Ассалому алайкум. Тумруш қуриш ва бир умр бир одам билан ҳаёт кечириш осон иш эмас. Худо икки мутлақо бир-бирига ўхшамайдиган инсонни никоҳда бирга қилар экан, улар учун режаси бўлади. Ҳар иккала шахснинг характери биргаликдаги ҳаётлари давомида бир-бирига ишқаланиб, мослашиб боради. Турмуш ўртоқлар бир-бирларига мослашишни ўрганишади. Мослашиш ҳали бу бахтли никоҳ дегани эмас. Ҳаётда ҳамма нарсани ўрганиш орқали амалга оширгандек, турмушда ҳам эр-хотин тўлиқ бахтли бўлишлари учун, оиладаги баъзи масалаларда ҳар иккиси ҳам ўрганиши керак бўлади. Борди-ю, турмуш ўртоқлардан бири, ўрганишни истамаса, қандай бўлса ўшандайлигича ҳаёт кечиришни истаса, унда шеригининг тўлиқ бахтни ҳис қилишига тўсқинлик қилган бўлади.
Эркак бахтли турмуш кечиришга интилмаса, аёли азоб чекади. Аёл истамаса, эркак азоб чекади. Турмуш ўртоқлардан бирининг худбинлиги бир оила бахтига соя солади. Бироқ нима бўлганда ҳам умидни йўқотмаслик зарур. Агар турмуш ўртоғингиз ўрганишни истамаса энг биринчи ўзингиз устингизда ишлашни бошланг. Кўпинча бирор нарса ўрганган бўлсак, энг аввало турмуш ўртоқларимиз ҳақида ўйлаймиз ва унинг камчилиги кўз олдимизга келади. «Қанийди у шунақа бўлса», деймиз. Бироқ ўрганганларимизни ўзимизда синаб кўриш ҳақида ўйламаймиз. Диққатингизни турмуш ўртоғингизга қаратмасдан, ўзингизни назорат қилиш ҳақида ўйланг. Сизда эрингизнинг гапларига салбий фикр билдирадиган одат борми? Баъзи масалаларда гаплашишдан қочасизми? Тез-тез нолиб турасизми?
Турмуш ўртоғингиз ўзини қандай тутишидан ёки нима қилишидан қатъий назар юқоридаги нарсаларни қилмаслигингиз керак бўлади. Турмуш ўртоғингиз бу нарсаларни ўрганишни истамса ҳам ўзингиз ўрганганларингизга кўра унга шу нарсаларни кўрсатишингиз мумкин. Оилангиздаги баъзи муаммоларни ҳал қилиш учун биргаликда ҳаракат қилмай туриб ҳам ўрганганларингизни амалда қўллашингиз мумкин. Бу қийин бўлади. Масалан: бир муаммо устида тортишиб қолдингиз, муносабатлар силлиқлангач, турмуш ўртоғингизга биргаликда вақт ўтказиш учун бирор нарса таклиф қилишингиз мумкин. Агар турмуш ўртоғингиз сиз билан бирга, бирор ёққа чиқишга рози бўлса, нур устига аъло нур бўлар эди. Бироқ бунинг иложи бўлмаса, дам олиш кунларидан бирида турмуш ўртоғингиздан бирор нарса қилишга ёрдамлашиб юборишини сўранг.
Масалан аёллар, пардани илиш учун эрингиздан ёрдам сўранг. Эркаклар эса бирор нарса тузатиш учун аёлини чақириши мумкин. Шу имконият ҳам муносабатларга ёрдам беради. Ҳар сафар эр-хотин бирор нарсани биргаликда бажарса, муносабатлари мустаҳкамроқ бўлади. Албатта биз суҳбатларимиз давомида бераётган маслаҳатларимизнинг ҳаммаси ҳам оилангизга тўғри келмаслиги мумкин. Биздан эшитганларингизни оилангизга мослаб ишлатиш сизнинг уқувингизга боғлиқ. Муҳими қўллайдиганингиз ҳар иккингизнинг муносабатингизга зиён келтирмасин. Турмуш ўртоғингиз ўрганишни истамаган тақдирда ҳам сиз унга ёқадиган бирорта мавзуни топиб, ўша мавзу ҳақида суҳбат очинг. Бу суҳбат уни ўзига тортади. Сизлар ажойиб вақт ўтказасизлар. Муҳими сиз бошлаган суҳбат ўзингиз учун ҳам ёқимли бўлсин.