Болаларнинг ҳаммаси ҳам фариштадек беозор бўлмаслиги сир эмас. Уларнинг кўпи аёрликни қотиришади: ҳар иш қодир катталарнинг югуриб келишлари ва улар учун ҳамма ишни бажариб қўйишлари йўлида ўзларини заиф қилиб кўрсатишади. Шу тариқа аста-секин ҳаётга нисбатан ўзига ҳос қараш пайдо бўлади: агар кимдир елкасида кўтариб кетса, нега энди ўша елкада бемалол ўтириш мумкин эмас? Эҳтимол бунақа нуқтаи назар яшаш учун қулай ҳамдир, аммо одамнинг ўзи ҳам нимадир қилиши керак-ку, ахир! Қизалоқ ўзининг эпсиз бармоқчаларини бўйсунмаётган тугмачалари билан кураша-кураша охири йиғига тушади: «Ойижон, қадаб қўйинг, эплай олмаяпман!» Болакай майда қисмллардан ҳосил қилинадиган суратни йиғяпти, аммо мураккаб сурат чиқмаяпти, шунда у тушкунликка тушиб, таслим бўлади ва тасвирнинг ўзи йиққан қисмини сочиб ташлайди.
Шу тариқа у ўз ожизлигини тан олади ва катталарни ёрдамга чақиради. Тугмаларни қадаш ёки мураккаб суратни йиғиш биздан нозик ҳаракатлар кўникмасини талаб қилади, биз – катталар беихтиёрий тарзда бажарадиган ишлар болалар учун катта меҳнатдир. Майда ҳаракатларни бажариш қобилияти тўғридан-тўғри бош мия фаолияти билан боғлиқлигидан ота-оналарнинг хабарлари бордир, албатта. Инсон бармоқлари билан майда ҳаракатларни қанча кўп бажарса, унинг ақлий ривожланиши шу даражада яхши бўлади. Шу сабаб бола нолигани заҳотиёқ дарров ёрдамга шошилманг. Яхшиси, унга «Кел, иккаламиз бирга қилишга уриниб кўрамиз», дея таклиф қилганингиз мақсадга мувофиқ. Хитой ўгитларидан бирида «Сўровчига балиқ эмас, балки қармоқ беринг, токи у ўзи балиқ тутишни ўргансин», дейилади. «Масалани ишлай олмаяпман!» дея хитоб қилган ўқувчига катталар «Сен аввал уриниб кўр!» деганлари маъқул.
Одатда дарсликлар устида бир оз тер тўкканидан кейин бола барибир тўғри ечимни топади. У ахир ҳар доим ниманидир ўзи бажаришга қодир! Сиз эса унга бу имкониятни топиб беринг. Қисман бўлса-да, бир ишни охиригача етказа олса, унда «Менигн ҳам қўлимдан келади!» деган ишонч пайдо бўлади, бу эса болада ўзига бўлган ҳурматни оширади, ҳатто миттигина ютуқлари учун ҳам болакайни мақтаб қўйишни унутманг. Баъзида болалар ўзини ожиз қилиб кўрсатиши мумкин. Баъзан эса катталарнинг ўзи болани шу қадар ғамхўрликка кўмиб юборишадики, ҳатто ортиқча бир қадам босгани қўйишмайди. Баъзи оналар болаларини ўзларига бўйсундиришни шунчалик яхши кўришадики, ҳатто пенсия ёшига етган ўғлига ҳам буйруқ бериш пайидан бўлишади.
Бу – ўзининг қандайдир аҳамиятга эгалигини ҳис этишнинг ягона йўлидир. «Майли, ҳеч бўлмаса, дунёда биргина инсон – ўз болам менга бўйсунсин», — дейишади улар. Болалар майдончасидаги буви икки ёшлардаги неварасини арғимчоқ учириб бўлиб, бошқа ўйинлар томон етаклади. Болача эса ер депсиниб, яна арғимчоқ учишни истаётганлигини билдирди. Буви эса: «Менга феълингни кўрсатмай қўя қол», — деб уни мажбуран бошқа томонга судраб кетди. Хўш болакайнинг тақдири нима бўлади. Биринчи таҳмин: болакайнигн феъл-атвори бувисиникидан кучлироқ бўлса, у мунтазам равишда катталарнинг босимидан озод бўлишга ҳаракат қилади ва қайсар, ўзбилармон, шаддод бўлиб вояга етади. Иккинчи тахмин: феъли заифроқ бўлган болакай қулдек мўмин, катталарнинг чизган чизиғидан чиқмайдиган, мустақил фикри йўқ бўлиб улғаяди. Болаларингизнинг бундай бўлишини истамассиз, албатта?