3:02

Руҳий ғалаба 25

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Эфирда руҳий жангга бағишланган мавзуларимиздан бири. Микрофон олдида эса мен Ғолиббек. Ёвуз руҳларнинг бир-бирига қарама қарши бўлган ва доимо адаштириладиган икки хил тури мавжуддир. Биринчиси, кимлардир ёвуз руҳларнинг мавжудлигига ишонмасалар, яна кимдир ишонади, лекин уларга унчалик эътибор қилмайди.

Ёвуз руҳларнинг ўзи эса ҳар иккисидан ҳам қониқади. Минг афсуслар билан айтишимиз мумкинки, мана шу юқорида айтиб ўтганларимизни ҳозирги кунда жамоатларда кўришимиз мумкин. Жамоатлардаги айрим имонли биродарларимиз масиҳийлик руҳий жангдан иборат эканлигини тушунишни хоҳламайдилар. Бундай бўлишининг асосий сабабларидан бири — ҳамма нарсага, шунингдек руҳий жангга ҳам бефарқ бўлишидадир.

Азиз биродарлар, агар сизнинг ҳаётингиз ўзингизга яраша кичкинагина дунёнгизда осойишта ва ҳар хил муаммоларсиз кечаётган бўлса, шуни билингки, ер юзи жуда катта ва дунёдаги бошқа инсонлар руҳий жанг қилмоқдалар, кўпчилик инсонлар ёвуз руҳнинг қуллиги остида ҳаёт кечиришмоқда. Шайтон ўзидаги бор кучини кўпинча дангаса ва руҳан кучсиз, имонда мустаҳкам бўлмаган биродарларга қаратади.

Шундай ҳужум пайтида биродарларимиз шайтонга қарши жанг қилиш ўрнига яшириниб писиб ётсалар, шайтон ўзининг ғолиб чиқаётганини сезиб, янада ғурурланади. Худди шундай муаммони кўплаб жамоатларда ва биродарларимиз орасида учратишимиз мумкин. Биродарлар бир-бирлари билан хоҳлаган мавзулари ҳақида соатлаб суҳбат қилишлари мумкин.

Лекин нимагадир доимо руҳий жангга, ва шайтон биродарларимизга ўзининг аёвсиз ҳужумини бошлаганига эътибор қилмаймиз. Гўёки, бу бизга ўша биродарнинг шахсий муаммосидек бўлиб кўринади. Бундай бўлишининг асосий сабабини мен шунда деб биламан. Ҳозирги кунда кўпчиликни дунёдаги қизиқишлар ўз домига тортиб кетмоқда. Мен яқинда бир чўпон билан гаплашганимда, шу нарсага гувоҳ бўлдим.

Чўпон биродаримиз шундай деб айтади: “Мен ўйлаган эдим, аввал уй-жой сотиб олишим керак, уй сотиб олдим, энди уйланиб бол-чақали бўлишим керак, уйландим, чиройли болаларим ҳам бор. Энди машина сотиб олишим керак, яхшигина машинали ҳам бўлдим. Энди ҳамма нарсам бор, тинчгина Худовандга хизмат қиламан деган пайтим, кўзимга уч хонали квартирам кичкина бўлиб кўрина бошлади.

Демак, ховли сотиб олишим керак. Машинам ҳам анча эскириб қолди, энди янги ва замонавийроқ машина олишим керак. Келажакда болаларимга яхши мерос қолдиришим учун шахсий бизнес ташкил қилмоқчиман”. Хуллас дунё мени тўлиқ ўз домига тортиб кетмоқда. Яхшиямки, ўз вақтида ҳаммасига тушуниб етдим. Азизлар, ёдингизда бўлсин: шайтон бор экан, руҳий жанг давом этаверади. Хайр.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top