MP3

Ишаё Худонинг улуғворлигини кўргач, ўзининг нақадар гуноҳкор эканини англади ва гуноҳларига тавба қилди. Ишаё учун бу энг яхши ва вақтида қилинган иш эди. Агар у нопок оғзи билан Худони улуғлаганида, худди Уззиёнинг муқаддас хонага кириб хушбўй тутатқи тутатгани билан баробар бўларди. Ишаё ҳам гуноҳли ишлар қилишда, атрофидаги одамлардан қолишмасди. Худо уни нима учун танлаган экан? Нуҳга ўхшаш одам бўлгани учунми? Бундай бўлмаса керак. Худо уни танлаганининг сабаби у ҳам атрофидаги бошқалар каби гуноҳкор эди. Одамларга гуноҳлари ҳақида ўзи ҳам гуноҳкор бўлган ва Худодан юз ўгирган одамдан бошқа ким ҳам яхшироқ гапира олади?! У ҳам атрофидагилар каби гуноҳкор эди. Аммо улардан фарқи яхши таълим олган ва ўз фикрида қатъий турадиган киши эди. Бошқа томондан эса атрофидагилардан ва сиз-билан биздан фарқ қилмас эди.

Кейин эса бир куни Худони: «Ўз тахтида юксалган ҳолда кўрди». Худо шундай. У улуғвор, қудратли ва юксалган. Бундан бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Ўша куни Худо Ишаёнинг оғзини поклади. Фаришталар самодаги Муқаддас Макондан қурбонгоҳдан чўғ олиб унинг оғзига текизишди. Ўша ондан унинг қалби ўзгарди, тили яхши гаплар учун равонлашди. Ишаё Йўтам даврида хизматини бошлади. Йўтамдан сўнг тахтга Ахаз чиқди. Ишаё ҳамма шохларнинг қандай бўлганлиги, нима ишлар қилгани ҳақида Ишаё китобида батафсил ёритган. Ахаз ҳукмронлиги даврида биродари бўлган шимолий шоҳлик билан келишмовчиликка боради. Ишаё эса Худонинг иродаси билан бу икки шоҳликни яраштиришга уринади. Аммо қайсар Ахаз биродари билан ярашишни истамайди. Ишаё пайғамбарлик қилган пайтда бир неча шоҳлар алмашди, уларнинг баъзилари бошиданоқ бемаъни ишлар қилишган бўлса, баъзилари бошида Худонинг назарида жуда яхши юришган ва кейинчалик мағрурланиб, Худодан юз ўгиришган.

Лекин барча шоҳларни биргина хато умумлаштирган. Бу Қуддусдаги бегона худоларга атаб қурилган тепаликларнинг буздирилмаганлиги. Худо Ишаё орқали бир неча марта шу тепаликлар ҳақида шоҳларга эслатган, аммо ҳеч бири бу ишни амалга оширмаган. Ишаё қатъиятли сўзидан қайтмайдиган, Худога садоқатли ва маълумотли пайғамбар эди. Бироқ шундай қатъиятли пайғамбар ҳам халқни ва шоҳни нотўғри ишлардан сақлаб қололмади. Қайсар халқ ва ўз билганидан қолмайдиган шоҳ Худога қулоқ солмасдан, гуноҳли ишлар қилишда давом этишди. Ниҳоят бир куни Ишаё шоҳ Ҳизқиёга Худодан шундай хабар келтирди: « Қудратли Худонинг сўзларини тингла: Вақти келади саройингдаги ҳамма нарса ва ота-боболаринг шу кунгача йиққан нарсалар Бобилга олиб келтилади. Ҳеч нарса қолмайди, демоқда Худованд.»»(Ишаё 39:5-6).

Худо Ўз халқини Ишаё орқали кўп марта огоҳлантирди. Бироқ қайсар халқ, Худога бўйсунишни истамади. Ўшанда Ишаё Бобилликларнинг Қуддусга бостириб киришини ва халқининг асир қилиб олиб кетилишини башорат қилган эди. Айнан Ишаё Исо Масиҳнинг туғилиши, ўлими, ва юксалиши ҳақида кўпгина башоратлар қилган. Агар Муқаддас Каломдаги Ишаё китобини бошдан оёқ, синчликлаб ўқиб чиқсангиз, Ишаёнинг қандай одам бўлгани ҳақида аниқроқ тушунчага эга бўласиз. У муқаддас ҳам солиҳ ҳам эмасди. Биз ҳам шундай эмасмиз. Унинг бошқалардан ажралиб турадиган қобилияти ҳам йўқ эди. Орамизда кўпчилигимиз шундаймиз. Худо уни танлаганига маълумоти сабабми? Ўша замонда Ишаёдан бошқа маълумотлилар ҳам бўлган. Худо кишининг қобилиятларига, имкониятларига эмас, юрагига қарайди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top