3:21

Технология ва бола

MP3

Тараққиёт – давр талаби. Замон ривожланиб бориши билан бир қаторда техника ва технология ҳам такомиллашиб бормоқда. Айниқса телевидение ҳаётимизда муҳим аҳамиятга эга эканлиги ҳаммага маълум. Гарчи куни бўйи ишлаб чарчаб қолган бўлсакда экран қаршисига ўтириб севимли сериалимизни кўрганда чарчоғимиз чиқиб кетади гўё. Болангиз айтаётган гапига эътибор бермаслигингиз мумкин, лекин телевизор орқали намойиш этилаётган кўрсатув ёки фильмнинг бирор бир сўзи, ҳаракати назарингиздан четда қолмайди. Фарзандингиз ҳам худди шундай Сизнинг гапларингизни, танбеҳларингизни уйқусираганча эшитадиган болангиз, телевизор кўришга келганда тетиклашиб қолади. Нима сабабдан болалар ойнаи жаҳонга бунчалик боғланиб қолган? Экран орқали берилаётган чет эл фильмларию, кўнгилочар кўрсатувлар бола тарбияси, руҳияти ва соғлиғига қанчалик таъсир кўрсатади?

Бу саволга жавобни телевизорига турли хорижий каналларни улатиб, фарзандларига экран олдида 1-2 соатдан ортиқ ўтиришига рухсат берадиган ота-оналардан олиш керак. Сабаби кун давомида ишдан, турмуш ташвишларидан ортиб, боласига етарли эътибор бера олмаган ота-она, фарзандининг ягона дўсти ва овунчоғи – телевизор бўлиб қолаётганига айбдордирлар. Боласининг боғча ёҳуд мактабидаги аҳволни билишни ҳам истамаган, унга китоб ўқиб бермаган ота-она фарзанди қандай тарбия олиши мумкин? Бола мактабдан кейин дарс қилмаса-қилмайди, аммо ярим тунгача ўтириб жангари фильм кўради. Тарих китобини ўқимайди лекин кўрган фильмини кейинги куни ўртоқларига дарс пайтида гапириб беради. Баъзи ота-оналар учун кино кўриш фарзандига ёрдам беришдан кўра муҳимроқ.

Ўғил – қизининг оми бўлиб улғайишини олдиндан ўйламай иш қилган ота-оналар борлигини кўриб афсусланиб кетасан киши. Фарзандининг маънан етук ва баркамол инсон бўлиб етишишини кўриш ота-она учун чинакам бахт ҳисобланади. Боланинг бу даражага эришиши учун қуйидагиларга эътибор қаратиш керак бўлади.

Болани таълим олишга қўйган илк қадамидан бошлаб қўллаб-қувватланг. Илк ёшиданоқ фарзанд ниманидир ўрганишга, ниманидир тушунишга ва янги-янги маълумотларни қабул қилиб олишга ҳаракат қилади. Айни шу даврда жуда эътиборли бўлинг. Фарзандингиз ҳамма нарсани тўғрилигича қабул қилиши ва тушунишига ёрдам беринг. Ҳеч қачон у берган саволларга бефарқ бўлманг. Йўқса, унга ўзича жавоб топиб, ножўя ҳаракат ёки гапларни «шу тўғри экан» деб миясига қуйиб олади.

Бола билан жуда кўп шуғулланиш керак. Унинг маънавий ва руҳий дунёқарашини ошириш учун болага хос бўлган амалларни бажариши кераклигини уқтириш керак.

Телевизор ва компьютер қаршисида михланиб қолишига йўл қўймасдан, уни эртак, турли китоблар, болалар кўрсатувларига қизиқтиришга ҳаракат қилинг. Вақтида тўғри йўл-йўриқ кўрсатишга ҳаракат қилинг. Болалигидаёқ йўл қўйган ҳар бир қадамини назорат қилинг. Хоҳ у билим олиш борасида, хоҳ ҳаёт масаласида мурожаат этсин маслаҳатингизни аяманг. Билмаган саволингизга жавобни биргаликда излашга ҳаракат қилинг. Техника, технология билан эмас, авваламбор қизиқарли ва фойдали китоблар билан таъминланг. Умуман компьютер ёки телевизор қаршисида ўтирмаслиги керак демаймиз, бироқ қаерда бўлса ҳам болангиз фақат ўзи учун фойдали бўлган маълумотларни оладиган бўлсин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top