Ассалому алайкум биродарлар. Биз нажот топган бўлсакда, эски табиатимизда бизни Худога яқинлашишимизга ҳалал берадиган бир нечта сифатлар бор. Баъзан ўзимиздаги ана шу эски сифатлар ҳали ҳам ҳаётимизда амал қилаётганини сезмаймиз. Баъзан эса сезсак ҳам уларни йўқотишга астойдил ҳаракат қилмаймиз. Нима бўлганда ҳам Худовандни чин дилдан билишни, Уни мамнун қилишни истаган инсон эски табиатидан воз кечиши лозим. Худога яқинлашишимизга ҳалал берадиган гуноҳли сифатлар, жамоатда биродарлар билан муносабат қилишимизга ҳам ҳалал беради. Айнан шунинг учун ҳам бу сафарги суҳбатларимизни Худога яқинлашишимизга ҳалал берадиган тўсиқлар мавзусига бағишладик. Бугун эса деярли ҳар биримизда учрайдиган мағрурлик ҳақида суҳбатлашамиз.
Худо бизнинг ҳаётимизда қудрат билан ишлашни истайди. Биз танланганлар, Худованднинг кимлигини дунёга билдиришга даъват этилганмиз. Атрофимиздагилар бизнинг ҳатти-ҳаракатларимиз, юриш-туришимиз, гап-сўзларимиз орқали биз ишонадиган Худонинг қандайлиги ҳақида ҳулоса чиқарадилар. Биз Худовандимизнинг улуғворлигини қидиришимиз керак. Агар биз ўзимизда Худонинг кимлигини намоён қила олсак, Худони улуғлаган бўламиз. Худо ҳам бизнинг ҳаётимизни улуғлайди. Кимда-ким чин дилдан ҳаёти орқали Худони кўрсатишни истаса, ўшандай одамлар ҳаётида Худованднинг улуғворлиги кўринади. Бу айтишгагина осон. Инсоний табиатимиз ўз истакларимиздан кўра бошқа бировнинг истакларини бажаришга йўл қўймайди. Худовандни улуғлашимизга биздаги бир нарса – мағрурлигимиз тўсқинлик қилади.
Худованд бизга белгилаган маррага етиб боришимиз учун Шоҳларнинг шоҳи бўлган Худованднинг ҳаётимиз орқали кўринишига изн беришимиз керак. Биз бу йўлда ўз хоҳишларимизни бажаришга ундаётган васвасани енгиб ўтишимиз керак. Ҳаётингизнинг қайси қисмида қуллик бор? Нимадан озод бўла олмаяпсиз? Ўша нарсаларни Худовандга яқинлашишингиз йўлида, тўсиқ деб билиб, улардан озод бўлиш истаги борми? Шундай бўлса, мағрурликни ҳам энг катта тўсиқ деб билинг. Чунки бу сизни қулликка етаклайдиган энг хавфли тузоқдир. Еремия пайғамбарнинг китобида ёзилишича, мағрурлик Худога ва Унинг буйруқларига диққат қилишимизга ҳалал беради. Агар биз мағрурлигимиз туфайли Унга қулоқ солмасак, Худованд яширинча йиғлайди, аччиқ-аччиқ кўз ёш тўкади, чунки биз — Унинг қўйлари қулликка томон кетаётган бўламиз.
Бу ҳақида Еремия китобида шундай ёзилган. Мағрурлик дўстликни, оилани, бошлиқларни бузадиган ҳислат. У кишининг ҳарактерини булғайди, ишидан маҳрум қилади. Худованд юрагимизга киришни истайди, бироқ мағрурлик юрагимизни қоплаб олиб, Худонинг киришига тўсқинлик қилади. Худованд бизни ўтмишимиздаги ҳар қандай тўсиқлардан озод қилишни истайди, бироқ мағрурлик бизнинг диққатимизни қайта-қайта ўтмишга қаратади. Худованд бизнинг Каломида ёзилганидек ҳаёт кечиришимизни истайди, аммо мағрурлик унга амал қилишни истамайди. Худованд бизни бутунлай озод қилишни истайди, мағрурлик эса аллақачон озод бўлганман деб ўйлайди. Биродарлар мағрурликдан ҳалос бўлиш пайти келди. Бунинг учун Худованд сизга ёрдам беради. Бу тўсиқни олиб ташлашни истасангиз Унга мурожаат қилинг.