3:14

Муаммоларни ҳал қилишда шошилманг

MP3

Ассалому алайкум. Муаммоларни ҳал қилиш ҳам худди қарор қилишга ўхшайди. Агар бирор бир киши шошилиб бир қарорга келса, унинг оқибати ёмон бўлиши мумкин. Чунки яхши ўйлаб кўрилмаган қарор, кишига зиён етказиши мумкин. Оиладаги муаммоларни ҳал қилишда ҳам шундай бўлади. Масалан бир оилани мисол келтирсам. Уларда ўзаро муносабат борасида муаммо бор. Эр эрталабдан кечгача ишлайди. Ҳатто тушлик учун ҳам уйига келмайди. Хотин эса куни билан уйда ўтиради. Одатдаги уй ишлари, эрталабдан нонушта тайёрлаб, болаларни мактабга кузатиш, боғчага олиб бориш, қайтгач эса супир-сидир, кир-чир дегандай. Иш тугамайди. Кечга томон яна болалар мактабдан, боғчадан қайтади.

Аёл деярли фақат болалари билан суҳбатлашади. Уларга дарсларини тайёрлашда ёрдам беради, овқатлантиради. Кечки соат 7-8 ларда эса эр ишдан келади. Унга ҳам алоҳида дастурхон ёзиб, кечки овқатини беради. Эр, бугунги кунинг қандай ўтди, демайди. Болалари билан ҳам қизиқмайди. Хотиним уйда болаларга қараяпти, деган ўй билан болаларидан ҳотиржам. Бироқ бир нарсани унутган. Аёли билан тузук-қуруқ гаплашмайди. Аёл эса фақат болалари билан гаплашишдан чарчаган, эри билан ҳам узоқ гаплашиб ўтиришни, куни қандай ўтганини, болаларидан қайси бири аълога ўқиётгани-ю, қайси бири ўқишда қийналаётгани ҳақида эри билан суҳбатлашишни истайди. Бу истак табиий. Аёл киши муносабатга муҳтож. Ололмагач, сабр-косаси тўлади ва охири портлайди. Бу портлаш эрга ҳам ёқмайди. Ўртада жанжал бўлади.

Эр ўзини оқлаб туриб олган, аёл эса эри уни тушунишини истайди. Хуллас муаммо мана шунда. Бу холатда қандай йўл тутиш керак, деб ўйлайсиз? Албатта ҳар иккиси бир-бирининг ҳолатини тушуниши ва шунга кўра иш кўриши керак. Бу ҳолатни ўйлаб олиш учун эрга ҳам аёлга ҳам вақт керак. Агар ўртадаги совуқчиликни тезроқ бартараф қилиш учун эр-ёки хотин ўша куннинг ўзида муаммони ҳал қилишни истаса натижаси яна ҳам ёмонроқ бўлиши мумкин. Муаммога тезроқ ечим топиш мақсадида аёл эрини мажбурламаслиги, эр ҳам аёлига босим ўтказмаслиги керак. Одатда жанжал пайтида эр ҳам хотин ҳам ҳиссиётларга тўла бўлади. Муаммони эса ҳиссиётлар билан эмас, ақл билан ҳал қилиш лозим.

Шунинг учун ҳам ҳар иккисига ўйлаб кўриш учун вақт керак деб айтаяпмиз. Муаммога ечим топишдан ташқари эр-хотин бир-бирларини қийнаётган масала ҳақида тинчгина ўтириб гаплашиб олишлари керак. Бироқ шундай оилалар ҳам борки, мумкин қадар кўнгилсизликлардан қочадилар. Бу одат бир томондан яхши, бироқ иккинчи томондан ёмон. Бунда оиладаги муаммо ҳал қилинмайди. Бундай оилалар “сен менга тегма, мен сенга тегмайман” қабилида иш тутадилар. Бу эса нормал оила ҳисобига кирмайди. Уларда муносабат борасида жанжаллар бўлмайди, бироқ эр-хотин орасида табиий яқинлик ҳам йўқ. Оилада жанжаллар бўлиши табиий, аммо эр-хотин бу жанжалларни яхшиликка ишлатишлари ва ҳар сафарги келишмовчиликдан сўнг, бир-бирларини тушунишга томон бир қадам қўйишлари лозим. Келгуси суҳбатимиз эр-хотин ўртасидаги муаммоларни муҳокама қилиб олиш ҳақида бўлади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top