3:15

Қайноналарга учинчи маслаҳат

MP3

Ассалому алайкум мунис оналар. Ота-онаси гулдек қилиб ўстириб, вояга етказиб, топган-тутганини яхши ниятлар билан сеп-у сарполар қилиб узатиб, хонадонингизга икки қўллаб топшириб кетган бировнинг азиз боласи сизнинг ҳам ўз қизингиз бўлиб қолиши учун аввало бағрикенглик, узоқни кўзлаб иш тутадиган идрок, фаросат бўлиши – ўзингизнинг манфаатингиз. Англаган одамга бу жуда катта ибратдир. Даставвал тузсиз нон қилган келин кейинчалик нон ва патирлар тайёрлашнинг устаси бўлиб кетиши мумкин. Бунинг ҳаммаси қайнонага боғлиқ. Тўғри, жуда кўп аёллар давлат ташкилотларида хизмат қилади, кун бўйи иш билан банд бўлади. Учинчи маслаҳатимиз — бу келинларга меҳмон кутишни ўргатиш. Халқимизнинг энг чиройли фазилатларидан бири – меҳмондўстлик.

Ҳар бир оиланинг, ҳар бир одамнинг саҳоватлилиги, одамшавандалиги, қариндошу яқинларига меҳр-оқибати меҳмон кутишдан кўринади. Меҳмондўстлик – оиланинг кўзгуси. Уйингизга меҳмон келди. У қўни-қўшнингиз, жигарингиз, яқин ёки шунчаки танишингиз бўлиши мумкин. Меҳмоннинг иззат-ҳурматини жойига қўйиб кутишда келинга аввало ўзингиз ибрат бўлинг. Чунки бу борада яхши ибратнинг аҳамияти жуда катта. Баъзан шундай бўлади: кимнингдир меҳмон бўлиб келганини катталардан биронтаси ёқтирмаслиги ва буни бошқаларга очиқ-ойдин ошкор билдириши мумкин. Гарчи бу ҳолат меҳмоннинг ўзига сездирмасдан, кўрсатилмасдан юз берган бўлсада, шу атрофда турган келин учун салбий ибрат бўлади. Вақти келиб у ҳам ўзига ёқинқирамаган одамни хушламай кутиб олиши турган гап.

Шунинг учун «Меҳмон ким бўлишидан қатъий назар, очиқ чирой, ширин сўз, яхши кайфият билан кутиб олиш кераклигини, чунки меҳмон – атойи Худо» — эканлигини ёшлар онгига сингдириш керак.

Меҳмон фақат еб-ичиш учун келмайди. Шунинг учун унинг ҳурматини дастлаб кириб келган пайтдан жойига қўйиш шарт. Хурсандчилик, хушмуомалалик билан кутиб олиш, унинг ташрифидан жуда хурсанд бўлганингизни айтиш, тоза кўрпачалар солиб таклиф этиш, балки алоҳида уйга олиб кирарсиз…- буларнинг ҳаммаси сизнинг инсонийлигингиз, меҳмоннинг ҳурматини бажо этишингиз нишонаси. Бундай пайтда сиз келинни чаққон ва кулиб юриб хизмат қилишга ўргатинг.

Бир қарашда оддийгина ҳолатларга ўхшайди, лекин сиз келининингизга меҳмон келганда нонни жуфт олиб келишдан тортиб дарров иссиқ чой дамлаб келишгача, узоқ йўлдан ё кўчадан чарчаб, чанқаб келган меҳмонга табассум билан оз-оздан чой қуйиб узатишгача ўргатишдан эринманг. Юқорида айтилганидек, меҳмон танламанг. Дастурхонга ҳам борингизни қўйинг. Рўзғордаги масаллиқларингизга қараб бир таомга уннанг. Бу ишларингизнинг барисини ўринлатаркансиз, бир гап доимо ёдингиздан бўлсин: Ҳар битта яхши иши, табассуми, одоби, чаққонлиги учун меҳмоннинг олдида келинингизни мақтаб қўйинг. Келинингизнинг ҳар бир яхши ишини одамлар олдида ҳам, иккингиз ёлғиз қолганда ҳам рағбатлантириб қўйиш одатингизга айлансин. Бу келинингизнинг хонадонингизга киришиб кетишига ёрдам беради.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top