Ассалому алайкум қадрдонлар. Муқаддас Китобдан жой олган Аюб китоби ҳаётнинг жумбоғини ечиш учун ўта муҳим ҳисобланади. Ҳаётнинг жумбоғи дейишимизга сабаб, агарда ёвуз ва диёнатсиз инсон қийналса, қилган гуноҳлари учун жазо олаяпти, деймиз. Бироқ ҳеч кимга зиёни тегмаган солиҳ киши азобда қолса-чи, бу чиндан ҳам муаммо. Муқаддас Каломдаги Аюб китоби ва Аюб пайғамбарнинг ҳаёти: «Нима учун солиҳ киши азоб чекади?», — деган саволга жавоб беради. Француз адабиётшуноси Виктор Хюго Аёб китоби ҳақида шундай деган эди: «Агар эртага ҳамма адабий асарлар йўқ қилиниб ташланса ва менга фақат биргина китобни сақлаб қолиш имкони берилса, мен Аюбни танлаган бўлардим.» Аюб китобининг қаҳрамони Аюб пайғамбар ўйлаб топилган эмас. У чиндан ҳам ҳаётда яшаган шахс.
Кўпгина олимлар буни Мусо пайғамбар ёзган, деб ҳисоблашади. Бироқ фикримизча бу китоб патриархлар даврида ёзилган, чунки у ерда Мусонинг даврига оид ҳеч нарса эслатилмаган. Демак, Аюб пайғамбар Мусодан ҳам олдин яшаб ўтган. Аюб, ҳамма зарур нарсаларга, мол-дунё, фарзанд ва соғлиққа эга шахс бўлган. У ҳаётида бўлиб ўтган қийинчиликларга руҳан кучли бўлгани учун дош бера олди. У юз бераётган офатлар, қийинчиликлар нима сабабдан келаётганини билмасди, бироқ Худо менинг ҳаётимга яхшиликларни жўнатгандек, ёмон нарсаларни жўнатиши мумкин. У Худо – нима қилса ҳам ҳақли, деб ўйлаган. Шунинг учун ҳам бизлар худди Аюбдек, ҳаётимиздаги қийинчиликларни нолимасдан, худди Худодан яхшиликлар қабул қилгандек қабул қилишимиз керак. Аюбнинг дўстлари уни кўргани келишди.
Қаранг, биз бугунги урф-одатларимизга, менталитетимизга қарайдиган бўлсак, касал пайтида, бошига оғир кулфат тушганда яқинларимиздан хабар оламиз. Бу бизнинг қон-қонимизга сингиб кетган одат. Аюбнинг даврида ҳам яқинлардан хабар олиш одат бўлган экан. Худо шайтоннинг ташаббуси билан Аюбни синаш учун касаллик юборганида дўстлари уни атрофидаги одамлардан ҳам энг гуноҳкори бўлса керак деб хисоблашди. Чунки ўшанда яқин атрофда бунчалик қаттиқ касалланган одам йўқ эди. Шунинг учун ҳам улар Аюбни, катта гуноҳ қилганликда айблашди. Аюб эса гуноҳсизлигини таъкидлаб тураверди. У ишонч билан солиҳ киши эканини, Худо солиҳга азоблар юборишида бир сабаб борлигини тушунтиришга ҳаракат қилди. Чиндан ҳам Аюб солиҳ киши эди.
Худо унинг ҳаётига ёмонликлар келишига йўл қўйган бўлса ҳам, Худога тақдиридан нолимади. Худо бугун ҳам ўшандай Худо. У солиҳнинг ҳаётига қийинчилик қўяр экан, бунинг замирида катта ва буюк мақсад бор. У шу қийинчиликлар орқали солиҳнинг характерини шакллантиради, Ўзига яқинлаштиради. Шайтон Аюбнинг солиҳлигини кўролмай, Худо орқали унга азоблар ва кулфатлар юборади. Бу билан Аюб Худодан узоқлашадими, йўқми билмоқчи эди. Азизлар агар Худо ва унинг пайғамбарлари ҳақида кўпроқ билишни истасангиз бизнинг www.najot.com сайтимизга киринг. У ердан сиз Аюб ҳақида ҳам билиб оласиз. Худо ўшанда Аюбни синаганини ҳаммамиз биламиз. Бу формула ўзгарган эмас. Ҳақиқий характерни синовдан ўтказиш илоҳий режага киради. Қадрдонлар Аюб пайғамбар ҳаёти ва характерини кўриб чиқиш суҳбатимизни кейинги сафарга қолдирамиз. Асло ўтказиб юборманг. Ҳамма қизиқ маълумотларимиз ҳали олдинда.