«Биз имонлиларга таъсир ўтказаётган Худонинг ҳадсиз-поёнсиз куч-қудрати буюклигини ҳам билиб олинглар» Эф 1:19
Эски уй. Уй эгаси бу уйни яқинда сотиб олди. Сотиб олгач эса, у бу ерларини таъмирлаб, баъзи жойларини бутунлай қайта тиклашни бошлади. Усталар ўша куннинг ўзидаёқ иш бошлашди. Деворларнинг устка қатламларини кўчириб олиб, бошқатдан шпатлёвка қилишди. Деворлар тайёр бўлгач, бошқа ранглар берилди. Уй хоналарининг дизайни ўзгарди. Баъзи жойларига деворга бир-иккита қисмлар жойлаштирилди. Қайта қурилиши керак бўлган, жой ўрни тозаланиб, бутунлай янги бир хона қурилди. Хуллас уй эгаси энг аввало уйнинг ичини тозалаб, ўз дидига кўра қайта тиклади, уй ичи чиройли бўлгач эса, уйнинг аввалгидек ҳароб аҳволда эмаслиги ташқи томондан ҳам кўрина бошлади.
Уйнинг ташқи қисмлари ҳам бутунлай янгилади. Янгича кўриниш уйга жуда мос келди. Сиз ҳам уй қурган ёки уйингизни таъмирлаганмисиз? Агар шундай бўлса бу ишнинг осон бўлмаслигини билишингиз керак. Худованд ҳам бизни безатишни истайди. У бизни муқаддас қўзи қони билан сотиб олди, энди бизни безатмасдан туролмайди. Сиз ўз юрагингизни Унга бўшатиб беринг. Балки уйни ремонт қилгани каби қисқа вақт ичида бизнинг ички дунёмиз ўзгариб қолмас, бироқ узоқ вақт кетса ҳам Худованд бизнинг характеримизда ўзгаришлар қилади. Бизнинг қайғули бир кўринишимиз, гўзал қиёфага киради. Нафрат деворлари қулайди, заифлашиб қолган пойдеворимиз мустаҳкамланади. Она ўз фарзандининг йиғисига жавоб бермай туролмаганидек, Худованд ҳам бизнинг бундай ачинарли ҳаётимизни ўзгартирмай туролмайди.
Бироқ қайта қуриш ҳар доим ҳам ёқимсиз бўлиб келган. Бизнинг бир неча йиллик одатларимиз, характерларимиз Худонинг иродасига кўра қайта таъмирланиши керак. Худога маъқул келмайдиганлари эса бутунлай олиб ташланади. Бу нарса биз учун оғриқли бўлиши табиий. Биз Худованддан: «Мени Ўзинг истаганингдай қилиб ўзгартир», деб сўраймиз. Янги ижод бўлгач, Унга муносиб бўлишни истаймиз. Шунинг учун ҳам бундай ибодат қилишимиз табиий. Бироқ бу айтишгагина осон ҳолос. Шундай деб ибодат қилганимиз билан баъзан ўзгартириши учун Худовандни қалбимиз ичига киритгимиз келмайди. Худованд Ўзи бошлаган ишни охиригача етказишига имкон беринг. Сиз Унга қанча кўп имкон берсангиз ўзингиздаги ўзгаришларни шунча тез кўрасиз.
Бу нарса сиз учун оғриқли бўлса ҳам энди Худо сизда бошлаган ишини Раббимиз Исо Масиҳ келадиган кунгача адо этиши аниқ. У турли вазиятлар, ҳолатлар билан биздаги кераксиз қисмларни олиб ташлайди. Яхшиларини эса ишлов бериб, яна ҳам чиройлироқ қилади. Агар қайсарлик қилиб қаттиқ туриб олсак, Худованд бизни мажбурламайди, бироқ бунда ўзимиз учун қийин бўлади. Бошқаларнинг тез орада ўзгарганини кўриб, ўкинамиз. Нега шу пайтгача ҳам ўзгара олмадим, деб афсус чекамиз. Худо бизда нимаики қилса ҳам ҳаммаси бизнинг фойдамиз учун эканлигини ёдда сақлашимиз лозим. Каломда ҳам бу ҳақида шундай ёзилган: «Худони севганларга, яъни Худо ўз муроди бўйича даъват этганларга ҳамма нарса яхшилик бўлиб хизмат қилади.» Бу жараёнда Худованд билан ҳамфикр бўлишингизни тилаб қоламиз.