3:56

Ўғилларга

MP3

Ўғлоним, кўксимизда уриб турган юрак учун, бу ёруғ дунёни кўриб турган кўзимиз, тутиб турган қўлимиз ва босиб бораётган оёқларимиз учун ота-онамиз қошида қарздормиз. Тақдиримиз учун уларнинг қўшган ҳиссалари эса бебаҳодир. Ўзимизнию жуфтимизни қўйинг, бола-чақамиздан ҳам аввал ўшалар олдида бурчлидирмиз. Улар энди омонат, қўлдан кетиши яқин бўлган неъматларимиздир. Агар уларни рози қилишга улгурмас эканмиз, умримиз кўргиликлардан ҳоли бўлмагай. Мен шундай бир оилани биламан. Ота-она 35 йилдан кўпроқ ўқитувчилик билан шуғулланди. Икки қиздан сўнг кутилган ўғил дунёга келди. Уни фаҳр билан вояга етказдилар. Унинг учун ҳамма нарса қилишга тайёр ота-она эди улар. Ўғилни не-не орзу ҳаваслар билан уйлантиришди. Улар келинни қизидай кўриб, муомала қилдилар. Аммо бир кун она қалбига дарз кетди. Ўғил хотиннинг косметикаси деб онага гап қайтарди. 25йил меҳр билан катта қилган онага хотиннинг ёнини олиб гап қайтарди. Онанинг ўша заҳоти кўнгли чўкди. Ўғлонлар, уйлангач, ота-онангизга кўпроқ ғамхўр бўлинг. Албатта суюкли ёрингиз сиз учун қадрли аммо ёрингиз билан бирга ота-онангизни ҳам қадрлашни унутманг. Сизнинг ҳар битта озорларингиз уларнинг умрларига завол бўлиши мумкинлигини ёдингиздан чиқарманг. Тўғрисини айтганда, одам кексайган сари ё асаби бўшашади ё тили аччиғланади, ё соғлиғи чўкади. Бундай одамлардан ҳар доим ҳам рисоладагидай муомала кутиб бўлмайди. Шундай ҳолда дўст-ёрон, қўни қўшни ундан узоқлашиши мумкин. Фақат фарзандгина безмаслиги шарт! Бундай пайтда бизга сабр, уларга эса меҳр, эътибор ғоят даркордир. Оилали бўлгач, айниқса бу ҳақида кўпроқ ўйланг, ўғлоним, ва ишонингким, сиз билан ота онангиз орасида қандай иқлим бўлган бўлса, эртага сиз билан болангиз ўртасида ҳам шу такрор бўлғусидир. Сиз шуни уддалашга уринингки, ота-она сизга мослаб муомала қилмасин. Сиз уларга мослашинг. Мослашиш ёшларга осондир. Кексаларнинг шу туриши ҳаётнинг минг бир чиғириғидан ўтган ҳолатидир. Сиз ўзингизни шундай тута билингки, болам бари эътиборини менга қаратяпти деб ишонсинлар. Сиз шундай кўринингки, боламиз биздан ҳеч нарсани аямайди, деб билсинлар. Сиз уларга шундай меҳрибон бўлинг, токи шундай қобил боламизни дилини оғритиб қўймайлик дея, ўзларини қоидага солишга уриниб қолсинлар…

Инжиқ, бемор ота онани кўз устида ардоқлай билган фарзанд ҳақиқий фарзанддир. Худованд унинг ўзига ҳам шундай фарзанди солиҳлар ато қилгусидир. Сиз бугун ота-онангизга қандай муомала қилаётганлигингизни фарзандларингиз кўради. Улар ёш бўлса ҳам зийрак, кўрган нарсаларини олиб қоладиган бўладилар. Келажакда сиз ҳам ўғлингиздан меҳр, эътибор, ғамхўрлик кутасиз. Ҳозир сиз ўз ота-онангизга шуларни бера оляпсизми. Қўлингиздан келганча ота-онангизга ғамхўрлик қилинг. Қай бирини боқаман, ҳам оиламни ҳам ота-онамни боқишга қурбим етмайди, деманг. Ота-она сизнинг олиб келган нонингиздан ҳам кўпроқ ўзингизга, эътиборингизга, ширин сўзларингизга зор бўлади. Руҳам уларга яқин бўлинг, дардларини олинг. Сиздай ажойиб ўғилни бергани учун Худовандга шукрлар қилсин!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top