3:14

Бошқа шубҳаланмайман

MP3

Бу воқеа эрамизнинг 34 йилида Қуддусда содир бўлган эди. Бу Раббимиз Исо Масиҳнинг шогирди Фоманинг гувоҳлиги. Фома болаҳонанинг эшигини таққиллатди. Эшик зумда очилди. У ичкарига киргач эшикни ёпишди. У ичкарига кириши билан биродарлари унинг атрофини ўраб олишиб, ҳаммаси бараварига гапира бошлашди. Ҳаммаси баравар гапираётганидан уларнинг нима деётганларини тушунишнинг иложи йўқ эди. «Фома, Фома, магдалалик Марям айтганлари тўғри чиқди. У тирик экан! ». «Фома, биз Уни кўрдик. » Фома қўлларини кўтариб, уларни тинчлантирди. «Тшшшш! Ҳаммангизни баравар эшита олмайман-ку! Бутрус, нима бўлди?» «Фома, биз Раббимизни кўрдик. У мана шу хонада биз билан бирга эди. У биз билан гаплашди.»

Фома биродарларига норозилик билан қараб: «Биродарлар Раббимиз ўлганидан бери ҳеч биримиз ухлай олганимиз йўқ. Кўзингизга кўрингандир» — деди. «Ҳаммамизга бир хил нарса кўринадими? Яна бир вақтнинг ўзида-я? Мен сенга айтаяпман-ку, биз Уни кўрдик. У қулфланган эшикдан кириб келди.» «Қулфланган эшикдан кириб келди?» Ҳамма бош ирғади. «Тушунарли. Бу руҳ бўлган! Сизлар Исо Масиҳни эмас руҳни кўргансизлар.» «Фома ишончимиз комил, бу Раббимиз эди. У бизга қўлларидаги мих изини ва биқинидаги найза ўрнини кўрсатди. Ўшанда бу аниқ Раббимиз эканига буткул ишондик.» Марям ҳам буни тасдиқлади: «Фома, агар ўша пайт сен ҳам шу ерда бўлганингда Унинг шубҳасиз Устозимиз эканини билган бўлардинг.»

Фома бош чайқади. «Бирортангиз Унга тегиб кўрдингизми? Йўқ! Унда Унинг руҳ эмаслигини қандай биласизлар? Сизлар ишонсангиз, ишонаверинглар. Аммо мен Унинг қўлларидаги мих изларини ва биқинидаги найза санчилган жойига тегиб кўрмагунимча ишонмайман. » Бир ҳафтадан сўнг, биродарлар яна уйда тўпландилар. Фома ҳам улар билан бирга эди. Ҳар доимгидек уйнинг эшиклари қулф бўлган пайтда, Исо Масиҳ келди ва ўрталарида туриб: «Сизларга тинчлик бўлсин!» — деди. Исо Масиҳ Фомага қараб: «Бармоқларингни қўлларимга теккизиб, ушлаб кўр. Қўлларингни биқинимга қўй. Имонсиз бўлма, имонли бўл!» — деди. Ўша заҳоти Фома Исо Масиҳнинг оёқлари остига тиз чўкиб: «Эй, менинг Раббим ва Худойим» — деди.

Унинг Исо Масиҳ қўлларидаги мих изларини ушлаб кўришнинг ҳам хожати қолмаган, Унинг ҳақиқатда Исо Масиҳ эканини юракдан ҳис этиб турарди. Исо жилмайди. «Сен Мени ўз кўзларинг билан кўрганинг учун ишондинг. Бироқ кўрмай туриб ишонганлар қандай бахтлидирлар!» Фома эса ўша кундан бошлаб, Исо Масиҳнинг тириклигига шубҳа қилмади. Кейинроқ Исо Масиҳнинг шогирдлари дунё бўйлаб хушхабар айтиш учун йўлга чиққанларида, Фома Хиндистон ва Жанубий Африкага хушхабар айтиш учун танланган эди. Гарчи, унинг ёввойи қабилалар орасида яшашига тўғри келган бўлса ҳам, ўша ерда кўплаб кишиларни имонга келишига сабаб бўлди. Эрамизнинг 70 йилларида эса Хиндистоннинг Каламина, одамлари қуёшга сиғинадиган жойига келиб, Худонинг қудрати билан у ердаги халққа хушхабар етказди. Уларнинг санамларини йўқ қилиб ташлади. Бутпараст руҳонийлар эса ундан ғазабланиб, уни оловга ташладилар. Бироқ олов унга ҳеч қандай зиён етказмади. Кейин эса уни найза билан ўлдирдилар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top