Тадқиқотларнинг кўрсатишича, боланинг қобилият ва қизиқишларига кичкиналигидаёқ туртки берилса, қўллаб-қувватланса, улар кейинчалик геометрик прогрессия асосида ривожланиб бораверар экан. Япониялик машҳур педагог ва тадбиркор Масару Ибука мана шу тезисни ҳақиқатга айлантира олди. Масару Ибука шундай ёзади: «Фарзандларимиз улғаяр экан, бир неча тилда эркин ва бемалол гаплаша олишлари, сузиш, отда чопиш, скрипка чалишни юқори профессионал даражада бажаришларига эришиш учун уларни яхши кўришимиз, уларни ҳурмат қилишимиз ва уларнинг ихтиёрига ўргатмоқчи бўлган барча нарсаларимизни яратиб беришимиз шарт.» Кўпгина тарбиячилар бир қатор ҳатоларга йўл қўйишади, уларнинг энг асосийси эса – қаттиққўллик ва эркин қўйиш даврини алмаштириб юборишади.
Ҳатто бугунги кунда ҳам тараққийпарвар деб ҳисобланувчи руҳиятшунос ва педагогларнинг кўпчилиги кичкина болани онгли равишда ўқитишни нотўғри – дея баҳолайдилар. Уларнинг фикрича, маълумотларнинг кўплиги боланинг асаб тизимига салбий таъсир кўрсатади, шу боис уни ўз ҳолига қўйган маъқул. Ваҳоланки Масару Ибуканинг таъкидлашича, бунинг тескариси бўлиши керак.
Ота-оналарнинг болага таъсири болалар боғчасига боргунча давом этиши керак. Кичкиналигида эътиборсиз қолдириб, сал улғайгач, босим ўтказиш боладаги иқтидор ва қобилиятни сўндириши, ҳамда унда қаршилик уйғотиши мумкин. Боланинг хоҳишини эътиборсиз қолдирмаслик керак. Йўқса, бир умр унинг қалбида ўз кучига ишончсизлик уруғлари ниш уриб қолади.
Ота-оналарнинг бурчи – боланинг ўзига бўлган ишончини уйғотишдан ҳамда унга кўнглига ёқадиган нарсани танлаш имкониятини яратиш учун кенг шароит яратиб беришдан иборатдир. Ҳеч қачон бола билан чучук тилда гаплашманг. Агар катталар фарзандлари болаларча тилда бошқа тилдаги гапни тушунмайди, деб ҳисоблаб у билан шундай мулоқот қиладиган бўлишса, унда тўғри тил, мулоқот кўникмалари шаклланмай қолади. Болани эътиборсиз қолдириш, уни эркалатишдан ҳам ёмонроқдир. Керагидан ортиқ эътибор ва ғамхўрлик болани асабий ва уятчан қилиб ўйишини исботловчи мисолларни кўплаб келтириш мумкин бўлсада, барибир, меҳр-муҳаббат билан тарбияланган бола жамиятга тезроқ кўникади ва мослашади, улғайгач ҳам ўзига ишончи юқорироқ ва меҳрибонроқ бўлади.
Тарбия отанинг ҳам, онанинг ҳам иши бўлмоғи шарт. Боланинг тарбияси ва унинг ривожланишига кўмак бериш юмушлари тўлалигича онанинг зиммасига юклаб қўйилган, ота эса баъзи-баъзидагина турмуш ўртоғининг илтимоси билан бу жараёнга қўшилиб турадиган оилаларда чин маънода яхши инсонни вояга етказиш мушкул. Бу борада ҳар қандай вақт етишмовчилиги-ю, ишдан чарчаб келишни баҳона қилиш ярамайди. Оталар фарзандлари билан кўпроқ мулоқотда бўлишга вақт топа олишлари шарт. Бола ўз иродасини намоён этиши ҳолатларининг сабаблари бўлади. Агар ота-она боланинг туйғуларини, ҳисларини ҳисобга олмаса, кичкинтой қониқиш ҳосил қилмайди. Бундай вазиятда ота-онанинг вазифаси болага босим ўтказиш эмас, балки тушкунликнинг сабабини йўқотишдан иборат бўлиши керак. Тарбиянинг Японча усули ҳақидаги маълумотлардан кейинги сафар боҳабар бўласиз.