Эркак мағлубиятининг яна бир сабаби мавжуд. Бу “кучли” тоифанинг етмиш саксон фоизи шу кўргуликка учрайди. Йигитларжон келинг ошкора гаплашайлик, яхшилаб бир эсланг ва таҳлил қилинг, ака-укаларингиз, қўшнингиз ёйинки дўстингизни, ҳаттоки ота-онангизни ёмон кўришингиз қачондан бошланган? Тўқсон фоиз ўрнида қулоғингизга илинган яхши-ёмон гаплардан эмасми? Сизни совитадиган бу гапларни эрталабда, кечқурунда қулоғингизга қуйиб турган аёлингиз эмасми? Ҳа, худди шундай! Ахир сиз аёлингизнинг бир оз ёлғон гапиришини ёки саёз ўйлаб қўйишини, гоҳида тўғрини тескари тушунишини ҳам билиб турасиз. Аммо эшитганларимни кузатиб, таҳлил қилиб кўрай демайсиз, лаққа туша қоласиз. Бу сиз учун даҳшатли ютқазишдир.
Аёлнинг эркакдан устуворлиги шуки, эшитган нарсасига таҳлил билан ёндошади. Уни эътиқод қўйган нарсасидан айириш, совутиш қийин. Аёллар воқеа ҳодисаларга нисбатан келган тўхтамларида эркакларга қараганда собитдирлар. Сизга малол келмаслиги учун дадил гапирай: аёлингизнинг онасини йил-ўн икки ой ёмонланг, қариндош-уруғини минг айбини айтиб исботланг, сизни ёмон кўриб борса борадики, онасидан тонмайди, яширинча бўлсада уларни йўқлашни қўймайди. Бирорта аёлнинг эри туфайли яқинларидан кечиб кетганини ҳеч кимса эшитган эмас. Аммо хотиннинг гапи билан онасидан меҳри совиган, ака-укасидан воз кечган эркаклар сон мингта. Бу – эркак зотининг минг бир фазилатини ювиб кетадиган заифлигидир. Худованд эркакни оиланинг боши қилиб яратган. Оиланинг боши бўлиш бошқариш эмас, ғамхўрлик қилиш ва ҳокимлик қилиш эмас жавобгарликдир. Демак ҳар бир эркак оиласини бошқаришни жавобгарлик деб билиши ва уларга ғамхўрлик қилиши лозим. Эр киши уйлангач хотини билан аввал ҳеч ким билан бўлмаган яқин муносабатда бўлади. бу муносабат табиийки баъзи эркакларни ота-оналаридан узоқлаштириб қўяди. Эркакда бўлгани каби ҳар бир аёлда ҳам заифлик бўлади. бу заифлик уларнинг оилани ўз қўлига олишга интилишидир. Дастлаб Момо Ҳаво бу заифликни адан боғида намоён қилган. У Худованд маън этган олмани еб, эрига ҳам ўша олмани егизган. У эрига ўз таъсирини ўтказган. Ҳолбуки Одам Ато ўша олмани емаслиги керак эди. Шунинг учун азиз уйланган эркаклару йигитлар аёлингиз сизнинг қўлингизга келар экан ҳали ишлов берилмаган гавҳарга ўхшайди. Ўша гапвҳатни қанчалик даражада гўзал қилиш сизнинг қўлингизда. Аёлингизга ғамхўрлик қилиш баробарида, ундаги камчиликларни йўқотиб боринг. Аёлингиз яқинларингиз ҳақида бирор ножўя гап айтгудай бўлса, уни ўша заҳот тўхтатинг. Ҳар сафар унга ўзи келин бўлиб тушган оилани ҳурмат қилиши зарурлигини, энди унинг ўзи ҳам шу оиланинг аъзоси эканлигини эслатиб туринг. Бу ҳислатларни унга яхшилик билан сингдириб боринг. Ақлли ва фаросатли эрлар ҳеч қачон ўз оиласини хор қилиб қўймайди. Улар аёлининг сўзларига кириб ота-онасини, яқинларидан воз кечмайди. Бугунги суҳбатларимизда Турсуной Содиқованинг эсселаридан фойдаландик. Суҳбатларимиз сизларга маъқул келди деган умиддамиз.