3:27

Бола тарбияси ҳақида мунозаралар 2 қисм

MP3

Ассалому алайкум. Бугун ҳам ҳеч қачон ўзгармайдиган мавзу бола тарбияси ҳақида суҳбатимизни давом эттирамиз. Биз оилада бола тарбиясига она масъул, она фарзандлари билан шуғулланиши керак, деган фикрга одатланиб қолганмиз. Бироқ оилада фарзанд тарбиясида отанинг ҳам ўрни катталигини рад этолмаймиз. Рад этолмаган ҳолда, бу ҳақиқатга бепарво қараймиз. Бир китобда ўқигандим. Оилада қиз бола учун отанинг тарбияси, эътибори ва меҳр-муҳаббати жуда муҳим экан. Қизнинг рисоладагидек яхши ўсиши, келажакда одобли, иболи шарму-ҳаёли қиз бўлишида отанинг ҳиссаси ҳам катта бўларкан. Қиз бола ёшлигиданоқ отасидан меҳр кутади, ўғил эса онасидан. Агар қизалоқ ёшлигидан отасининг меҳрини етарлича олган бўлса, отасининг эътиборидан қониқса, катта бўлгач, кўчадаги бегона эркаклар ва йигитларга қизиқмас экан.

Шунинг учун ҳам оилада ўғил ва қизга отанинг меҳри, эътибори бирдек муҳим. Ота-она оилада фарзандларига яхши сўзлар билан мурожаат қилишлари, хато қилганларида дашном бериб, яхши иш қилганларида мақтаб қўйишлари лозим. Инсон зоти ёмонликни тезда илғайди, ёмонлик учун фарзандларимизни койиймиз, бироқ яхши иш қилганларида уларни мақтаб, рағбатлантириб қўйишни билмаймиз. Нега ота-она фарзандининг қорни ва уст-боши ҳақида бош қотиради-ю, унинг қалби, дунёқарашининг ташвишини қилмайди?! Оилада ота-она қандай сифатларга эга бўлса болалар ҳам улардан ўрнак олиб улғайишади. Бир оилани билардим. Она фарзандларига мулойим муносабатда бўларди. Аслида онанинг табиати шундай эди. Ҳатто фарзандлари ёмон иш қилганларида ҳам овозини баландлатмай, дашном берарди.

Мулойим, хушфеъл, ақлли ва дунёқараши кенг онанинг тарбиясини олган бола атрофига, жамиятга нисбатан меҳрибон бўлади. Оналар болалари билан муносабатда босиқроқ ва эҳтиёткорроқ бўлганлари маъқул. Болага ҳеч нарсани тушунмайдиган гўдак сифатида эмас, шаклланаётган шахс, инсон сифатида қараш керак. Жуда қаттиқ қўл бўлиш ҳам ярамайди, шунингдек талтайтириб ҳам юбормаслик керак. Болага қандай тарбия берилса, келажакдаги мевалари ҳам шунга кўра бўлади. Боланинг руҳиятига қарайдиган бўлсангиз, у тахминан 2-7 ёшлар атрофида жуда ҳам эътибор талаб бўлиб қолади. Бу асосан оиладаги муҳит, яъни иккинчи чақалоқнинг ташрифи, унга аталган меҳрнинг бошқа фарзанд ёки иш билан бўлинишида кузатилади. Ота-оналар турмуш ташвишлари билан бўлиб ҳам фарзандларига кам эътибор берадилар.

Ҳар қандай вазиятда ҳам ҳар бир бола учун алоҳида вақт ажратиш керак. Ишхонангизда қандай кўнгилсизлик бўлмасин, уйда болангизга бақирманг. Ишдан келишингиз билан фарзандингизга бақирсангиз, сизга янги кўйлакчасини кўрсатмоқчи бўлган қизалоғингизнинг, ёки боғчада ёдлаган шеърини айтиб бермоқчи бўлган ўғилчангизнинг кўнгли чўкади. Ҳеч қачон боалнгизга бақирманг! Боланинг хотираси кучли бўлади, ҳар гал сизга қараганида ўша бақириғингиз ёҳуд ҳаракатингиз эсига тушаверади. Болага яхши тарбия беришнинг энг яхши ва самарали йўли бу уларга ўрнак бўлишдир. Ота, эртага фарзандинг улғайгач, сенга меҳрли ва ғамхўр бўлишини истайсанми, унга ҳозирданоқ, ғамхўр ва меҳрли бўл. Эртага қариганингда сени эшитишини истайсанми, ҳозирданоқ уни эшит. Оналарга ҳам маслаҳатимиз шу. Бугун нима экасангиз эртага шуни ўрасиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top