Никотинга тобеликдан халос бўлиш – гриппдан тузалиш билан баробар. Чекишни ташлашда чекувчи учун тўғри танланган маҳсулотлардан таъсирлироқ восита йўқ. Америкалик олимлар озиқ овқатнинг сигарет таъмига қанчалик таъсир қилишини ўрганиб чиқишди. Улар 200 киши орасида сўровнома ўтказиб, баъзи озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилгандан сўнг тамаки чекиш ҳузур баъишламаслигини аниқлашди. Масалан, сут тамаки мазасини ёқимсиз қилар экан.
Алкоголнинг зарари шундаки, у чекиш истагини кучайтиради. Ичимлик қанчалик ўткир бўлса, асаб тизими ўз вазифасини шунчалик тез унутади. Чекишни ташлаган собиқ чекувчи қанчалик тез маст бўлса, яна чекиш истаги шунчалик кучаяди.
Қаҳва, чой, кока-кола каби таркибида кофеин мавжуд бўлган ҳар қандай ичимлик тамакига бўлган интилишни яна уйғотиши мумкин. Гап шундаки, 20-30 дақиқа ичида кофеин организмдан никотиннинг каттагина миқдорини чиқариб юборади. Ҳужайралардаги одатий никотин миқдоридан мосуво бўлган организм мувозанатни тиклашни истаб қолади. Шунинг учун қаҳвахўрлар қаҳва ортидан босиб-босиб тамаки чекадилар. Наркологларнинг фикрича бундай бирикув қаҳва+никотин саломатлик учун ўта зарарли экан. Шунинг учун чекишни ташлашга қарор қилган одам иложи борича спиртли ичимликлар ва кофеиндан сақланишлари лозим. Қаҳва ўрнига мева шарбатлари, спиртли ичимлик ўрнига бир қадаҳ вино ичиш кифоя.
Мусаллас ҳам алкогол лекин унда организмдан тамаки заҳрини чиқариб юборадиган пектинлар мавжуд.
Таомномада клетчатка сероб бўлиши лозим. У мева-сабзавотларда дуккаклиларда ва қора нонда кўп бўлади. Клетчатка организмдаги заҳарларни тўплаб чиқариб юборади.
Ҳазм қилишни тезлаштирадиган маҳсулотларни танланг. Буларга лавлаги, ёрмалар, ўрик, олхўри ва анжир киради. Чунки никотин иштаҳани сезиларли пасайтиради ва одам чекишдан воз кечгач, иштаҳа кучайиб кетади. Шунинг учун ошқозон иши кўпайиб кетганини кўтара олмаслиги мумкин.
Энг асосий вазифа – барча чекувчиларда кузатиладиган С, В, Е гуруҳидаги витаминлар танқислигини тўлдиришдир. Витаминли комплексни сотиб олса ҳам бўлади лекин ошқозон шиллиқ қаватини асрайман десангиз зарур моддаларни табиий маҳсулотлар: сабзавотлар, цитрус мевалар, наъматак, девзира гуруч, соя ва қора нондан олинг.
Иммунитетни тиклаш ва холестерин даражасини пасайтиришда омега – 3 ярим тўйинган аминокислоталарга бой маҳсулотлар ёрдам беради. Булар қаторига биринчи ўринда ёғли балиқ, балиқ мойи, зиғир мойи киради. Асосан сермой балиқ турларини истеъмол қилинг. Ҳатто ёғ солиб консерваланган балиқларни ҳам истеъмол қилсангиз бўлади.