Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Яна азизлар сиз билан радио тўлқинлари орқали биргамиз. Шундай имконият учун Худовандимизга миннатдормиз. Микрофон олдида мен Ғолиббек. Баъзида биз содир этган гуноҳнинг оқибатлари нафақат ўзимизнинг ҳаётимизга, қолаверса бошқаларга ҳам қаттиқ таъсир қилади.
Масалан агар армияда кимдир қандайдир қоидабузарлик содир этса нафақат унинг ўзи, балки бутун аскарлар жазоланишади. Муқаддас Китобдан биз буни кўришимиз мумкин. Бир кишининг содир этган иши бутун инсониятнинг тарихига ўз таъсирини ўтқазди. Ким экан ўша инсон? Албатта у сизга яхши таниш бўлган Одамдир. У гунох қилди ва бу бутун инсонларга ҳозирги кунга қадар ўз таъсирини ўтқазиб келмоқда.
Гуноҳ нима ўзи? Гуноҳ — бу Худовандга қулоқ солмаслик ва унинг амрларини бузишдир. Одам Худовандга қулоқ солмади ва Унга қарши гуноҳ қилди. Азиз радио тингловчи, бу қандай содир бўлганини эслай оласизми? Одам ва Ҳавонинг қилган гуноҳлари туфайли бутун дунёга гуноҳ кириб келди. Бу дегани бутун ер юзидаги инсоният ҳам гуноҳга ботди деганидир.
Барча одамлар гуноҳ ичида дунёга келади, бу дегани улар Худовандга эмас, балки ўзларининг хоҳишларига қулоқ соладилар. Буни худди футбол ўйинига ўхшатишимиз мумкин. Масалан ўйинчилардан бири яхши имкониятдан фойдаланиб рақиб дарвозасига гол уролмади. Шунинг учун унинг командаси ўз рақибига ютқазиб қўйдилар.
Азизлар, фикрингиз қандай, фақатгина унинг ўзи ютқаздими ёки бутун командами? Сиз билан биз ҳам гўёки Одам Ато билан бир командадамиз. У гуноҳ қилди, шунинг учун бизлар ҳам гуноҳкормиз. Чунки у бизнинг авлодимиздир. Азиз дўстим, сен ҳам гуноҳ ичида дунёга келгансан, шунинг учун ҳам гуноҳ ишлар қилишда давом этяпсан. Балки сен ўйлаётгандирсан мен ҳеч қандай гуноҳ қилмаганман деб. Эслаб кўрчи.
Қачонлардир кимгадир ҳасад қилганмисан? Ёки кимнидир алдаганмисан? Худованд инсонларга берган амрларининг бирида шундай деб айтади: “Бошқаларда бор бўлган нарсани хоҳлама” ёки “Сохта гувоҳлик берма”. Сен бу гуноҳмас деб ўйлаб, содир этган барча ножўя ишларинг Худованднинг кўз ўнгида гуноҳ саналади. Гуноҳнинг катта ва кичиги бўлмайди.
Сен содир этаётган ҳар бир ишинг учун келажакда Худованднинг олдида жавоб берасан. Агар сен яхши ишларни қилсанг кимдир сени мақтайди, лекин аксинча бўлса, албатта, кимдир сени жазолайди. Худованд ҳам худди шундай. Уни айтганларини қилсак доимо У ҳар биримизни марҳаматлайди, лекин қулоқ солмасак Унинг жазоси кутмоқда. Азиз радио тингловчи дўстим, Худованд сенга марҳамат кўрсатишни хоҳлайди. Барча шу кунгача қилган гуноҳларинг учун ундан кечирим сўра. Юрагингдан Унга жой бер. Яна радио орқали учрашгунча хайр.