3:27

Дарҳол жавоб берманг

MP3

Фараз қилайлик, ўсмир фарзандингизга ишонганингиз учун унга кўп нарсага рухсат бергансиз. Фарзандга эркинлик берганда ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда қилгансиз. Ҳар бир ҳолатда сиз у ёки бу жавобни берганингизда фарзандингиз бу сизнинг инжиқлигингиз эмас бирор нарсага асосланиб бундай деётганингизни тушунади. Ота-оналар баъзида ўзлари сезмаган ҳолда инжиқлик қилишади. Фарзандининг у ерга боришини истамаяптими, рухсат бермайди, тамом. Фарзандингиз ҳар доим ўзини тўғри тутса, ишончингизни оқлаган бўлса, бундай инжиқликлар қилишингиз тўғри эмас. Фарзандингиз ҳам келажакда сиздан ўрнак олишини истасангиз, ҳар бир жавобингиз учун сабаб бўлсин. Шунда у сизнинг рад жавобини берганингизга бирор сабаб борлигини тушунади. Лекин бунинг ўзи етарли эмас.

Кўпгина ҳолларда қарор қилиш осон бўлмайди. Бир куни дўстимнинг қизи кечки вақтга режалаштирилган зиёфатга бориш учун рухсат сўраганида, дўстим ўйлаб кўриш керак деб жавоб қайтарди. Зиёфат эса ҳафта охирида эди. Қизнинг отаси негадир уни бу зиёфатга юборгиси келмасди. Бироқ юбормаслик учун ҳеч қандай сабаб ҳам йўқ эди. Шунчаки отанинг кўнгли тинч эмас эди холос. Қизига жавоб айтиш вақти келди ҳамки, бирор тайинли жавоби йўқ. Эндигини рухсат беришга оғиз жуфтлаган ҳам эди-ки, қизнинг ўзи «Ҳа, айтгандай, дада, дугонам билан ўзимиз транспортда кетамиз, дугонамнинг дадаси ташлаб қўймас экан»- деб қолди. Ўша заҳоти ота: «Ундай бўлса рухсат беролмайман. Кеч бўлганда ёлғиз юришинглар яхши эмас»,- дея рад жавобини берди. Қиз ҳафа бўлмади. Бориб, дугонасига боролмаслигини айтди.

Шу аснода сизга бир маслаҳат бермоқчиман. Баъзида шундай ҳолатларга дуч келганингизда, кўнглингиз тинч бўлмаса, лекин рад жавобини айтишга бирор сабаб ҳам тополмасангиз, яхшиси жавоб беришни бошқа кунларга қолдиринг. Баъзида бу муаммо ўз-ўзидан ечилади. Ҳаво айниб қолиши, бирор бир етишмовчилик бўлиб, зиёфатлар кейинга қолдирилиши ва, ҳокозо сабаблар топилади. Кўпинча ўсмир фарзандингизнинг ўзи у ерга боришни унчалик истамаётганини шама қилиб қўяди. Ота-она сифатида сиз ўша шамаларни тушуниб олишингиз керак ҳолос. Баъзида ўсмир фарзанд, «бормайман», деб айтиб бошқалардан ажралиб қолишни истамаган пайтда, сиздан ҳимоя сифатида фойдаланади. «Дадам, рухсат бермади» — дейиш улар учун осонроқ кечади. Сиз эса ота-она сифатида қизингиз ёки ўғлингиз сиздан ҳимоя сифатида фойдаланишига йўл қўйишингиз керак.

Бундай ҳолатларда фарзандингизга бирор бир жўяли жавоб айтолмасангиз ҳам, у ёки буни баҳона қилиб ёлғон гапирманг. Биласизки, бу ёшда фарзандларга худди катталар билан гаплашгандек гаплашиш керак. Ўсмир фарзандингизни у ёки бу тадбирга, зиёфатга юборишни истамаганингизда, кўнглингиз ҳотиржам бўлмаганида, бу безовталикнинг сабабини топишга ҳаракат қилинг. Балки сабаби фарзандингизнинг ўзидадир. Балки унинг ўзи бу зиёфатга боришни истамаяпти-ю, барибир сиздан рухсат сўраяпти. Шундай ҳолатлар ҳам бўлиб туради. Ëдингизда бўлсин, бу ҳолатлар ота-она ишончини оқлаган фарзандлар учун тўғри келади. Фарзандингиз бир-икки марта ишончингизни оқламаган бўлса, жавоб беришни кейинга қолдириш шарт эмас. У то ўзини тўғри тутиб, ишончни оқламагунча рад жавобини беришни пайсалга солиб ўтирманг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top