Бугунги кунда кўплаб кишилар нотўғри овқатланиш туфайли, ўзларига бир қатор касалликларни орттириб олмоқдалар. Камҳаракат ҳаёт тарзи, куни билан деярли оч юриш, сунгра кун охирида тўйиб овқатланиш, инсон организмининг заифлашувига олиб келади. Овқат ҳазм бўлмаслиги ҳам худди шундай ҳаёт тарзини кечирадиган кишиларга мос касаллик. Овқатланиш маданиятига аҳамият бермаслик натижасида меъдада овқат ҳазм бўлмайди. Америкалик бир неча олимлар 2-3 йил мобайнида инсон меъдаси қанақа овқат, қанча вақтда ҳазм бўлишини шундай деб изоҳлашган. Кўп овқатлар тез ҳазм бўлавермас экан. Масалан: қовурилган бузоқ гўшти 4 соату 49 дақиқада ҳазм бўлади, тузланган карам 4 соату 30 дақиқада, чўчқа гўшти 4 соату 26 дақиқада, гилос, шафтоли ва олхўри эса 3-4 соатда ҳазм бўлар экан.
Мол гўшти ва пишлоқнинг ҳазм бўлиши учун 3-4 соат, тухум, олма, нок ва хом балиқнинг сингиши учун 1 соатча вақт керак экан. Соғлом кишиларнинг, беморларнинг овқатланишини тўғри ташкил этиш лозим. Овқат ҳазм бўлмаслигининг асосий сабабларидан бири, палапартиш овқатланишдир. Бу одат турли касалликларни келтириб чиқаради. Масалан, нон билан гўшт, тухум билан картошка, хамиртурушдан бўлган овқат билан ширинликлар, мева ва бодринг билан сут ва ҳокозо. Устма-устига овқатланиш спиртли ичимликларни суистеъмол қилиш меъда ишини бузади. Касалликни даволашда табиат неъматларидан фойдаланиш ижобий натижа беради. Худованд меҳрибон ва ғамхўр. Агар диққат қилиб қарасангиз У табиатда биз учун шифобахш бўлган ўсимликларни ўстириб қўйганини кўрасиз.
Қарафс. Халқ табобатида қарафс ўсимлигининг илдизи ва баргидан тайёрланган дамлама-овқат ҳазм бўлишини яхшиловчи, ел ҳайдовчи ва иштаҳа очувчи омил сифатида ишлатилади.
Дамлама тайёрлаш учун оғзи ёпиладиган идишга бир ярим стакан қайнаб турган сув қуйилади-да, устига ўсимлик илдизи ва баргидан майдалаб бир ош қошиқ солинади ва 4 соат дамлаб қўйилади. Сўнг докадан сузиб бир ош қошиқдан ичилади. Седана ҳам овқат ҳазм бўлишига яхши ёрдам беради. Ярим литрли чойнакка озгина қора чой солиб, устига 20-25 дона седана солинади кейин қайноқ сув қуйиб, 3-4 дақиқа дамланади, чойга ўхшатиб овқат ҳазм қилдириш учун ичилади. Эрмон сафрони суради, овқат ҳазми бузилишини яхшилайди. Халқ табобатида дамлама тайёрлаш учун оғзи ёпиладиган идишга 2 стакан қайнаб турган сув қуйиб, устига қуритилган ва майдаланган эрмон ўсимлигининг ер устки қисмидан 1 чой қошиқ солиб, дамлаб, чорак стакандан ичилади.
Хўшбўй ва ёқимли олмали чой ҳам кишини бардам қилиб, овқат ҳазм қилади, ошқозон, жигар ва ичакни мустаҳкамлайди, ҳам иштаҳани очади, олмани паррак-паррак қилиб кесиб, чойнакка солинади устига озгина қора чой солиб, қайноқ сув қуйиб бир оз дамлаб асал ёки бошқа ширинлик билан чойга ўхшатиб ичилади. Овқат ҳазм бўлишининг энг оддий ва энг осон йўли бу кечки соат 6 дан кейин овқатланмасликдир. Инсон организми соат олтида олинган овқатни кеч соат 10 гача ҳазм қилади. Организмдаги ошқозон, ичак, жигар, ўт пуфаги ҳаммаси овқат ҳазм қилиш учун зўриқиб ишлайди. Кечки соат олтидан кейин овқатланиш, жигар, ошқозон, ичакларни зўриқтириб қўяди. Инсон организми кечки 10гача ўз ишини бажариб бўлгач, кейинги кунга тайёрланади. Соғ – омон бўлай десангиз, кундалик ҳаёт тарзингизга аҳамият қилинг.