3:31

Очиқ эшик

MP3

«Шунинг учун У ҳар жиҳатдан биродарларига ўхшаб қолиши керак эди, халқнинг гуноҳлари учун Худо ҳузурида таважжуҳ қила оладиган марҳаматли ва содиқ Олийруҳоний бўлмоғи лозим эди. Ўзи синовдан ўтиб азоб чеккани учун синовдан ўтаётганларга мадад бера олади.» Ибронийларга 2:17-18

Ибронийларга биринчи боб, Исо Масиҳни фаришталардан олий, деб айтса, учинчи боб Исонинг Мусодан ҳам буюклиги ҳақида айтади. Хорун исроил халқининг энг олийруҳонийси бўлган, бироқ Исо Масиҳ Хорундан ҳам буюк эди. Исо Масиҳнинг руҳонийлиги Унинг ердаги хизмати пайтида бошланди. Энди эса Унинг руҳонийлиги абадий давом этади. Ибронийларга 7 бобда Исо Масиҳ ҳақида шундай сифатлар келтирилган. «У муқаддас, айбсиз, нуқсонсиз, гуноҳкорлардан ҳоли.»

Хўш, нима учун Исо Масиҳ айнан танада зуҳур бўлди? Чунки У бошқалар бошидан кечирадиган қийинчиликлар-у, синовларни ўз танасида ҳис қилиши керак эди. Ўзи шу синовлардан ўтгани учун, биз синовдан ўтаётганларни тушунади ва ёрдам бера олади. 1 Коринфликлар 10:13 оят шундай дейди: «Бошингизга оддий инсоний васвасадан бошқа васваса келмаган. Худо эса содиқдир, У кучингиздан ортиқ васвасага тушишингизга йўл қўймайди, лекин васваса билан бирга тоқат қилишингиз учун иложини ҳам беради.» Хўш бу оят орқали Худованд сиз-у бизга қандай ваъда бераяпти? Исо Масиҳнинг инсон қиёфасига киришга нима учун рози бўлганини биласизми? Бу ҳақиқатдан биз шу нарсаларни биламиз: 1) Бизнинг орамизда яшаш учун Худо инсон қиёфасига кирди. 2) Исо Масиҳ инсон зоти бошидан кечириши мумкин бўлган ҳар қандай қийинчиликни бошидан кечирди.

3) Келадиган ҳар бир васвасадан қочиш учун Худованд бир эшик берган. 4) Фақат Масиҳгина гуноҳсиз инсон сифатида бизни васвасалардан қутқаришга қодир. 5) Масиҳ келадиган ҳар бир васвасадан қочишга эшик очиб берибгина қолмай, Унинг Ўзи эшик бўлган. «Мен эшикман. Ким мен орқали кирса, нажот топади.» 6) Нажот эшиги орқали кирган одам, ҳар кунги васвасалар чоғида ҳам шу эшикдан кириб нажот топади. 7) Масиҳ ҳам ўз вақтида васвасаларга учрагани учун, биз каби қийналганларга ёрдам бера олади. 8) Масиҳ очган ҳар қандай эшик ёпилмайди. Ваҳий китобида шундай ёзилган: «Мана, олдингдаги эшикни очдим, уни ҳеч ким бекига олмайди». Шунинг учун на шайтон ва на бошқаси бизни енга олмайди, чунки васвасалардан қутулишимиз учун эшик доимо очиқ туради.

9) Гарчи гуноҳ устидан ғалаба қилишимиз учун очиқ эшикдан марҳамат ёғилиб турган бўлса ҳам васваса чоғида танлашимиз керак; ё очиқ эшикни танлаймиз, ё васвасага берилиб, гуноҳ қиламиз… 10) Ва, ниҳоят васвасаларга дош берган Зот биз учун нажот Эшиги бўлади, ва бизни кундалик васвасалар чоғида нажот эшигидан олиб ўтади. Биз учун шафоат қилади. Шайтон ҳар куни бизнинг руҳий ҳаётимизда жуда усталик билан ишлайди, агар хушёр бўлмасак, қандай қилиб унинг ёлғондан тўқилган тўрига илашиб қолганимизни билмай қоламиз. Ҳар сафар васваса келганида ёнимизда очиқ эшик ҳам бўлади, фақат у томонга қайрилиб қарамаймиз. Шайтон бизнинг олдимизда турган очиқ эшикни ёполмайди. У ҳар доим очиқ ва сиз-у бизни кутиб турибди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top