Ассалому алайкум. Суҳбатимизни бошлашдан олдин Ибронийлар12:29 оятни ўқисак: «Чунки бизнинг Худойимиз – еб тугатадиган оташдир.» Ëдингизда бўлса ўтган сафар олтин, кумуш, бронза ва қимматбаҳо тошлар ва уларнинг рамзий маънолари ҳақида суҳбатлашган эдик. Олтин Худонинг илоҳийлигининг рамзи бўлса, кумуш тўлов ва сотиб олиниш рамзи. Бронза эса қудрат ва ҳукмнинг рамзи. Худованд Мусога маъбад учун қимматбаҳо тошларни ишлатишни буюрган. Қимматбаҳо тошларнинг рамзий маъноси нима? Қимматбаҳо тошлар бу – биз – Худонинг фарзандлари. Худованд бизни маҳшар куни синайди. Агар ҳақиқатда қимматбаҳо аталишга лойиқ иш қилган бўлсак, мукофотланамиз. Маъбаддаги тилла ёлғиз Худовандгина Худо аталишга лойиқлигини, фақат У Худолигини билдиради.
Кумушдан ясалган нарсалар эса сотиб олинганимизнинг шукронаси рамзидир. Қимматбаҳо тошлар эса Худо фарзандларининг рамзидир. Агар сиз имонли бўлсангиз, сизга чиқариладиган ҳукм тақдирингизни белгилаб бермайди. Исо Масиҳни юрагингизга қабул қилганингиздаёқ сизнинг тақдирингиз маълум бўлган. Чунки Раббимиз Гўлготада бизнинг ёзиқларимизни ўчирган. Бизнинг тақдиримиз шундай: баъзиларимиз қилган ишларимизга яраша совға оламиз, баъзиларимиз эса оловдан қутулиб чиқамизу, ҳеч қандай мукофот олмаймиз. Бироқ ҳар бир имонлига бир мукофот аниқ ваъда берилган. Бу мукофотни биз то самога чиқмагунимизга қадар кўрмаймиз. У мукофот Раббимиз Исо Масиҳ. Нега маъбад учун турли хил ранглардаги иплар ва тошлар ишлатилган? Масалан, кўк, бинафшаранг, қирмизи.
Кўк самонинг рамзи ҳисобланган. Бинафшаранг эса қадимги маданиятга кўра шоҳоналикнинг ва гўзалликнинг рамзи ҳисобланган. Қирмизи ранг эса қоннинг, оғриқ ва қурбонликнинг рамзи ҳисобланган. Маъбадга ишлатиладиган яна бир нарса бу нафис зиғир матоси эди. Худованд қайта-қайта нафис зиғир матосини ишлатишни таъкидлаган. Хўш, нафис зиғир матоси нимани англатган? У Худо азизларининг солиҳлиги рамзи эди. Бу матони руҳонийларга кийим тикиш учун ишлатишган. Худди шу ерда Довуд билан Йўнатаннинг дўстлашиш воқеасини эслайлик. Йўнатан шоҳнинг ўғли эди. Шоҳликнинг энг асл кийимларини киярди, бироқ у Довуднинг ҳам ўзи эга бўлган нарсаларга эга бўлишини истади. Йўнатан Довуд билан ўрин алмашишни хоҳлади. Довудга келсак у оддийгина камбағал оиланинг боласи эди.
У эски, ҳидланган ва кир чопон кийиб юрган. У чўпон бўлгани учун унинг чопонидан тер ҳиди ва қўйларнинг ҳиди келган. Йўнатан ва Довуд дўст бўлишга аҳдлашишган пайтда иккаласи чопонларини алмашишди. Мана шу нарсани Исо Масиҳ билан бизга айнан ўхшатиш мумкин. Исо Масиҳ бизга ўзининг чопонини кийдирди, ўзи эса бизнинг кирланган ва ҳидланган чопонимизни кийди. Худованд каломда солиҳликнинг уч турини айтади: 1) бизнинг солиҳлигимиз уламоларнинг солиҳлигидан устун бўлиши керак. 2) Масиҳдаги солиҳлик. 3) Шу солиҳлик билан яшаш. Худо бизга берган шоҳона чопонга шунчаки эгамизми ёки уни кийаяпмизми? Шоҳона чопонни кийиш бу Худо бизга берган солиҳлик билан яшаш демакдир. «Раббинг бўлган Худовандни бутун қалбинг билан, бутун жонинг билан, бутун онгинг билан ва бутун қувватинг билан сев.»