2:53

Дам олиш

MP3

Ассалому алайкум. Азиз тингловчи чарчадингизми? Жисмонан чарчаганингизни назарда тутаётганимиз йўқ, ҳиссан ва ёки ақлан чарчагандирсиз? Сиз ҳақингизда ҳеч нарса билмаймиз, аммо атрофга қарасак ҳамма ерда чарчаган одамларни кўрамиз. Жуда хорғин ва ҳолдан тойган кўринади. Мен икки хил чарчоқни биламан. Улардан бири «яхши” чарчоқ. Шунақа чарчоқ ҳам бўладими, деб ўйларсиз. Агар бу ҳақида тушунтириб берсам, сизнинг ҳам ёдингизга тушади. Баъзан ишдан уйга қайтганимда «яхши чарчаган” бўламан. Бундай ҳисни сиз ҳам биласиз. Сиз чарчагансиз аммо кайфиятингиз яхши. Чунки чарчашга арзигулик иш қилдингиз.

Теодор Рузвелт “яхши” чарчоқни шундай ифодалаган эди: “Чарчашга арзийдиган натижа бўлса ва бу чарчоқнинг охири муваффақиятга ва юқори натижаларга олиб келса, бу яхши чарчоқдир”. Бироқ атрофда одамларда кўраётган чарчоқларимиз биз айтаётган чарчоқ эмас. Улар қаттиқ ҳолдан тойган. Масиҳийларнинг кўпчилиги Худога кўпроқ хизмат қилолмаётганидан нолишади. Агар очиқчасига гаплашадиган бўлсак, етарлича Худога хизмат қилолмаётганимизнинг боиси, кўпгина нотўғри ишлар қилаётганимиздир. Имонда ёш бўлганимда ҳаётимдаги Худонинг мен учун муҳим ишларини билмасдим. Ҳар нарсага ҳа деяверардим.

Охири керакли ишларни қилишга вақтим ҳам кучим ҳам қолмасди. Ҳаётим учун Муқаддас Калом қўйган муҳим нарсаларни билмаслик хавфли эканини билиб қолдим. Бир куни жамоатимизга машхур бир воиз келди. У бизга чарчоқ ва дам олиш ҳақида гапирди. Ўша пайтда жамоатимиздагиларнинг йиғлашини ва тавба қилишларини кўрсангиз эди. Чунки ҳаммамиз ишга муккасидан кетганлар эдик. Исо Масиҳ эса бундайларга шундай деган: «Эй оғир юк остида қийналиб, ҳориб-толган ҳаммаларингиз! Менинг ҳузуримга келинг, Мен сизга ором бераман. Менинг бўйинтуруғимга ўзингизни қўшинг ва Мендан ўрганинглар. Чунки Мен беозор ва соддадилман. Шундай қилиб, жонларингиз таскин топар.” Биз ҳар доим нима қилаётганимизга диққат қаратамиз, бироқ Худованд бизнинг дам олишимизни хоҳлайди.

Бу Унинг ҳаётимиз учун мақсади бу биз учун ҳам мақсад бўлиши керак. Баъзиларимиз ҳеч ҳам дам олмаслигимиздан ҳавотирланамиз. Исо Масиҳ эса бизга дам олишни таклиф қилаяпти. Фақат жисмонан эмас, руҳан, ҳиссан ва ақлан чарчашда ҳам дам олиш керак. Воиз китобида шундай доно сўзлар бор: «Меҳнаткашлар кам еса ҳам, кўп еса ҳам тинч ухлайди, бойлар эса бойлиги кўплигидан хавотирланиб ухлай олмайди.” Хавотирланишдан чарчаш эса энг қаттиқ чарчоқ бўлса керак. Ишлаш яхши аммо керагидан ортиқ ишлаш, бизни ҳаддан ташқари ҳолдан тойдиради. Ортиқча бойлик тўплаш учун ишлаш эса, бошқа муҳим ишларни қилишимизга ҳалал беради. Шунинг учун ҳаётимиз учун муҳим бўлган ишларни қилиб, қолганига шошмайлик.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top