4:50

Аёлнинг қариндошларини қабул қилиш

MP3

Азиз биродарлар бугунги суҳбатимиз яна айнан сизлар учун. Бу суҳбатимизни бошлар эканмиз ҳурматли аёлларимиздан қулоқларини беркитиб туришларини илтимос қиламиз. Ҳар бир йигит оилада бахтли бўлиши учун аёлининг яхши бўлиши ва унинг эрга нисбатан ҳурматда, итоатда бўлишининг ўзи етарли эмас. Бахтли бўлишни истаган йигит учун турмуш қуришга энг яхши қизни топишининг ўзи етарли эмас, бахтли бўлиш учун унинг ўзи ҳам яхши эр бўлиши керак. Демак бахтли бўлиш ҳар иккала томонга боғлиқ экан. Шунинг учун биз ҳозир фақат бир томон, яъни эркак томонга назар ташлаймиз ва эркак турмушда бахтли бўлиши учун нималарга эътибор бериши кераклигини айтиб ўтамиз. Қулоқ солинг. Ҳеч бир оила мукаммал ва жанжалдан ҳоли бўлмайди. Келинг буни ўзимдан мисол қилиб олай. Мен ўзим танлаб, севиб уйландим. Севган қизим ҳам жуда менинг идеалимдагидай бўлмаса ҳам шунга яқинроқ эди. Уйланганимда ўз севганимга етишганимдан бошим осмонда эди. Аммо ҳаммаси шундан кейин бошланди… уч йил тинимсиз жанжаллашдик. Асло бир-биримизни ёмон кўрганимиздан эмас, бир-биримизни севганимиздан. Албатта жанжаллар кимга ҳам ёқарди дейсиз.

Бироқ уларга ҳам бошқача томондан қараш мумкин. Уч йиллик жанжаллар бизни бир-биримиз ҳақимизда яхшироқ билиб олишимизга ёрдам берди. Ҳа, иккита ғадир-будур тошни бир-бирига тинимсиз ишқаласангиз, аста-секин тошнинг икки юзи силлиқланиб қолади, тўғрими? Эр ва хотин орасидаги жанжаллар ҳам иккита мутлақо бошқача шахсни бир-бирига тўғрилаб қўяди. Аёлингиз сизга турмушга чиққанида сизнинг ота-онангизни ва қариндошларингизни ўзиникидай қабул қилади. Уларга ўз ота-онасидан ҳам кўпроқ ғамхўрлик қилиши ва меҳрибонлик кўрсатиши сизга жуда ёқади. Аммо шу ўринда сизнинг ҳам ўз мажбуриятингиз ва қарзингиз борлигини унутманг. Хотиним менинг қариндошларимга ва ота-онамга шундай муносабатда бўлиши шарт. У бунга мажбур. Мен эса куёвман, унинг қариндошлари ва ота-онасини ўзимникидай қабул қилолмайман, деб ўйласангиз мутлақо янглишасиз. Бу энг яқин кишингиз аёлингизга бўлган инсофсизлик бўлади. У сизнинг ота-онангизни ва қариндошларингизни қабул қилган бир пайтда, сиз ҳам унинг ота-онасию қариндошларига шундай муносабатда бўлишингизни умид қилади. У буни билдирмаса ҳам, ич-ичидан сиз унинг онаси ёки отасига ўғилдай бўлишингизни истайди. Шунинг учун ҳам унинг оиласига ғамхўрлик қилишни унутманг. Агар фақатгина ўз ота-онангиз ҳақида ўйлаб, унинг ота-онасига эътибор бермасангиз, бу ўта худбинлик ҳисобланади. Агар аёлингизни севсангиз, унинг ота-онаси-ю қариндошларини ҳам қабул қилишингиз керак. Биз айтаётган нарсаларни аллақачон қилаётган бўлсангиз, демак энг намунали эркаксиз. Аммо бундай қила олмайман деб ўйласангиз, ҳеч ҳам ташвишланманг, бу одатни аста-секин ўзингизга сингдиришингиз мумкин. Энг аввало унинг ота-онасининг аҳволи ҳақида қизиқинг, уларнинг соғлиги, ишларининг яхши-ёмонлиги ва ҳокозо. Кейин эса хотинингиз уйда бўлмаганида унинг ота-онасига қўнғироқ қилиб, улардан ҳол-аҳвол сўранг. Ҳеч нимадан ҳеч нима йўқ, телефон қилавераманми, деб ўйламанг. Ҳа, ҳеч нимадан, ҳеч нима йўқ телефон қилаверинг.

Шунчаки улардан ҳол аҳвол сўранг, ўзингизда ишлар яхшилигини айтинг, уларнинг қизлари ҳам яхшилигини айтинг, ҳуллас қўнғироқ қилинг. Бу кексаларни анча хурсанд қилади. Кейинчалик хотинингиз бу ҳақида билиб қолса, сиздан жуда миннатдор бўлади ва сизга нисбатан меҳри яна ҳам товланади. Ундан ташқари сизнинг оилангиздагиларга аввалгидан ҳам кўпроқ ғамхўрлик қила бошлайди. Сизнинг биргина қилган қўнғироғингиз учун, миннатдор бўлганини шу йўл билан қайтаришни истайди. Кўрдингизми, биз эркаклар бу ҳақида ўйламаймиз. Биз одатда майда-чуйда ишлар билан ўралашишни истамаймиз. Аммо шу майда-чуйда ишлар ҳам бизнинг оиламизни яна ҳам мустаҳкам ва бахтли қилишга қодир экан. Агар бугунги суҳбатимиз сизларга манзур бўлган бўлса, сиз ҳам аста-секин аёлингизни ва турмушингизни бахтли қилиш йўлида қадам ташлашни бошланг. Бу нарса албатта бизнинг қўлимиздан келади. Ахир биз эркаклармиз, бундай майда ишлар бизга чўт эмас-ку, тўғрими? Оилангизни бахтли қилиш сари олға!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top