MP3

Ассалому алайкум қадрдонлар. Ҳўшея пайғамбар ҳақидаги суҳбатимизни давом эттирамиз. Агар ёдингизда бўлса ўтган сафар сизлар билан Ҳўшея пайғамбарнинг бузуқ аёлга уйланганлиги, бу аёл Исроил халқининг рамзи экани ҳақида суҳбатлашган эдик. Бугун эса унинг ўзи, оиласи ҳақида батафсилроқ маълумотни эътиборингизга ҳавола қиламиз. Баъзи мутаҳассислар Ҳўшея бошиданоқ бузуқ аёлга уйланган дейди. Баъзилар эса Ҳўшея ўша аёлга уйланганида аёл пок бўлиб, кейинчалик ёмон йўлга кириб кетган, дейди. Уларнинг айтишича, Худо Исроил халқини ўз келини қилиб танлаганида у пок ва солиҳ бўлган. Чунки пайғамбарнинг нопок аёлга уйланиши қабул қилиб бўлмайдиган нарса. Албатта, у солиҳ ва пайғамбарнинг аёли бўлишга лойиқ бўлган аёлга уйланган. Ўша мутаҳассисларнинг фикрича Гомер, яъни Ҳўшеянинг хотини биринчи фарзандини туққанидан кейин ёмон йўлга кириб кетган.

Ҳўшеянинг бу нарсадан воқиф бўлганидаги қалб оғриқларини тасвирлашнинг иложи йўқ. Бир неча йиллар қийналганидан сўнг аёл ўзини қулликка сотиб юборади. Тақдири қанчалик ачинарли! Ëдингизда бўлса бу аёл Исроил халқининг рамзи бўлиб хизмат қилган. Исроилнинг тақдири ҳам шундай бўлади. Пайғамбарларнинг огоҳлантиришларига қарамай, тинимсиз гуноҳ қилишда давом этган Исроил халқи охир оқибат қулликка олиб кетилади. Энди исмларга тўхталсак. Ҳар бир киши ўз фарзандига муносиб, ва ўз маъносига эга бўлган исм қўйишни истайди. Агар қизиқиб кўрган бўлсангиз сизни исмингизнинг ҳам ўз маъноси бор. Шу жумладан Ҳўшея пайғамбар билан унинг эндигина тетапоя бўлган ўғилларини исмларининг ҳам ўзига яраша маъноси бор эди. Улар тез-тез халқ кўзи ўнгида бўлишарди.

Жезрел – бу Ҳўшея пайғамбарнинг бирини ўғлини исми эди. Бу исм «Худо тарқатиб юборади», деган маънони англатарди. Исроил халқи кўп томондан Худонинг огоҳлантиришларини эшитиши ва кўриши мумкин эди. Ҳўшея ўз оғзи билан айтаётганларига қулоқ солмасалар, унинг ўғилларининг исми орқали ҳам келажакда уларни нима кутаётганини англаб олиши мумкин эди. Бироқ бу халқнинг кўзлари кўр, қулоқлари кар эди. Бу пайғамбар ва Исроил халқи ҳақида ўйлар эканман, бизнинг ҳам ҳолатимиз кўз ўнгимга келди. Бугун бизнинг ҳолатимиз ҳам Исроилнинг ҳолатидан қолишмайди. Биз ҳам Худони билган ҳолда Уни эмас бошқа нарсаларни улуғлаяпмиз, Унга эмас ўз дунёвий хоҳиш истакларимизга бўйсуняпмиз. Шундай давом этаверса, охири ёмон бўлишидан қўрқаман. Бироқ бизга худди Ҳўшея ва Еремиядек ўз халқи учун қайғурадиган, яқинлари ва биродарлари учун йиғлаб дуо қиладиган садоқатли юраклар керак.

Ло-руҳамаҳ – бу пайғамбарнинг иккинчи ўғлининг исми бўлган. Бу исм «Раҳм қилинмаганлар» деган маънони англатарди. Ўшанда Исроил халқи Худонинг кимлигини унутиб қўйган ва Худога – уларни қанчадан қанча мўъжизалар билан қулликдан олиб чиққан Худога эмас, ўз ҳарбий кучларига ишонар эдилар. Улар бошқа халқлардан енгилмаймиз, деб ўйлашарди. Қанчалик бугунги кундаги кишиларга ўхшашар экан-а?! Хўш атрофимизда чиндан фақат Худога ишонадиган нечта киши бор? Уларни санаб бероламизми? Хўш, ўзингиз ҳам чиндан фақат Худога ишонадиганлар сафига кирасизми? Муқаддас Каломда, бутун борлиғинг билан фақат Худовандга ишон, ўз кучингга таянма, деб ёзилган. Ҳўшеянинг учинчи ўғлини исми эса – Ло – амми эди. Бу исм «Менинг халқим эмас», деган маънони англатади. Ҳўшея ва Исроил халқининг мисолидан ўрнак олиб, қоқилмаслик учун эҳтиёт бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top