф-суф қилиш, бойлик учун келишилган битим, соғайтирадиган сув ичиш, қудратга эга бўлиш учун бирор бир ҳайвоннинг аниқ бир қисмини ейиш, ўлган аждодлар ҳаққига қурбонликдан ейиш, қабристонларда ният қилиш, фол очдириш, бирор бир руҳий «қўриқчи” олиш, фол очтириб, йўқолган ёки ўғирланган нарсаларни топиш, бошқаларни бошқариш, иссиқ-совуқ қилиб ўзига иситиб олиш (турмушда бўладиган ҳиёнатдан шу йўл билан ҳимояланиш), аждодлар руҳи орқали бошқаларни даволаш қудратини олиш, ердан руҳий қувват олиш, ўлган қариндошлардан донолик олиш, ва бошқалар…

Биз бу каби ишларга аралашганимизни тан олганимизда ва овоз чиқариб айтганимизда, ёвуз руҳларнинг бизнинг ҳаётимизга таъсир қилиш ҳуқуқи йўқолади. Исонинг қудрати уларни кучдан қолдиради. Биз ёвуз руҳлар орқали эришадиган фойдамиздан воз кечамиз, унинг ўрнига эса тўғридан-тўғри Исо Масиҳнинг қўлидан бир нарса қабул қиламиз. Ишаё 8:19-22, “Халқлар сизларга: “Оталар руҳига, фолбинларга, азайимхонларга ва афсунгарларга бор”, деб айтадилару, ўз худоларига бормайдиларми?! Ахир, тириклар ўликлардан насиҳат ва таълимот излаб боряптику! Мана шулар далил ва таълимот, дейдилар. Шундай айтганларга, ёруғлик бўлмайди. Улар бу юрт бўйлаб ўтади, улар оч, изтиробда. Оч қолиб, ғазабланиб, шоҳини ва худоларини лаънатлайди, юқорига қарайди, ерга қарайди. Ана, кулфат ва зулмат, ғам ва офат, холос. Улар йўқликка улоқтирилади.” Чиқиш 23:32 оятда Худованд бизга қатъий буйруқ берган: “Уларнинг ўзлари билан ҳам худолари билан ҳам ахд қилманглар.”

1Солномалар 10:13-14 оятда ёзилишича:“Шундай қилиб Шоул ҳалок бўлди. У Эгамизга ишонмагани учун, Унинг амрларига итоат этмади. Бунинг устига, раҳномолик қилиш учун ўликлар руҳидан маслаҳат сўради. Эгамизнинг раҳнамолик қилишини истамади. Шунинг учун Эгамиз уни ўлдириб, шоҳликни Ишай ўғли Довудга берди.” Бундай одамлар умуман Худодан эмас. Уларнинг Худонинг номидан қилаяпман, дейди-ю, ўзлари Худога қарши ишлар қилишади. Шунинг учун бундай одамлар асло Худонинг марҳаматига эга бўлолмайдилар. Уларнинг ишларига аралашган ёки уларга ишонганлар ҳам гуноҳкор бўлиб қоладилар. Бу гуноҳ эса уларнинг авлодларига ўтиши мумкин. Азизлар шунинг учун бу каби гуноҳлардан тавба қилинг ва ягона Худовандимизнинг иноятига таянинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top