Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Яна сиз азизлар билан радио тўлқинлари орқали учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Бугун мен Ғолиббек сизлар билан радио қаршисидаман. Ўйлайманки, жамоатлар орасида етакчи деган сўз яхши таниш бўлса керак.
Хозирги кунда кўпчилик ушбу сўзни сал бошқачароқ айтишмоқда, яъни хизматчи деб. Кўпчилик масиҳийлар, қайсидир маънода хизматчилардир. Балки сиз ўзингизни буюк хизматчи ҳисобламассиз. Лекин сиз Раббимиз Исо Масиҳ билан кечираётган ҳаётингизга диққат қилиб эътибор билан қарасангиз, кичкина бўлса-да ниманидир бошқараётганингизга гувоҳ бўласиз.
Балки бу якшанба мактабидаги кичкина болалар гуруҳи бўлиши мумкин. Ёки болалар орасидаги қандайдир хизматми, жуда бўлмаганда оилангиздаги ўз фарзандларингиз орасидаги хизмат бўлиши мумкин. Агар кимдир сизнинг ёнингизга маслаҳат сўраб келган бўлса, тўғри насиҳат қилиш ҳам хизматнинг бир тури бўлиши мумкин.
Агар шуларни ҳисобга оладиган бўлсак, ҳар биримиз қайсидир маънода хизматчидирмиз. Шу билан бирга ҳар биримиз яна кимгадир бўйсунувчидирмиз. Ҳар биримизнинг бошлиғимиз Самода доимо нур сочиб турувчи Худованддир. Инсон ҳеч қачон кимгадир бўйсунмай яшаши осон эмас. Чунки дунёдаги инсонлар ҳам давлат олдида ва қонун қоидалар олдида бўйсунадилар.
Масалан якшанба мактабида хизмат қилувчи ўқитувчи чўпонга ёки якшанба мактабининг директорига бўйсунади. Бировга бўйсуниш ва хизматчи бўла олиш ҳам бир саънатдир. Ҳурматли радио тингловчи биродар, балки орамизда кимдир шу айтиб ўтган масалалар бўйича қийналаётган бўлиши мумкин. Шундай пайтларда яхши маълумотга эга бўлган биродарлар билан маслаҳат қилиш катта ёрдам беради.
Шуни доимо ёдда тутмоғимиз керакки, ҳар бир инсон ҳаёти давомида ўрганади. Шу жумладан сизга маслаҳат бераётган киши ҳам. Азиз дўстлар, агар ҳар бир хизматчилар орасида соғлом муносабат ҳукм сурар экан, хизматимизда ҳам унум бўлади. Чунки ўзаро аҳилликни кўриб турган Худованд ҳар биримизни янада марҳаматлайди.
Бугунги кунда Раббимиз Исо Масиҳнинг жамоати ва т урли хил масиҳий ташкилотлар хизматчиларга муҳтождир. Лекин масиҳий болалар ва ёшлар орасида хизматчи бўлиш орзусидаги инсонлар кўплаб топилади. Азиз биродарлар, вақти соати келиб, ўз ўрнингизни ана шундай қобилиятли ёшларга беришдан чўчиманг. Улардаги қобилиятни кўрганингизда, Раббимизнинг таълим-тарбияси билан тарбиялашга ҳаракат қилинг. Шунда Худованд кўрмоқчи бўлган масиҳий ташкилотлар ва жамоатлар пайдо бўлади. Азизлар, Отамиз Худованд ҳар биримизга донолик ато этсин. Шунинг билан бугунги эшиттиришимизга якун ясаб, сиз азиз радио тингловчилар билан хайрлашамиз. Хайр саломат бўлинг.