Азиз эркаклар, ўғиллар, йигитлар ўғил фарзанд ота-она учун ушалган орзу, юрак бутунлигидир. Қолаверса жон кушандаси ҳам, мол кушандаси ҳам ўғли бор уйдан ҳайиқади. Ўғил кўрмадим деб, ширин рўзғоридан ажралиб кетганлар бор. Бу армонларини ичига ютиб, умр бўйи юраклари йиғлаб юрганлар қанча. Аммо ноқобил ўғилларнинг дастидан пушаймон билан ўтаётганлар, улар туфайли хонавайрон бўлган тақдирлар қанча! Нафсиламбирини айтганда бугунги йигитларимиздан кўнглимиз андак тўлмайди. Ўғли борларнинг кўнглида бир таскин бор – энди мени беминнат кўмадиганим бор, дейдилар. Дарвоқе, киши кексайганда гўдаксифат бўлиб, кимгадир суяниб қоларкан. Ўғли йўқлар эса ўзларини гўё етим қаригандай ҳис қиларканлар. Бир қиз ўнта ўғилнинг мурувватини кўрсатса ҳам, ўғлим йўқ деб, ота-онанинг кўнгли суст кетаверади… шундай гаплар йигитларжон, сизнинг ўрнингизни ҳеч ким босолмайди. Ота –она учун ўғлидан кўрилган роҳат ҳақиқий роҳат, қолгани эса миннатлидай туюлаверади… Ўнта бўлса ўрни бошқа , дейди халқ. Акаларим ёки укаларим қараяпти деб ғофил бўлманг. Улар ўша келмаган боласига умидвор бўлаверадилар. Ўн ўғлон бир нонвойдан нон олиб келтирса билингки, ота-онангиз бу нонлардан ўн хил маза туйиб ейди.
Ўғлоним, ўғилни ўтиб кетсам уйимни чироғи ўчмайди, деб ҳам тилайдилар Падарингизнинг уйини имконингиз етганча обоб қилишга интилинг.Авлодингизнинг номи “фалочизода” дея аталиб, эркакнинг исми-шарифи билан барқарор бўлиб қолади. Шу боис, авлодингизни яхши ном олиши сиз, эркакларнинг фазилатларингиз ва ориятингизга боғлиқдир. Сиз куёв бўласиз. Бу ҳам ҳаётингизнинг янги бир босқичи бўлади. елкангизга қўйилган бу юк – рўзғордир. Бу юз ор ва юз кор демакдир. Бир томонга қарасангиз – севикли жуфт. Бир томонда эса сизни умрларини узиб ясаган ота-онангиз, бир ёқда жигарбандлар. Сиз учун уй қурилди, пуллар сарфланди. Ота-онангиз сиз туфайли келинли бўлдилар. Улар учун сиз шу бугундан катта бўлиб қолдингиз. Бу катта бўлишингизни туғилган кунингиздан то шу тўйгача кутдилар. Уларнинг сизга аталган дуоларини китоб қилса бўлади. ул дуолар ота-онангиз наздида тўйни бошлабоқ ижобат бўладиганга ўхшайверади.. атрофдарилар сизни жиддий кузата бошлайдилар, ҳар бир ҳаракатингизни тарозуга соладилар. Бироқ сиз ҳамиша ҳам зийрак эмассиз. “Ота-онамнинг кечаги боласиман-да, улар менинг ҳамма феълимни кўтаришади”, дейсиз. Тўйгача қандай бўлсангиз, тўйдан кейин ҳам шундай тута берасиз ўзингизни – дарз кетиш шундан бошланади.
Ота-она уйланиб “улғайиб” қолган боласидан катталардан кутадиган вафони кутади. Салгина гапингиз оғир ботиб, салгина ишингиздан ранжийдиган бўлиб қолади. Бунинг устига сиздаги жами салбий жиҳатларни келиндан кўра бошлайдилар. Қарабсизки, бегуноҳ келин ҳам хунук кўринади. Бу суҳбатларимиздан ўзингизга керакли хулоса чиқариб оласиз деган умиддамиз. кейинги суҳбатларимизни тинглаб борсангиз, ўзингиз ҳақингизда бундан-да қизиқроқ нарсаларни билиб оласиз.