3:56

Бузилган муносабатлар

MP3

Ассалому алайкум. Муносабатда бўлиш, эркак киши учун бироз муаммоли мавзу. Табиатан эркаклар муносабат ўрнатишга ва суҳбатлашишга бироз нўноқроқ. Биз муносабат ва суҳбатлашиш деганда одатдаги эркаклар орасида бўладиган суҳбат ва муносабатни назарда тутаётганимиз йўқ. Эркак киши оила қургач, унинг учун энг муҳими иш ва оилани таъминлаш бўлиб қолади. Бундан бошқа мавзулар унинг учун иккинчи даражали. Йигит киши бирор бир ерга ишга жойлашгач, атрофида аста-секин танишлар, дўстлар кўпая бошлайди. Танишлар билан борди-келдилар, ўтиришлар кўпаяди. Ҳали у дўсти ёки таниши билан ҳали бу таниши билан ўтириб чой ичишга тўғри келади. Баъзилар билан иш юзасидан, баъзилари билан эса шунчаки дам олиш учун учрашади. Ишдан кейинги бундай учрашувлар шундоқ ҳам оиласига вақти кам бўлган эркакнинг бутун вақтини олиб қўяди.

Агар оилада аёл уй бекаси бўлиб болалар билан машғул бўлса бу яхши, бироқ аёл ҳам ишлайдиган бўлса, бундай оилада дунёга келган болаларнинг ҳоли вой. Албатта ташқаридан бинойидек оила бўлиб кўринса ҳам, вояга етаётган болалар ота-она меҳрини етарлича олмагани туфайли характерида ва ҳиссий ривожланишида муаммолар юзага келади. Бу муаммолар бола ҳали ёшлигида ўзини кўрсатмайди, бироқ ўсмир ёшига етгач, ҳаммаси юзага чиқа бошлайди. Балки фарзанд ўстирганларнинг ҳаммаси айнан шунинг учун ҳам ўсмир ёшни мураккаб ёш деб айтишса керак. Эркак кишининг оилада кам бўлиши, доимо дўстларининг таклифларига рози бўлиб, фарзандлари учун вақт ажратмаслиги, ота ва бола ўртасидаги муносабатни бузилишига сабаб бўлади. Аёл эрининг эътиборига муҳтож бўлганида, у ёки бу йўл билан унинг эътиборини қозониши мумкин. Бироқ даданинг олдига мурожаат билан ёки ёрдам сўраб келган боланинг эътибори қондирилмай қолади.

Ўзини безовта қилмаслиги учун болани онасининг олдига юборади. Эркаклар, шу онда дўппингизни бир четга олиб қўйиб, ўйлаб кўринг. Агар ҳозир фарзандимизни ўзимиздан нарига ҳайдайверсак, кейин катта бўлганида уни чақирсак бизнинг олдимизга келармикан? Ҳар доимги ўтиришлар, гап ейишлар, дўстлар билан учрашувларни қандай қилиб рад этишим мумкин, деган савол туғилгандир. Албатта шундай учрашувларнинг баъзисига жон деб борамиз, бошқасига эса мажбур бўлганимиздан борамиз. Нима бўлган тақдирда ҳам ҳамма таклифларга ҳам “ҳа” деявермасликни ўрганиш керак. Агар оилавий муносабат билан ишни бир меъёрда олиб борсак, ишимиз ҳам олға силжийди, оиламиз ҳам тинч бўлади. Чунки ҳотиржам юрак билан ишлаш мароқли-да. Бироқ иккаласи ўртасидаги меъёр бузилса, оилада тинчлик ҳам йўқолади, қалбимиз ҳам ғаш бўлади. Яна бир савол. Ҳар доим вақтимизни ишга ва кўчадаги танишларга сарфлайверсак, бир куни келиб вафот қилганимизда қабримиз тепасида ким йиғлаб туради?

Ҳозирги дўстлар ва танишлар ўшанда ҳам бўлармикан? Муаммо нимада? Очиғини айтадиган бўлсак иш бизни ўзига тортадиган нарса. Ишхонада аёлимизнинг биз тушунмайдиган ҳис туйғулари ва болаларнинг йиғи-сиғиси безор қилмайди. Ишхонага икки сабаб билан чопамиз. Биринчидан ишхонага оиладаги мажбуриятлардан қочиб, келиш мумкин иккинчидан эса ишнинг бизсиз битмаслиги қувонтиради. Асосан эркаклар яхши ҳаёт кечириш, ниятида астойдил ҳаракат қиладилар. Бутун вақтини ва кучини шунга сарфлайди, бироқ бу яхши ҳаёт муносабатларнинг бузилиши эвазига келиши мумкинлигини ҳаёлига ҳам келтирмайди. Эркак киши ҳар куни эрталаб ишга кетиб, кечки пайт ишдан қайтади. Деярли бутун умри шу тариқа давом этади. Болалар ҳам ўз-ўзидан катта бўлади. Дада эса болаларнинг тарбияси ҳақида жуда кам ўйлайди. Буни ўзининг жавобгарлиги деб билмайди. Болалар катта бўлиб уйдан чиқиб кетгач эса, уларнинг қандайлигини билмай қолаверади. Ҳозир фарзандингизга эътибор беринг, кейин афсусланиб юрманг.

Азизлар фақат эркакларга таалуқли бўлган мавзулар билан танишишни истасангиз, бизнинг www.najot.com сайтимизга ташриф буюринг. У ердан ўзингиз учун қизиқарли ва фойдали маълумотларни оласиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top