Ассалому алайкум. Жанжаллар қайси оилада бўлмайди дейсиз. Оилавий руҳшунослардан бири шундай деган экан: «Жанжалсиз оила – бу нормал оила эмас». Оиладаги жанжаллар одатда, арзимаган нарсалардан чиқади. Бу сафар жанжал қилишингизга нима сабаб бўлгани муҳим эмас – чунки келишмовчиликлар ҳамма оилада бўлиб туради. Аммо, энг ёмони жанжаллар пайтида жахл шу даражада кучаядики, бирор бир мавзуни тинчгина ҳал қилишнинг имкони бўлмай қолади. Деярли ҳамма жанжалларни уч турга бўлиш мумкин: одатий келишмовчилик. Бу келишмовчилик кутилмаганда арзимаган нарсадан келиб чиқади. Масалан, баланд қўйилган мусиқа ёки телефонда узоқ гаплашишдан. Муқаррар келишмовчилик. Бу келишмовчилик ҳам одатда арзимас нарсадан келиб чиқади, бироқ бу жахл ва асабийлашишларнинг тагида ҳокимият учун кураш ётади. Учинчи турдаги келишмовчилик эса катта ҳаражатлардан, бола тарбиясидаги турлича қарашлардан келиб чиқади.
Бу жанжаллар чоғида нимани истайсиз? Агар ҳар икки томон ҳам бир келишувга келиб, муаммони ҳал қилишни истаса, ҳар қандай жанжални ҳам ҳал қилиш мумкин. Бунинг учун эса охирги марта жанжаллашганингизда ўзингизни қандай тутганингиз ҳақида ўйланг.
Ҳаддан ташқари асабийлашганмидингиз?
Турмуш ўртоғингизни таъналарга кўмиб ташладингизми?
Бошиданоқ ўзингизни ҳақ, деб ўйладингизми?
Турмуш ўртоғингизнинг камчиликларини юзига солдингизми?
Унинг қайсарлигидан асабийлашдингизми?
Охирги гап сизда қолдими?
Бундай пайтда сизнинг ҳар бир «Ҳа» деган жавобингиз сизга минус бўлади. «Йўқ» деган жавоб эса аксинча, жанжални ҳал қилишга ёрдам беради. Агар ҳаддан ташқари жаҳл қилаётган бўлсангиз, бу муаммони ҳал қилишни кейинга қолдиринг. Ўртадаги муаммони ҳал қилиш учун эса аниқ бир вақтни келишиб олинг.
Бундай пайтда асосий мавзудан узоқлашмаган ҳолда муаммони ҳал қилишга ҳаракат қилинг. Суҳбат давомда турмуш ўртоғингизнинг шахсиятига тегмайдиган сўзлардан гапиринг. Энг муҳими турмуш ўртоғингизни яхшилаб тингланг. Унинг нима демоқчи бўлаётганини тушуниб олинг. Ўзингизни турмуш ўртоғингизнинг ўрнига қўйиб кўринг. Агар келишмовчиликларга тўғри ёндаша билсангиз, бу фақат оилавий ҳаётингизга ва турмуш ўртоғингиз билан муносабатларга ижобий натижа беради. Ҳар сафар жанжаллардан кейин ҳар икки томон ҳам ўзига тегишли хулоса чиқариб олиб, бу мавзудаги келишмовчилик кейинги сафар қайтарилмаслигига ҳаракат қилинг.
Мутаҳассисларнинг фикрича, эр-хотин жанжалларидан сўнг бир-бирини тушунишлари осонроқ бўлар экан. Келишмовчиликлардан тўғри хулосага келиб, улардан турмушларини мустаҳкамлашда фойдаланадиган эр-хотинлар энг доно эр-хотинлар хисобланади. Турмушдаги турли хил келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал қилишга ҳаракат қилинг. Оила тинч бўлса эр-хотин иккисининг ишида ҳам, рўзғорда ҳам барака бўлади. Биз эса сизга оилангиз тинч ва фаровон бўлишини тилаб қоламиз.