Ассалому алайкум азиз радио тингловчи. Яна ҳаво тўлқинларида сиз азизлар учун берилиб борилаётган эшиттиришларимиздан бири. Микрофон олдида мен Ғолиббек. Шайтон нафақат Раббимиз Исо Масиҳга қаршилик кўрсатган. Ҳозирги кунда ҳам бутун одамзотга ўзининг ёвуз ниятини ва бузуқ фикрларини таъсирини ўтқазмоқчи.
Юҳанно китобининг 1 боби 17 оятида Раббимиз Исо Масиҳ бизларга ҳақиқатни очиқ-ойдин кўрсатиб ўтган. У ерда жумладан шундай ёзилади: “Таврот Қонуни Мусо орқали берилган эди, Илоҳий марҳамат ва ҳақиқат эса Исо Масиҳ орқали зоҳир бўлди”. Шайтон эса айнан шу ҳақиқатни яширишга ҳаракат қилмоқда. Яна Юҳанно китобининг 8 боби 44 ояти шундай гапиради: “Сизларнинг отангиз ибилисдир.
Сизлар ўз отангизнинг нафсу-эхтиросларини бажо келтирмоқчисизлар. Азалданоқ иблис қотил эди. У ҳақиқат томонида турмаган, чунки унда ҳақиқат йўқ. У ёлғон сўзлаганда, ўзига яраша сўзлайди. Чунки у ёлғончи, ёлғоннинг отасидир”. Раббимиз Исо Масиҳ ҳар биримизга абадий ҳаёт бермоқчи, шайтон эса шу ҳаётни олиб қўймоқчи. Шуни яхши билиб олишимиз керак.
Кимки Раббимиз Исо Масиҳга ишонса, у ўлимдан ҳаётсари ўтгандир. Юҳанно китобида айтилганидек, шайтон инсон умрини барбод қилиш ниятидадир. Унда инсон ҳаётини барбод қила оладиган ёвуз куч мавжуддир. Раббимиз Исо Масиҳда эса инсонинг ҳаётида руҳий мева келтириш истаги бор. Раббимиз Исо Масиҳ инсонларга турли синовлар беради, токи биз янада Худовандга яқинроқ бўлишимиз учун.
Шайтон эса инсонларга васваса беради, токи шу васваса домига илиниб, абадий ҳаётдан маҳрум бўлишимиз учун. Масиҳ имонлиларни эркин бўлишини истаса, шайтон шу йўлда адаштиришни, иккиланишимизни хоҳлайди. Азиз радио тингловчи биродар, қаранг қанча қарама-қаршиликлар мавжуд. Шундан ҳам билишимиз мумкин-ки, шайтоннинг энг биринчи мақсади — одамзод Худовандга яқинлашмасин.
Шу мақсад учун у ҳамма усулларни ишлатишга тайёрдир. Ҳозирги кунда ҳам шайтон Масиҳга қаршилик қилишда давом этиб келмоқда. Раббимиз Исо Масиҳ ер юзига иккинчи бор қайтиб келганида, шайтон албатта Раббимиз билан жанг қилишга ҳаракат қилади. Бўлиб ўтадиган жангнинг натижаси эса ҳозирданоқ биз имонлиларга маълум. У ўз мағлублигига абадий оловли олтингугурт ёниб турган кўлга ташланганда билиб олади.
Шайтонинг жойи ўша оловли кўлдадир. Раббимиз ер юзига қайта келгунига қадар ҳар бир масиҳий имонда мустаҳкам тура олса, ёруғ юз билан Исо Масиҳни кутиб олган бўлардик. Шунинг учун 1 Бутрус китобининг 5 боби 8 оятини сизларга яна бир бор эслатиб ўтмоқчимиз: ”Хушёр ва бедор бўлинглар. Душманингиз иблис бировни ютиб юбориш учун излаб, шердай бўкириб кезиб юрибди”. Шернинг бўкириб юришидан мақсад эса ўзига яраша ўлжа топишдир. Шунинг билан азиз радио тингловчи биродарлар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Яна радио тўлқинлари орқали учрашгунча хайр саломат бўлинг.